АҚШ президенти Барак Обама Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадинежоднинг кўплар 11 сентябрь ҳужумлари ортида АҚШ ҳукумати турганига ишонади, деган даъволарини «адоватли» ва «тажовузкорона» дея баҳолади.
Жаноб Обама бу ҳақда Эрон ва Афғонистонга ёйинланувчи Би-би-си Форс телевидениесига берган экслюзив интервьюси чоғида айтган.
Маҳмуд Аҳмадинежод БМТ Бош ассамблеясида пайшанба куни маъруза қилар экан кўплар ассамблея залини тарк этишган эди.
Эрон президети кейинчалик ўз даъволарини ҳимоя қилиб чиқди ва ҳужумлар юзасидан текширувлар ўтказишни талаб қилди.
«Ушбу ҳодиса баҳонасида икки мамлакат ишғол этилди ва ҳозиргача юз минглаб одамлар ҳалок этилди. Бу баҳона қайта кўриб чиқилиши керак, деб ўйламайсизми?» деди жаноб Аҳмадинежод журналистлар билан бўлган суҳбатда.
Унга кўра, Америка Яқин Шарқдаги манфаатларини мустаҳкамлаш ва «Сионист режими»ни ҳимоя қилиш учун бу ҳужумларни ташкиллаштирган бўлиши мумкин. Жаноб Аҳмадинежод одатда Исроилни «Сионист режими» деб атайди.
Жаноб Обама 11 сентябрь ҳужумларида ҳалок бўлганларнинг аксари тупроққа топширилган Нью Йорк шаҳрига келиб бундай баёнотларни бериш «кечириб бўлмас ҳолат» эканини айтди.
Бироқ АҚШ президенти 11 сентябрь ҳужумлари борасида Эронлик ҳамкасбининг фикрларига аксарият эронликлар қўшилмаслигини таъкидлаб ўтди.
«Эронда Нью-йорк ва Вашингтондаги қурбонлар хотирасига шамлар ёқилганди. Ўшанда Эрон халқи хайрихоҳликнинг табиий ҳиссини акс эттирганди, деб ўйлайман,» деб айтди Барак Обама Би-би-си билан суҳбатда.
«Бу яна бир Эрон раҳбарияти ва режимининг қандай ишлаши ва Эрондаги аксарият халқнинг нима деб ўйлаши қанчалар фарқли эканини яна бор намоён этади,» дея илова қилди Америка президенти.
Барак Обамага сўзларига кўра, Эрон халқининг мавқеъи жаноб Аҳмадинежод шарҳларининг том тескарисини акс эттиради.
«Бу ҳақоратомуз ва нафратга тўла чиқиш эди. Ва айниқса унинг айниқса Манҳэттенда бундай баёнотларни қилиши…. Барча динлар, ирқлар вакиллари 11 сентябрь ҳужумларини бир авлод келажагига таъсир қилган фожеаси сифатида кўришади. Бундай баёнотларни қилиш кечириб бўлмайдиган ҳол,» деди Барак Обама.
2001 йил 11 сентябида АҚШнинг Нью-йорк ва Вашингтон шаҳарларига ҳужумларда 3 мингга яқин одам ҳалок бўлганди.
Би-би-си Форс телевидениеси билан суҳбатда жаноб Обама шунингдек АҚШ келгуси ёздан бошлаб ўз қўшинларини қисқартирсада, Афғонистонни якка ташлаб қўймаслигини айтди.
«Ҳозирда ффғон хавфсизлик кучлари тайёргарликдан ўтишмоқда. Биз афғон полициясининг тайёргарликдан ўтаётганини кўраяпмиз. Афғонистонда ҳаётни яхшилаш учун қурилиш ишлари олиб борилаяпти,» деди Барак Обама.
«2011 йил июлидан бошлаб, биз қўшимча кучлар сонини қисқартира бошлаймиз, лекин биз бирданига чироқларни ўчириб, ўша куннинг ўзидаёқ уйимизга қайтмаймиз,» дея қўшимча қилди АҚШ президенти.
BBCuzbek.com



