ГУЛЛАР НЕДАН СЎЙЛАР…

Тук-тук… Эшик тақиллайди. Аста очасиз, ҳеч ким йўқ. Шу пайт кутилмаганда эшик ортидан хушбўй гулдаста сиз томонга узатилади. “Бу сизга” дейди муҳаббатга йўғрилган овоз. Шундан кейин ўзингизни бахтли ҳис қилмай кўрингчи!?
Аёл учун хушбўй гуллардан ёқимли совға бормикан!? Гўё бу иккиси бир-бирини тўлдириб турадигандай.
Остонада турган қаҳрамонимизни кузатамиз.
…Нозик бармоқлар хушбўй гулни оҳиста тутади. Гул ифори аёл назокати билан уйғун ҳолатда пайдо бўлаётгандай гўё. Чиндан ҳам гуллар – мўъжиза. Улар дилларни дилларга боғлайди. Табиатдаги ҳар бир гулнинг ўз “тили” бор. У қандай маънога эга эканлиги ҳақида биласизми?
Астра — муҳаббат рамзи ҳисобланади.
Бегония — эҳтиёткорликни билдиради.
Чинни гул (пушти) — “Сени ҳеч қачон унутмайман!”
Чинни гул (қизил) — фахрланиш.
Чинни гул (йўл-йўл) — алдамчи туйғулар.
Чинни гул (оқ) — ширин севги, беғуборлик.
Чинни гул (сариқ) — айрилиқ.
Гладиолус — мен самимий инсонман!
Кактус — қўполлик.
Қўнғироқ гул — омад.
Нилуфар гули — ғалаба ва омад
Наргис — расмиятчилик устун, жиддийлик.
Орхидея — буюк севги.
Пион — фаровон турмуш истаги
Кунгабоқар — мағрурлик.
Атиргул — (пушти) — ишонч истаги.
Атиргул (тўқ қизил) — мотам.
Атиргул (қизил) — фақат сени севаман!
Атиргул (оқ) — беғуборлик ҳақида сўзлайди.
Атиргул (сариқ) — рашк ва айрилиқ.
Настарин (сирень) — ҳақиқатгўй инсон эканлигидан дарак беради.
Лола – севги изҳор қилмоқчиман дегани бўлади.
Биламизми?! Европанинг барча мамлакатларида хризантема мотам гули хисобланади. Финландияда оқ рангли нилуфар гули совға қилинмайди. Мексика ва Бразилияда ҳам бу ўлим маъносини билидиради. Гватемалада оқ ранг мотамни билдиргани сабабли бу рангдаги гулларни хурсандчилик кунларда совға қилиши мумкин эмас. Чилида сариқ рангли гул нафрат маъносини ифодаласа, Кенияда гулни фақатгина киши бошига қайғу тушганда ҳамдардлик билдириш учун беришади. Танзанияда эса гул умуман совға қилинмайди.
Гулдаста қандай бўлиши керак?! Аслида гулларнинг ҳар бири ўзига хос чирой ва ифорга эга. Уларнинг қай бирин совға қилишингиздан қатъий назар, билингки, сизнинг гулдастангиз эътибордан четда қолмайди. Фақатгина гулдаста тайёрлаш ҳам бир маҳорат эканлиги ва унда бир гул бошқасига мос келиши кераклигини унутмасангиз кифоя.
1. Хушбўй ва нафис атиргул жуда инжиқ бўлади. Шунинг учун уни бошқа гулларга қўшиш маслаҳат берилмайди. Етти дона атиргулга сув пуркатинг ва шаффоф гул қоғозига ўратинг. Унга бир нечта махсус яшил гул кўкати қўшилса, гулдастангиз янада нафислашади.
2. Гладиолус ҳам гулдастада якка ўзи бўлишни хуш кўради, уни ҳам 5-7 донасидан гулдаста ясаш ва гул кўкати қўшиш маъқул.
3. Мойчечакдан асосан қўшимча безак сифатида фойдаланишади. Унинг ранги ва кўриниши гулдастага янада чирой бағишлайди. Агар мойчечак “Қиролича” Навли, яъни йирик бўлса, унинг ўзидан ҳам ажойиб гулдаста ясаш мумкин.
4. Лола – баҳорнинг эркатойи. Бу гулни учта донаси ҳам ажойиб совға бўла олади. Бу гул гулдастада бахорий гуллар билан “ўзини яхши ҳис қилади”, айниқса геотсинт билан. Лоланинг умри жуда қисқа бўлгани учун, сотувчилар унинг гул косасини ингичка резина ип билан боғлаб қўйишади. Сиз бу ипни ҳадя қилишдан 5-10 дақиқа олдин олиб ташласангиз, унинг гулғунчалари ярим очилган ҳолда кўринишини сақлаб қолади.
5. Георгин. Мана сизга энг киришимли бағрикенг гул! Аслида георгиннинг ўзи ҳам чиройли гулдаста “қаҳрамони” бўла олади. Лекин уни гулдастанинг ўртасига қўйиб, атрофига бошқа майда гуллар ёки мойчечак териб чиқсангиз, дидингиз чакки эмаслиги ҳақида эътироф этишади. Хўш, тасаввуримизда ясалган гулдасталарнинг қай бирини сотиб оламиз?! Балки сизда бошқа бир яна янада нафис, ўзига хос гулдаста ҳақида таклиф бордир?! Балки шундай гулдастани бир вақтлар сизга совға қилишгандир. Ўшанда гулдастани узоқроқ сақлаб қолиш фикри сизни қийнагани аниқ. Бу борада мутахасслар бир қанча маслаҳатлар бериб ўтишади:
1. Гуллар эрта саҳарда ёки қуёш ботгандан сўнг узилиши керак. Уларни гулдонга солишдан аввал поясини ўткир бурчак остида кесиш лозим. (хризантема поясини қўлингизда синдирганингиз маъқул).
2. Гуллар елвизак, қуёшнинг тик тушган нурлари, меваларга яқин жойда турса тез сўлийди.
3. Пион ва гортензияни сувга солишдан аввал поясининг учини оловга текказиб қўйиш маслаҳат берилади. Сабаби, улар ўзидан заҳарли суюқлик ажратади ва бу гулларнинг умрини қисқартиради.
4. Хризантема, георгин ва гладиолусни гулдонга солишдан аввал поясини бир неча жойидан пичоқ билан тилиб қўйиш сўралади.
5. Атиргулни тиндирилган ёки қайнатилган сувга солинг ва гулнинг сувда турадиган қисмидаги тиканларини юлиб ташланг.
6. Чиннигулларни узоқ сақлансин десангиз хона ҳароратигдаги сувга солиб қўйинг. Сувга аспирин таблеткасини қўшиш маслаҳат берилади.
7. Лола совуқ сувни хуш кўради. Сувга бир бўлак муз ҳамда бир қошиқ шакар солиб қўйиш мақсадга мувофиқ.
8. Георгин сирка солинган мувда узоқроқ сақланади. Уни сувга солишдан олдин гул поясидаги ковакни сув билан тўлдириш ва пахта билан беркитиб қўйиш лозим.
9. Агар пион ғунчасини кўзингиз олдида очилишида истасангиз, гулни иссиқ сувга солинг.
10. Бир қошиқ водопровод пероксин ва шакар настарин (сирень) учун жуда фойдали.
11. Қўнғироқгулни гулдонга якка ўзини солинг, сабаби у бошқа гулларни сўлишига сабаб бўладиган суюқлик ажратиб чиқаради.
12. Атиргул, чиннигул ва нилуфар гули гулдонда якка ўзи “яшаш”ни истайди. Улар бошқа гулларни хуш кўрмайди
Яшариш ва янгиланиш фаслида гўзалликка интилиш ва ундан завқ ола ола билиш ҳам улкан бахт эмасми? Гуллар фасли муборак бўлсин, азизлар!

МУШТАРИЙ

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares