Кейинги пайтларда ўғрилик, талончилик шунчалар авжига чиққандики, кўпчилик дала ховлилар вайронага айланиб қолганди. Ўғрилар ҳеч тап тортмасдан эшик-деразаларни, томларни бузиб, кўзга кўринган нимаики бор – олиб кетишарди… Қўшнимнинг уйини ҳатто ёқиб юборишди…
Дала ховлидан хабар олиш учун борганимда, дераза ўрнига терилган ғишт тўсиқ кўчирилиб, унинг орқасидаги тунука атрофлари ўйилган эди. “Тайёрлаб қўйишибди-ку азаматлар. Хойнаҳой, бугун-эрта тушишса керак” деган хаёлда туман марказидаги милиция бошқармасига югурдим. Иссиқ кунда олти чақирим йўлни яёв босганимдан бўладиганим бўлди. Аризамни ўқиб: “Ҳозир иккита ходимимиз келади.. Улар бориб, ўз жойида текширув ўтказишади. Кутиб туринг”, – деди милиция бошлиғи.
Кутдим. Шу пайтгача милиция бошқармасига бир неча марта мурожаат қилган бўлсам-да, лекин бирон марта бўлсин, аризамни рўйхатдан ўтказишмаган, бориб текширишмаганди. Наҳот буларга ҳам инсоф кирган бўлса?!.
Айтилган ходимлар бироздан сўнг келишди. “Амаки, машинамиз келсин, кетамиз”, – дейишди. Яна кутдим. Машина ҳам келди, лекин ёқилғиси тамом бўлибди. Хунобим чиқди. Кун иссиқ. Устига-устак эрталабдан бери туз ҳам тотганим йўқ…
Ярим соатлардан кейин бензин топишди шекилли, машинага ўтириб, йўлга тушдик. Йўлма-йўлакай қаерларгадир кириб чиқишди. Хуллас, дала ховлига борганимизда кун ботаётган эди. Атрофни қараб чиқиб: “Биз шу ерда қолиб, ўғрини пойлаймиз”, – дейишди. “Мен ҳам қолай. Балки ёрдамим тегар”, – дегандим, “Сиз кетаверинг. Ҳаммасини ўзимиз эплаймиз. Уч кун бўлса ҳам ўғрини пойлаймиз”, – дейишди. Хурсанд бўлдим. Ховлининг пастига кўрпача ёйиб, жой қилиб, хайрлашиб кетдим.
Эртаси эрта билан егулик нарсалар олиб, дала ховлига шошилдим. Келсам, милиция ходимлари йўқ. Дераза тунукаси катта қилиб тешилган эди. “Ниҳоят, ўғриларни тутишибди” деган хаёлда эшик қулфини очдим. Қай кўз билан кўрайки, яна ҳаммаёқ титиб ташланган, самовар-чойнакларгача олиб кетилганди…
Орқамга қайтдим. Милиция бошқармасига борганимда, кечаги йигитлардан бири: “Амаки, бу ерда нима қилиб юрибсиз?” – деб, олдимдан чиқди. Мен: “Яна ўғри урибди-ку”, – дегандим, “Бўлиши мумкин эмас. Биз у ердан бир соат илгари чиқдик”, – деди. Шу орада иккинчи йигит ҳам келиб қолди. Воқеани эшитиб: “Бўлиши мумкин эмас. Биз у ердан ярим соат илгари чиқдик”, – деб, ҳамкасбига қаради…
Кайфиятим бузилиб, яна бошлиқ олдига кирдим. “Янги чойнак олиб берамиз”, – деб, у ҳам мени тинчлантирмоқчи бўлди. Охири чидолмай: “Ўғрини ўзим тутсам бўладими?” – деб сўрагандим, “Тутсангиз, бизга хабар беришингиз керак, – кайфиятимни кўриб бўлса керак: – Агар унга бирон шикаст етказсангиз, жавоб берасиз”, – деб қўшиб ҳам қўйди.
Ана холос!.. Ўғрини ушлайдиган бўлсам: “Ўғрижон, ижозат бергил, сени ушлайман”, – дейишим керак экан-да…
Милицияга мурожаат қилишнинг фойдаси йўқлигидан хафсалам пир бўлиб, хонадан чиқиб кетдим.
Кетяпман-у милиция бошлиғи айтган гаплар хаёлимдан кетмасди. Бу қандай милиция бўлди ўзи?!. Ўғрини тутмаса… Халқни ҳимоя қила олмаса… “Ўз уйингни ўзинг асра” деб, яна устингдан кулса…
Д У Н Ё Н И Б У Т Л А Б Б Ў Л М А Й Д И М И?
Уйимга яқин истироҳат боғи олдида бир дўстим билан учрашишим керак эди. Сал эртароқ бориб қолибман. Тўғрисини айтсам, одатим шундай: келишилган жойга, иложи бўлса, барвақтроқ боришга ҳаракат қиламан.
Бекорчиликдан атрофни кузатарканман, хаёлимни ит билан машқ ўтказаётган бир бола жалб қилди. У таёқча ирғитар, ит эса уни ўша заҳоти эгасига келтириб берар эди. Бола таёқчани ирғитишдан, ит эса уни келтиришдан чарчамасди…
Ана, таёқча яна ирғитилди, лекин ит бу сафар негадир унинг кетидан югурмади. Эгасининг ялиниб-ёлбориши ҳам, дўқ-пўписаси ҳам унга таъсир қилмади…
Ўйланиб қолдим: ит чарчаб қолдими ёки эгасининг бемаъни топшириқлари унинг жонига тегиб, жимгина исъёнга ўтдими? Наҳотки шундай бўлса?!.
Бизлар-чи? Биз, инсонлар ҳаётимизда кўп учрайдиган бемаъни топшириқлар-у буйруқларни бажаришдан ошкора бош тортиб, шу итчалик ўз исъёнимизни билдира оламизми? – деб турганимда: “Ўйлайверма, барибир дунёни бутлай олмайсан”, – деган дўстимнинг овози хаёлимни бузди…




