Гульчехра Нуруллаева

1989

БОШИНГИЗГА ЧИҚИБ ОЛГАНДАЙ,
ЎЛТИРГАНДАЙ АБАДУЛ ТАХТДА,
ОСТОНАНГИЗ ҚАДАР ҲАММАЁҚ
ПАХТА, ПАХТА, МУСТАБИД ПАХТА…

ФАЛАК

Сизни сарбонликка ўч этмиш фалак,
Мени ҳайронликка дуч этмиш фалак.
Сиз – сафо бандаси.
Фароғатларни
Маъюс кўзларимга пуч этмиш фалак.
Фармонлар сизники. Минбар сизники.
Менга уқубатни тож этмиш фалак.
Пахта қули менман. Мансаб қули – сиз.
Кўнгил зуволангиз берч этмиш фалак.
Тилимни топтайсиз… Қалбим ўртаниб,
Фарёд айламакни бурч этмиш фалак.
Сиз арши аълода ожиз-нотавон,
Менга руҳдошларни зич этмиш фалак.
Риёлардан тўйган халқим руҳини,
Кўринг, инқилобий куч этмиш фалак!
24. 01. 1989.

СУФ

Толпинарман учмоқ истаб, беқанот ҳар онга суф!
Уй фақат тингловчи бўлса, нолайи афғонга суф!
Не ўзи поклик, ҳаромлик? Қайдадир сарҳадлари?
Рост либосин танга илган серфириб ёлғонга суф!
Ер касал. Денгиз адо. Дарёлари нимжонлашар,
Малҳами бўлмоққа ожиз ҳар йўриқ, фармонга суф!
Бошидан ёғса заҳарлар, тўлса оғу ошига,
Шунда ҳам мум тишласа, ул нотавон-нолонга суф!
Халқини очликда кўрса, қандайин ухлар, ажаб?!
Ўзни доно деб ҳисоблар раҳбари нодонга суф!
Онажон ҳам ўз тилимдир, бағри қон ҳам ўз тилим,
Ўз тилига соқчи эрмас шоири давронга суф!
Эл учун бирлик – нажот, бирлик – таянч, Гулчеҳра, бил,
Бирлигингдан юз ўгирсанг, сендайин инсонга суф!
24. 01. 1989.
х х х
х

«Орол ўлаётир!» – биз чекдик нидо,
Нидо чекишлардан сира толмадик.

Аччиқ оҳимиздан уйғонди дунё,
Фақат раҳбарларни уйғотолмадик.

Босиб келаётир чексиз ерларни,
Орол атрофида яйрайди ўлим.
У томон йўлатмай мухожирларни,
Беркитмоқ бўламиз муаммо йўлин.

Бизни босган ғафлат саройи баланд.
Намойиш қиламиз ҳамон кўрликни.
Қуруқ қарорларга имзо чекиш билан
Тўлдирмоқ бўламиз Орол шўрликни.

Кўзни очмоқ душвор, танқид қилиш жўн,
Гарчи гиналарни кўрмасам-да эп,
Ўйлайман, бугунги шеърхонликдан сўнг
Яна битта қарор туғилмасми, деб…

Қайтармоқ истасак босган изига
Орол бошидаги бор балоларни,
Кўрсатиб қўяйлик дунё кўзига
Қуруқ қарорларга мубталоларни…
1989.
х х х
х

Ким айтарки, “Қўй халқим
Ишлашларга туғилган.
Пахта экиб, далада
Қишлашларга туғилган…”
Йўқ-йўқ, туғиб дуркунлар,
Одил Ёқуб, Эркинлар,
Қадоқ бўлган кўнглини
Хушлашларга туғилган.
Бир-бирига эл бўлиб,
Дадахондан сел бўлиб,
Афғон тинглаб, кўзини
Ёшлашларга туғилган.
Қиз исмига «хон» қўшиб,
Ўғил кўрса, «жон» қўшиб,
Анъанаси, урфини
Ушлашларга туғилган.

Кимки чиқса бошига,
Оғу солса ошига,
Абдураҳим Пўлатдек
Муштлашларга туғилган…
1989.
НИДО

Майли, дардкашларин унутса Ватан,
Майли, шоирлигим олмасалар тан,
Ҳайратли, ҳасратли бу олам, зотан,
Юрт тили бўлса бас онам берган тил.

Майли, ғийбатчилар фоли кўпайсин,
Хасис-нокасларнинг моли кўпайсин,
Қатлим истарга ҳам толе кўпайсин,
Юрт тили бўлса бас онам берган тил.

Ағёрим унвони қўш бўла қолсин,
Дўстларим ағёрга эш бўла қолсин,
Майли, дастурхоним бўш бўла қолсин,
Юрт тили бўлса бас онам берган тил.

Шоир сукунати хато бўларкан,
Тилин ким йўқотса, гадо бўларкан.
На фақат гадо у, адо бўларкан.
Юрт тили бўлса бас онам берган тил.

Майли, мени қопса бирон-бир кўппак,
Майли, ағёрларим чалишса чапак,
Юрак хитоб қилар, қонталаш юрак:
«Юртим тили бўлсин онам берган тил!»
1989.
х х х
х

Юртим,
сенинг каллакланган тутларинг сероб
далалар бўйида,
йўллар бўйида,
дала ховлиларда,
шаҳар ховлида…

Юрагим қон йиғлар, уларни кўриб…
Бедор туғён каби янги навдалар
атрофга энтикиб чўзса бўйнини,
каллаклаб туришар ҳар йил баҳорда.
Мен улар тагида ўлтирган кўйи
азасин тутаман акажонимнинг –
шу тупроқни куйлаб,
унга сиғмаган,
шу тупроқни севиб,
«хоин» аталган
акажонимнинг…
Ҳақиқатга ишонарди у,
лекин унга ишонмадилар.
Одамларни бошига кўтарарди у,
лекин уни ерга урдилар.
Топтадилар
севгиси,
ишончи,
ғурурини.
Топтадилар
ёшлиги,
эс-хуши,
катта бир халқ вакили эканини.
Эътиқод эгаси эътиқодсиз бўлиб,
севги ёшида севгисиз бўлиб,
нафрат бўлиб қайтди уйига.
«Ишонмайман» деган сўзни кўп такрорларди акам.
Мактабни тугатган синглисига берилган олтин медалга қувонмади.
Синглисининг қувончларига қувонмади.
Умрининг ярмини яшаб-яшамай, оламдан ўтди.
Чидолмади – отам кетди ортидан.
Чидолмади – онам кетди ортидан.
Улар ҳам «ишонмайман» сўзини такрорлаб кетишди.
Мен эса…
Ишонмасдан яшай олмасман.
Каллакланган тутлар тагида
акам,
отам,
онам
азаларини тутаётиб, ишонгим келади.
«Аяжон, биз бор-ку…» – деб турган ўғлимга,
қизимга ишонаман.
«Ҳаётнинг таянч нуқтаси – поклик», –
деб турган уларнинг адажонисига ишонаман.

Сиз ҳам мени ишонтиринг, ОДАМЛАР!
Токи мен ёйиб солган сочларимни турмаклаб қўяй.
Токи одми аза кўйлагимни лола гуллисига алмаштирай.
ИШОНТИРИНГ, ОДАМЛАР!
1989.

Гульчехра Нуруллаева

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares