Носир Зокир
«Айшни нодон суриб, кулфатни доно тортадур»
(Фурқат)
Яқинда дўстлар билан Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманида бўлганимизда ёши қирқлардан ошган Юсуфжон деган йигит бизни Сирдарё бўйича олиб бориб, меҳмон қилди. У йигитни фикрларини эшитган киши, бу йигит олим бўлса керак деб ўйлаши аниқ эди.
Ваҳоланки Юсуфжон ҳатто 10 синфни ҳам битирмаган экан.
«Ота-онадан эрта етим қолиб, ўқий олмадим. Сизларга ўхшаган зиёлилар билан суҳбат қуриш жону дилим»- дейди Юсуфжон.
«Кўрмаган куним қолмади» дея давом этади сўзларини суҳбатдошим. «Россияда бўлдим, Қозоғистонда бўлдим, ҳар хил одамларни кўрдим. Дунёда ёмон кўрганим оғмачи одамдир. Эгри ўсган дарахт ё синади ё қулайди. Мен оғмачиларни ўша дарахтга ўхшатаман. Асли Поп туманилик Аҳмаджон Одилов иккинчи бор қамалган пайтлар, уни олдинги қамалганда Москвада ҳимоя қилган адвокати билан кўришиб қолдим. Ўша пайтлар Наманганга Бухоролик Назир Ражабов Обком котиби этиб тайинланган эди. Адвокат билан танишиб ундан А.Одилов ҳақида сўрасам, – «Мен унақа одамни танимайман» деди. Мен «Ахир, сиз Попликсиз-ку» -десам, ««Мен Поплик эмасман, Бухороликман» деди.
Яқинда ўша адвокатни Наманган шаҳридаги бозорда кўриб қолдим. Саломлашгач, «Ака, ўшанда ҳазилни ҳам бопладингиз-а» десам,
«Мен ҳазиллашмадим. Лекин бир нарсада адашган эканман. Ота авлодим асли Самарқандлик бўлишган экан» деса бўладими. Эҳ, акалар, сиёсатга қараб ўзгарувчан шахслар ҳукумат раҳбарлари учун ҳам, жамият учун ҳам ўта хавфли шахлардир», деди Юсуфжон.
Юсуфжонни иккита файласуфона гапи ёдимда қолди:
1. «Ҳақиқат тилсиз бўлса ҳам гапираверади».
2. «Қалбларни қурол билан эмас, муҳаббат ва олий жаноблик воситасида забт этиш мумкин».
Юсуфжон айтган адвокатни мен ҳам танир эдим. Ҳаттоки, бир дастурхонда ўтириб улфатчилик ҳам қилганмиз. 1998 йили бир гуруҳ диндорларни суди бўлиб ўтаётган эди. Ўша адвокат диндорлардан бирини ҳимоя қилаётган эди. Биз «Би-би-си» мухбири Паҳлавон Содиқ билан судда иштирок этдик. Ҳалиги адвокат сўз олиб, ўзи ҳимоя қилаётган шахсни айби йўқлигини шу қадар жон куйдириб гапирдики, сўзларини эшитган залдагилар уни дуо қилиб ўтиришди. Танаффусда ташқарига чиқдик. Адвокат прокурорга «Аслида бу соқолликларни отиб ташласа ҳам озлик қилади» деганини эшитиб қолдим. Ажабо!
Албатта жамиятда қарама-қарши фикрлар доим бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. Сиёсий режим қарама-қарши ғоялар туфайли ривожланади. Лекин адвокатга ўхшаган иккиюзламачи кимсалар жамият ривожини фақат орқага тортади. Бошингизга оғир кун тушганда сизни сотади. Миллат бошига кулфат келганда эса ўз миллатини ҳам, ҳатто Ватанини сотувчилар мана шу кимсалардир.
Юсуфжонга ўхшаган оддий, самимий инсонлар эса бундай кимсаларни фош этади. Адвокатга ўхшаганларга амал тегиб қолса борми, бутун миллатни худо урди деяверинг. Бундай кимсалар илгари ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор. Бундан кейин ҳам бўлади. Лекин ҳақсизликни кўриб, жим тура олмайдиган олижаноб кишилар ОМОН бўлсин.



