Spiegel: ‘олмон ширкатлари Ўзбекистондаги болалар меҳнатидан фойда кўрмоқда’

Олмонияда чиқадиган нуфузли «Шпигел» журнали Ўзбекистондаги мактаб ўқувчилари ҳар куз арзимаган пул эвазига пахта далаларида ишлашга мажбурланиши ва олмон ширкатлари бундан фойда кўраётгани ҳақида ёзган.
Ўзбекистонда мактаб ўқувчиларининг ёзги таътили сентябр ўрталарида салқин тушиши билан бошланиб, қарийб икки ой давом этади, аммо бу вақт ичида ўқувчиларнинг кўпчилиги ота-оналарини кўрмайдилар, дея бошланади «Шпигел» мақоласи. Бунинг ўрнига улар ватанга пахта териб беришлари керак, деб ёзади нуфузли олмон нашри.
Мақола муаллифлари собиқ шўролар давридан қолган бу тажриба кузги пахта мавсумида, Президент Ислом Каримов оммани пахта теримига сафарбар қилган пайт бошланишини хотирлатадилар. 2 миллионга яқин мактаб ўқувчилари шўро диктатори Сталин давридан буён «оқ олтин» сифатида билинган пахтани йиғиб олиш учун далага олиб чиқилади.
Табиий газ ва олтин билан бир қаторда пахта Ўзбек элитаси учун қаттиқ валютанинг энг муҳим манбаъларидан бири. Бу йил пахтанинг нархи 140 йил олдин уни сотиш бошланганидан буён энг юқори даражага кўтарилган. Ёш пахтакорлар бундан унча кўп фойда кўришмайди.
Улкан табиий заҳираларига қарамай, Ўзбекистон аҳолиси ҳар доимгидан ҳам қашшоқроқ ҳаёт кечирмоқда
Spiegel
Назира ўтган йил пахтага чиққан пайт бор-йўғи 11 ёшда эди. Бир ой давомида у ўқитувчилари ва бошқа ўқувчилар билан бирга Андижон яқинидаги қишлоқда ҳар куни эрталаб 7 дан бошлаб пахта терган. Болаларга кунига 10 килодан пахта режаси юкланган. «Мен зўрға 3 кило терардим», дея андижонлик Назиранинг сўзларини келтиради «Шпигел». Унга килосига 60 сўм ёки 3 евро центи тўлашган. Назира бир ой ишлаб топган пулини онасига берган. Онаси эса ёнидан қўшиб, унга қишки шапка олиб берган.
«Шпигел» каттароқ ёшдаги мактаб ўқувчиларининг аҳволи бундан ҳам ачинарли экани ҳақида ёзади. Уларнинг ўқитувчилари пахта пулидан уриб қолишади. Пахта режасини бажармаганлар эса калтак ейди.
2008 йил октябрида 17 ёшли Умида Донишева пахта даласи четидаги дарахтга ўзини осиб қўйган. Хабарларга кўра, у ўқитувчиларнинг кўпроқ пахта териш ҳақидаги дашномларига чидай олмаган. «Шпигел» журнали Халқаро Қулликка Қарши Кураш гуруҳидан Жоанна Эварт Жеймснинг «Ўзбекистонда бўлаётган нарса болаларни қўл қилишдан бошқа нарса эмас», деган сўзларини келтиради.
«Гарчи Ўзбекистон Бирлашган Миллатларнинг болалар меҳнатига қарши икки конвенциясини имзолаган ва болалар меҳнатини рад этиб келса ҳам, қишлоқ жойларидаги болалар учун ҳеч нарса ўзгаргани йўқ», дейди Anti-Slavery International ташкилоти вакили.
Ушбу ташкилот яқинда Оврўподаги еттита пахта дилерлари устидан Халқаро Ҳамкорлик ва Тараққиёт Ташкилотига расман шикоят этган. Фаолларга кўра, Ўзбекистондаги болалар меҳнати орқасидан фойда кўрган бу ширкатлар халқаро ширкатлар учун ўрнатилган принципларни бузганлар.
Олмонияда эса Оврўпо Конституцион ва Инсон Ҳуқуқлари маркази йилига 138 миллион долларлик маҳсулот сотадиган йирик пахта дилери Stadtlander га қарши даъво бошлаган. Тошкентда ўз идорасига эга ушбу ширкат Каримов ҳукумати билан яхши алоқаларни ўрнатган.
Аммо «Шпигел»нинг ёзишича, Stadtlanderнинг Ўзбекистон билан яхши муносабатлари Олмония ҳукуматининг сиёсатига мос келади.
Икки давлат ўртасидаги «янги ҳамкорлик» Олмонияни Президент Каримов билан, Афғонистонга йўл олган олмон аскарларини эса Ўзбекистондаги ҳарбий база билан боғлайди. Собиқ коммунист бўлган Каримов сталинча қарашдан воз кечмаган ҳолда капитализмга ўтган, дейди «Шпигел». Мамлакат ичида тузумни танқид қилганлар қайноқ сувга ташланиши даъво қилинган.
Олмон ҳукумати бу янги ҳамкорлик ўзбек болаларининг аҳволига қанчалик яхши таъсир қилгани ҳақидаги саволга жавоб беришни истамайди. Аммо ҳукумат мулозими «мониторинг тизими» ва «доимий мулоқот»ни эслатади, деб ёзади Шпигел.
Нуфузли олмон нашрига кўра, улкан табиий заҳираларига қарамай, Ўзбекистон аҳолиси ҳар доимгидан ҳам қашшоқроқ ҳаёт кечирмоқда.
BBCuzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares