Бизни кемиргувчи иллатлар

Маҳмудхўжа Беҳбудий
Бизни кемиргувчи иллатлар деганда, захму маразними гумон этарсиз? Ёинки, сил, силария ва маховликними дерсиз? Йўқ, андан ҳам ямонроқ ва андан ҳам жонхарош, бевоя, хонавайрон ва ғариб этгувчи бир дард, биз туркистонийларни шаҳри ва қишлоғи ёйинки ярим маданий, ярим ваҳший синфларимизгача истило этиб, бутун тириклигимизга сорилгон ва бизни инқирозга ва таҳликага ва жаҳаннамга юмалататургон тўй, азо исминдаги икки қаттол душманни дерман.
Атомиздан меҳрибон Тангримиз жалла ва аъло Қуръони каримда «Ло Талакку би ядикум ала тахликкатихи», яъни ўз пулларингиз ила ўзингизни таҳликага отмангиз, дер. Биз бўлса, бадбахтона ва Худонинг амрига буюн қўймасдан кофирона бир суратда тўй ва азо деган, йўқ бўлушимизга сабаб бўлган одатларга бору йўқимизни сарф ва исроф этармиз. Йилда икки ой наврўзи кофири учун сайр этармиз. Бир ой муқаддам Самарқандни Панжакент касабасидаги наврўз сайрига мушак-фишанг отишдан учгина киши ўлуб, ундан зиёда киши мажруҳ бўлди. Кўпкари ва улоқ чопмоқлик одати малъунонасига ҳар вилоятдан ҳар сана юзлар ила киши охиратга кўчар, на қадар киши мажруҳ ва маъюб бўлар. Кўп кишилар сайр ва кўпкари шумлиги ила ишдан ва зироат вақтидан қолур. Уйига озуқаси йўқ, ҳукузи ва соғар сийири йўқ экан, бир неча юз сўмга от олиб ва ҳap куни анга ҳиндидек парастиш этиб у ҳар кун бир сўм сарф этар, на учун? Тўй ва сайрга кўпкари чопмоқ учун.
Ўн-йигирма чақиримга тўй бўлдими, ҳар ким ишини, деҳқончилигини қўюб, отланиб
кўпкарига кетар. Деҳкон учун олтундан азиз вақт фавт бўлди-кетди. Экин биргина кун кейин сепилган учун пишмай қолар. Биргина кун сўнгра йиғилган учун ёғинга қолиб, баъзи хирманлар чириб кетар.
Маълум бир шаҳарда яҳудийлар баъзан ўлукларини оқшом элтиб кўмарлар. На учун? Кундузи ишдан қоларлар. Биз бўлса, ўлук ва тўй (деб) ўн ҳафталар, ҳатто, ойлар ила ишдан қолурмиз. Холбуки, шореъи аъзам, пайғамбари акрам саллоллоҳи алайҳи васаллам ҳазратлари ўлганни тез кўмуб ва кўмгандан сўнгра тез тарқалиб, ишга кетмоқга ва ўлукхона халқини уч кундан зиёда таъзия тутмасга, қаро киймасга, кир, фалокат бўлмасга амр этарлар.
Эй халқ! Эй мусулмонлар! Биз на учун Худо ва расулни сўзига ва ўзимизни нафъимизга амал қилмаймиз? Биз девонами? Биз таклифдан ташқарими, Худо учун сўйлангиз. Биз нима?! Шариат китобларидан «Фароиз, яъни Худони буйруғи деган китобларга: «Ўлукни молидан аввалан ўлукга керакли мувофиқ суннат ва исрофсиз кафан қилиб, дафн қилмоқга сарф қилинсун, сўнгра қарзини бери¬лур. Сўнгра ортган молларни варасасига мувофиқи шариат тақсим қилиниб берилур»,— дейилган экан, биз билъакс кафандан сўнгра қарзга бермай ва ҳатто, сағир ва бенаво хотунларни меросини йиртиш, азойи, садақа, хайрот, билмайман, нималар ужраси деб, қарздан ворисидан илгари тақсим қилиб олармиз. Беш-олти маърака ва худойи, 8 – 10 жумъа оқшоми деб бутун маҳалла ва қишлоқ халқига палов берармиз. Баъзи бир бечора сағир ва муштипар аёллар меросдан ва ҳақларидан ноқис олурлар.
Баъзи қарзхоҳларни ҳаққи худойи ва ҳайрот, нохудойи ва шаррот сабаби ила куюб кетар. Бечора ўлукни зиммаси қарздан қутулолмай қолур. Худо учун айтингиз, бу ҳайротми, бу худойими? Беш-олти кун сўнгра бу худойи ва хайротлар учун варасани ҳаққи бўлган мол ва ерлар сотулур. Берилган дангга, адрас, азойи ва ганиларни олган йиртиш ва садақалари учун берилур. Энди бечора вариса дарбадар, хам отадан, хам ватандан айрилди кетди. Бир уртахол, бир бечора фақир улар. Онинг гани яқини ўлукни эгаси бўлуб, вариса молини «обруй» этарман, деб исроф ва барбод этар. Натижада бечора вариса дарбадар. Эй, уйинг обод, обруй қилгувчи! Ўлган ўлди, санга нима? Сан, гани, ўз ўлукингга обрў қилғонинг бас эмасми?
Астағфурилло, субҳонолло. Бизни қилатурғон aқлсизлигимизни қайси миллат қилур? Никоҳ, хатна, бу икки бало шундоғ қаттиқ бир иллатки, ўлмагунча қутулуб бўлмайдур.
Шаҳарларда ўрта ҳол, яъни ўтурарга хона ва боғи бор бир киши никоҳ учун икки минг сўм сарф этар ва ўғул хатнаси учун ҳеч бўлмаганда минг сўм. Ҳар бир бенаво киши бу мавридларга 200 сумдан 1000 сўмгача сарф этар. Бой ва зўраки бойлар эса беш минг, ўн минглаб сарф этар. Охири нима бўлур? Нима бўлур дейсиз? Ота-бобосидан қолган мулк ва ватанини уз ихтиёри илан зўраки бойни ўзи ўлгандан сўнгра бир яхудий ё бир армани ажнабийга сотиб, тўй ва таъзия қарзини берар. Ўзи сотмаганда судга сотилур. Мана, юқоридаги сарлавҳада «Бизни кемиргувчи иллатлар» деган одатларимиз, шу тўй ва таъзия исминдаги девоналигимиздан иборатдур. Бир дўкончи, бир гулкор, бир фақирҳол, бир косиб учун бу туй ва таъзиялар улумдан қатиғдурки, мунинг учун бечора ҳар кун ўлур. Ҳар кун ўлгон ила-да қутулмас. Ўзидан сўнгра аҳлу аёлига бу йўқсуллик ва бу мусибатни мерос қўяр. Хўб, яхши, ўз молини тўй ва таъзияга исроф этсун, барбод этсун, кўзи чиқсун. Ҳай, бонка оқчасини, биров пулини на учун барбод этар.
Бу девоналикни у тарафи эмасми? Бу ҳол ила 20 – 30 сана ўтса, ер ва ҳавлилар ажнабийларга ўтуб, аксар халқимиз гадойлик даражасига инур. Эллик сана муқаддам ер сотилса, бир мусулмон оларди, энди бошқалар олур. Мана, энди биз шу ҳол илан яна йигирма – ўттуз йил ўткарсак, халқимизни ярмидан зиёдаси ватансиз, ерсиз, дарбадар бўлатургони маълум ва ошкордур. Бир ҳавлида, бир рўзғорда, масалан, икки ўғул, икки қиз бор. Ато ўлса, ани моли тўрт бўлунур. Аларни ҳар бирига никоҳ ва хатна ва ўлум мавридлари муқаррардур. Ўзларини замонча илми ва ҳунари йўқки, контурга, маҳкамага, бонкага кириб вазифа олса.
Энди ноилож атторлик ва ё баққоллик ва у бўлмаса. муздурлик ва мардикорлик қилиши лозим келиб, бу ишлардан фақат аларни қорни туядур. Ортдурмоққа йўқ. Мунинг устига тўй ва таъзия деган даҳшатлик балолар келгандан сўнгра бу азиз оила ва рўзғорга ёниб қул бўлмоқдан бошка илож йўқдур. Эллик сана муқаддам бир кариш ер бир пул экан, энди бир олтун ва келарга ер олтунга хам топилмайдур. Қирим ва Кафқоз мусулмонларида бизлардек ер қадрини билмаслар экан. Энди Қиримда бир таноб (600 сажин) ер ўн минг сўмдан ўттуз минг сўмгачадур.
Биз бир таноб еримизни 200 сум сотиб тўй қилмоқчи бўлсак, «ерни хуб пулга урдум» деб мажнунона шодланурмиз. Инсонни бу қадар ахмоқлиги ажибдур. Бизга лозимки, тўй ва таъзияларни кичик қилиб ва холимизча ҳаракатда бўлуб, келар замонамизни ўйлайлук. Валлох, хору зору мункариз бўлмоқ эртага офтобни чиқишидек муқаррардур.
Самарқандда бир маҳалла борки, аксар халқи факру заруратдан, тўғриси, ақл нокислигидан ҳавлиларини пулга қизиқиб яҳудийларга сотган учун маҳаллага оз мусулмон қолди. Маҳалла мактаби йўқ бўлди. Масжидида яқинда йўқолур. Мана, бизни ақлсизлигимизни охири ва исрофларимизни хотимаси динимизра футур келмогига сабаб булур. Дин учун, масжид ва мактаб учун ақча, сарват, давлат, сомон керакдур. Тўй ва таъзияга сарф қилинатургон оқчаларимизни биз, туронийлар, илм ва дин йўлига сарф этсак, анқариб оврупойилардек тараққий этармиз ва ўзимиз-да, динимизда обрўй ва ривож топар. Йўқ, ҳозирги ҳолимизга давом этсак, дин ва дунёга зиллат ва мискинатдан бошқа насибамиз бўлмайдур.
Ко эътабару йо аввал ул-абсар!
Маҳмудхўжа Беҳбудий
«Ойна» ж. 1915 йил, 13-сон, 338—342-бетлар.
1 Таржимаси: «Эй кузи очилганлар, (атрофга) эътибор қилинг».
Нашрга тайёрловчи, тўпловчи ва изоҳлар муаллифи профессор Бегали Қосимов © М. Беҳбудий. Танланган асарлар; «Маънавият», 1999.

Мақоланинг электрон нусхасини Абдулазиз Маҳмудов тақдим этган.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares