Ижтимоий фаоллик нима?

Носир Зокир

Ўзбекистон телевидениясининг биринчи канали орқали бериладиган «Азизим» номли кўрсатув иштирокчилари кейинги пайтларда одамлар лоқайд бўлиб қолганлиги, «менга нима» деган фикр уларнинг онгига ўрнашиб қолганлиги ҳақида куйиб- пишиб гапиришди. Лекин, ўша кўрсатув иштирокчилари одамлардаги лоқайдлик қаердан пайдо бўлганлиги ҳақидаги саволга жавоб топишга ҳаракат қилганларида борми, одамларнинг ижтимоий фаоллашувига оз бўлсада ҳисса қўшишган бўларди. Лекин, бундай бўлмади. Бўлмайди ҳам. Чунки, юқоридаги саволга жавоб топишга ҳаракат бошлангач, бу бориб-бориб катта сиёсатга қадалиши турган гап эди…

Болалар тарбияси бузилиб кетаётганини ота-онага, санъат тобора миллийликдан чиқиб бачканаликка айланиб кетаётганини хонандаларни ўзларига, матбуотни эркин эмаслигини журналистларни журъатсизлигига, юқорида айтиб ўтганимиздек одамларни лоқайдлигини уларнинг ўзларига тўнкашдан осони йўқ . Лекин бу билан бирор нима ўзгариб қоладими? Албатта йўқ. Аслида бундай иллатларни йўқотиш учун уни туб сабабларини очиб ташлаш керак бўлади. Хўш, одамлар нега лоқайд бўлиб қолди? Бунинг сабаблари нимда?

Маълумки, лоқайдлик одамлардаги ижтимоий фаолиятсизликдан келиб чиқади. Қачон одамлар ижтимоий фаол бўладилар? Албатта, фаоллик фикрлар хилма- хиллиги натижасида одамлар онгида шаклланадиган туйғудир. Фикрлар хилма- хиллиги қачон бўлади? Албатта, матбуот эркин бўлган жамиятларда бўлади. Бизда фикрлар хилма-хиллиги бор. Одамлар орасига киринг, бўлаётган воқеаларни турлича шарҳлаётганларига гувоҳ бўласиз. Лекин фикрлар хилма-хиллигини матбуотда кўрмайсиз.

Санъатнинг одамларга таъсири ҳам сусайиб бормокда. Сабаби яратилаётган ўзбек фильмларида мавзулар бир хил. Қайсидир бойни камбағал устидан зулм ўтказади. Бой эса ёмон деган рух уфуриб туради уларда. Аслида, «Фильмларда камбағаллар ҳам, бойлар ҳам, мансабдорлар ҳам, оддий фуқаро ҳам тенг ҳуқуқли бўлиши керак бўлган жамиятни қуриш учун нима қилиш керак?» деган саволга жавоб топишга ҳаракат қилинса, ўша фильмни одамлар қизиқиб кўриши мумкин.

Ёки халқ орасида оммабоп бўлган телевидениядаги кўрсатувларни олинг. Ҳаммаси юқоридаги кўрсатувга ўхшаш. Оддий камчиликлар кўрсатилса ҳам, муаммонинг туб моҳияти, сабаби очиб берилмайди. Сиёсий фаоллик йўқ…. Кўрсатувларда лоақал маҳаллий раҳбарларнинг камчиликлари ҳам кўрсатилмайди. Уларни фаолияти таҳлил қилинмайди. Агар уларда турли кўз қарашлар кўрсатилса эди, ана ўшанда одамлардаги ижтимоий фаоллик ошган ва лоқайдликка зарба берилган бўларди.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares