Ёки ичимиздаги мунофиқлар ҳақида
Носир Зокир
Ҳа, ўша сиз билан биз билган Янаев вафот этди. 1991 йилнинг 19 август куни бир гуруҳ ашаддий комунистлар билан бирга Михаил Горбачёвни ҳокимиятдан четлатиб, вақтинчалик ҳокимият раҳбари бўлган, шериклари билан матбуот анжуманида чиқиб, Горбачёв ҳақида ёлғон гапираётганда қўллари қалтираб турган Янаевни кўпчилик эсидан чиқариб юборган эди. Янаевнинг вафоти ўша пайтда бўлиб ўтган баъзи воқеаларни ёдимга солиб юборди. Зеро, бу воқеа 19 йилдан бери Ўзбекистон матбуотида ёритилмай келмоқда.
Бу воқеани ҳеч қачон тарихимиз саҳифаларидан ўчириб бўлмайди. Чунки, бу тарих, бизнинг тарихимиздир.
Янаев раҳбарлигидаги ашаддий комунистлар ҳокимиятни қўлга олгач, ўзбек мухолифати орасида саросима бошланганди. Бу ҳукумат ҳокимиятда туриб қолса бизларни барчамизни қамайди ва бутун иттифоқ бўйича демократлар устидан қатағон бошланади, деган хавотирлар кучайганди.. Ҳатто қамаладиганлар рўйҳати ҳам тузиб чиқилган эди.
Биз вазиятга ойдинлик киритиш, Ўзбекистон ҳукумати позициясини билиш максадида, 20 август куни эрталаб дўстим Рустам Мамадалиев билан Наманган вилоят партия қўмитаси биносига бордик.Чиқиб кетиш пайтида уйдагиларга бу ҳақда айтмадим. Қўшнимга вазиятни тушунтирдим. Агар қайтиб келмасам нима қилиш кераклигини айтдим.
Бизни вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Рустам Сиддиқов қабул қилди. Биз ундан вазият ҳақида сўрадик. У киши ҳозир вазирлар маҳкамасида йиғилиш бўлаётганини, кечқурун телевидениедан янгиликни кўришимизни тавсия қилди. Шундан сўнг айтилган вақтда телевизорда олиб берилган йиғилишни тамоша қилдик. Кўпчилик сўзга чиқувчилар «компартия»ни мақтай кетдилар. Улар янги ҳукумат мамлакатда тартиб – интизом ўрнатиши мумкинлигини гапира бошлашди. Лекин, Ўзбекистон бу вазиятда қандай йўл тутиши мумкинлиги ҳақида гап бўлмади. Бизни бу саволимизга уч кундан кейин жавоб олишимиз мумкинлигини айтишди.
Биз ўша куни милиция ходимлари эшигимизни тақиллатиб келишини кутдик. 21 август куни Чортоғлик рассом, раҳматли Рашид Абдулла менга қўнғироқ қилиб, қуйидаги воқеани айтиб бердилар. У киши 20 август куни Чортоқ тумани «райком» биносини олдидан ўтиб кетаётсалар, бир бўлим мудири у кишини чақириб, «Мана сенларни давринг тугади. Сенларга митинг қилишни кўрсатиб қўямиз, ҳамманг қамаласан», дебди. Борис Елцин раҳбарлигидаги кучлар Горбачёвни Москвага қайтариб олиб келдилар ва ҳокимият қайта Горбачёв қўлига ўтгач, Рашид Абдулло яна «райком»га бориб, ҳалиги гапни гапирган ходимга уч кун олдин гапирган гапларини эслатсалар, у кўпчилик орасида ота-онаси, бола чақасини ўртага қўйиб «Мен бу гапни айтмаганман», деб қасам ичибди.
Бу воқеадан кўп вақт ўтмай, 24 август куни Ўзбекистон халқ артисти Ўринбой Нуралиев тўй қилди. Ишонасизми, санъаткорлардан тортиб амалдорларгача махсус сўз олиб мени роса мақтаб табрикладилар. Улар табриклаб, юзларимдан ўпаверганларидан ҳамма ёғим шилта бўлиб кетди. Аввал «СССРни сақлаб коламиз» деб референдум ўтказганлар, сўнг «мустақил бўлсак Хитой босиб олади», деганлар ҳам, мустақиллик эълон қилингач, ўзини мустақиллликнинг асосчилари, деб ҳозиргача бақираётганлар ҳам, улар орасида бор эди.
Афсуски, ўша кимсаларнинг баъзилари ҳанузгача амал курсиларини эгаллаб ўтиришибди. Узоқни кўра олмаслик, қонунга эмас, балки юқоридан келган буйруққа асосланиб иш кўрувчилар ҳам ўшалардир. Худо кўрсатмасин, эртага бошимизга оғир кунлар тушса, ўзини сафдошларини ҳам, раҳбарларини ҳам, халқни ҳам сотиб юборадиганлар ўша кимсалар бўлади.
Ана шундай кимсалардан эҳтиёт бўлайлик азизлар!



