(20 йил олдин нима бўлган эди?)
М Музаффаров
1990 йилнинг 23 сентябрида Наманган шаҳар маркази – Чорсуда жойлашган «Мулла Қирғиз» мадрасаси рўпарасида ўша пайт учун кутилмаган воқеа содир бўлди. Наманган театрининг таниқли актёри, «Бирлик» халқ ҳаракати Наманган шаҳар кенгаши раиси Носир Зокир очлик эълон қилди.
Унинг талаблари қуйидагича эди :
1. Ҳарбий хизматни ойлик оладиган касбга айлантириш , чақирилувчилар ҳаётини суғурта қилдириш ҳамда ҳарбий хизматни республика ҳудудида ўтказиш.
2. Ҳокимият томонидан ноқонуний олиб қўйилган «Бирлик» қароргоҳини қайтариб бериш.
Ўша пайтларда Фарғонада месхети турклари ва ўзбеклар орасида тўқнашувлар келиб чиққан, Қирғизистонда эса Ўш – Ўзган воқеалари бўлиб ўтган эди. Бу воқеалардан сўнг 90 йилнинг сентябр ойигача Наманган вилоятидан 35 аскарнинг жасади келтирилган эди. Бу воқеалар ҳеч қайси Оммавий Ахборот Воситаларида ёритилмас, ҳукумат эса келган аскарларнинг жасадларини ўз назорати остида оила азоларини қўрқитиб ёки кўнглини олиб кўмдириб юбораётган эди.
Очлик эълон қилиш масаласи кўрилиб, уни ким эълон қилиши масаласи кўтарилганда Кенгашнинг 27 аъзоси ҳам жим бўлиб турганда Носир Зокир буни ўз зиммасига олади. Ваҳоланки уни ўша пайтда таниқли санъаткор сифатида халқ ҳурмат қилар эди.
Очлик эълон қилинган куни вилоят партия комитети биринчи котиби Б. Ҳакимов, ижроком раиси С. Тошпўлатовлар келиб Носир Зокирдан очликни тўхтатишни қатъий талаб қиладилар. Театр раҳбарларини, милиция бошлиқларини жўнатадилар. Натижа чиқмагач, Носир Зокир билан бирга ишлаган Норин туманилик Матлуба исмли қизни уйига бориб ундан «Носир Зокир мени номусимга теккан» мазмунида ариза ёздиришга ҳаракат қиладилар. Лекин бу аёл «У одам мени устозим бўлади, менга ўнлаб қўшиқлар ўргатган. Мен у инсонга туҳмат қилмайман» деб айтган. Орада «Наманган Ҳақиқати” газетасида номи зикр этилмаган шахс томонидан бу воқеага бағишланган мақола чоп этилади. Мақолада шундай сўзлар бор. «Носир Зокировни асл муддаоси «Бирлик» қароргоҳини қайта қўлга киритиш бўлиб, у бу асл муддаосига ҳарбий хизмат мавзусини ниқоб қилиб олади. Бунда уни ном чиқариш истаги, омма эътиборини ўзига қаратиш истаги чакана омил бўлмаган» дейилади . Ваҳоланки Носир Зокир ўша пайтда деярли ҳафтада 2-3 марта телевизорга чиқаётган пайти эди. Унга ном чиқаришнинг кераги йўқ эди.
Олти кун ичида Носир Зокирни 3 марта судга чақиришди, уни ортидан юзлаб одамлар боради ва унга чора кўролмайдилар. Уни майдондан олиб кетиш учун турли найрангларни ишга солиб кўрадилар. Охири уни олдига ҳозирда марҳум бўлган онасини олиб келадилар.Онаизор боласини кўриб йиғлаб юборади ва «Даданг раҳматлиям Хоразмда ҳақиқатни талаб қилганлари учун ўрислар томонидан қамалган эдилар. Булар сени дардингни тушинармиди болам» деб ундан очликни тўхтатишни сурайди.
«Бирлик»ни вилоят Кенгаши қарорига кўра ўша пайтдаги раҳбарлар бундай норозиликларни ҳали тушинолмаслиглари, инсонни қадрлаш туйғусидан ҳали йироқ эканликларини инобатга олиб, очликни акциясини тўхтатишга қарор қиладилар.
Олти кун мобайнида норозилик акциясини 7000 нафардан ортиқ фуқоро қўллаб имзо чекади. Бу ҳужжатлар СССР ва Ўзбекистон Олий Кенгашларига юборилади. Кўтарилган масалалар бугунги кўз билан қараганда унчалик муҳим муаммо бўлмаслиги мумкин. Лекин ўша давр учун бундай талаблар билан чиқиш гўёки Ўзбекистон мустақиллигини талаб қилиш билан баробар эди. Тоборо чўкиб бораётган собиқ иттифоқни сақлаб қолиш учун курашаётган раҳбарлар учун эса бу даҳшатнинг ўзгинаси эди.



