Назарбоев Сибир дарёлари ўзанини Марказий Осиёга буришни таклиф қилди

Президент Назарбоев Марказий Осиёнинг сувсиз минтақаларини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида Сибир дарёлари ўзанларини жанубга томон буриш ҳақидаги Советлар давридан қолган лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш таклифи билан чиқди.
Жаноб Назарбоевнинг айтишича, 80-йилларда воз кечилган мазкур лойиҳани амалга ошириш ҳам Қозоғистонни ва ҳам Россияни келажакда юз бериши мумкин бўлган «қурғоқчиликларни бартараф этишда зарурий воситалар билан таъминлайди».
«Афсуски, сув таъминоти масаласига етарлича эътибор қаратилмаётир. Табиатнинг ўзи ушбу муаммони бизга яна бир бор эслатиб қўйди,» деди Қозоғистон раҳбари Россия Президенти Дмитрий Медведев билан Қозоғистон шарқидаги Ўскемен шаҳрида бўлиб ўтган учрашуви ортидан.
Россияда шу йил ёзда жазирама иссиқ туфайли юзага келган ёнғинлар миллионлаб гектар экин майдонларини ёқиб юборди.
Жазирама иссиқдан Қозоғистоннинг ғарбий минтақалари ҳам қаттиқ зарар кўрди.
«Ушбу муаммоларга ечим топишда муштарак чораларни кўриш вазифаларини ҳукуматларимиз зиммасига топшириш муҳимдир,» – деди Қозоғистон раҳбари. – «Биз Сибир дарёлари ўзанини Россия жануби ва Қозоғистонга буриш масалаларини муҳокама этдик.»
Нурсултон Назарбоевнинг ишонишича, ушбу лойиҳа «бутун Марказий Осиёни ичимлик суви билан таъминлашда муҳим рол ўйнайди».
Марказий Осиё раҳбарлари, жумладан Нурсултон Назарбоев, узоқ йиллардан буён Сибир дарёларини Марказий Осиё томон буриш ташаббусини қўллаб-қувватлаб келишади.
Россия дунёдаги ичимлик сувларининг тахминан бешдан бирига эгалик қилади.
Россия ҳудудидаги Об, Иртиш, Енисей каби қатор дарёлар шимол томон оқади.
Марказий Осиёдаги сув манбаларидан фойдаланиш масаласида юқори оқим мамлакатлари – Қирғизистон ва Тожикистон билан қуйи оқимдаги Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида келишмовчиликлар бор.
Назарбоев жаноблари ушбу муаммони ечиш уринишлари ҳозирга қадар кутилган натижани бермаганини айтди.
Қозоғистон раҳбарининг илгари сурган таклифига Президент Медведев қуйидагича жавоб қайтарди: «Биз барча, жумладан ўтмишда илгари сурилган таклифларни мубоҳиса этиш учун очиқмиз.»
BBCuzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares