Асабингизни эҳтиёт қилинг…

Носир Зокир

Ўтган йили каминангизнинг қон босими ортиб кетиб шифохонага боргандим. Навбат катта экан. Шифокор билан суҳбатлашиб ўтириб, ундан ҳозирги кунда одамлар асосан қандай касалликлар билан мурожаат қилаётганликлари ҳақида сўрагандим.

Ўшанда шифокорнинг жавоби мени лол қолдирганди.

-Биласизми, бу ерда навбатда турганларнинг аксарияти асаб касалига йўлиққан. Бу касаллик турли хасталикларни келтириб чиқаради. Жумладан, сизни касаллигингиз сабаби ҳам шунда. Кўпчиликка тезда шифохонага ётишни тавсия қиламиз. Улар даров пулини сўрашади. 10 кунга 80,100 минг пул кетади десак, «Эй, йўқ, шунча пулни қаердан оламан. Бу ёғига худодан кўрдим”, деб шифохонани тарк этишади.

Ме билан суҳбатлашган шифокорнинг айтишича, асаб касаллиги одамни бора-бора жаҳолат ботқоғига ботишига олиб келар экан.

Ҳозир ким билан гаплашсангиз, дарров қандайдир муаммо ҳақида гапиради. Кўп қаватли уйларда яшаётганлар бу нарсани яхши билишади. Ҳар куни ўнлаб жанжал тўполангларга гувоҳ бўласиз. Қўшни қўшнини еб қўйгудек бўлиб уришади. Боиси арзимаган нарса бўлиб чиқади. Баъзи кишиларни чиройли суҳбатлашиб ўтиришганини кам кўрасиз. Лекин бундайлар жуда кам.

Ким билан гаплашманг, дарров ўз муаммоси ҳақида сўзлайди. Ватан ҳақида, озодлик ҳақида, маърифат ва маданият ишқида ёниб туриши лозим бўлган кўзларда жаҳолат акс этган. Бу кўзлар қандайдир ҳақсизликдан ёнади. Одамлар орасида меҳр – оқибат, ёшлар орасида катталарга, ота-оналарга ҳурмат, эҳтиром сусайгандан сусайиб бормоқда.

Ўтган асрнинг бошида яшаб ўтган жадидларнинг асосий шиорларидан бири маърифат эди. Улар жоҳиллик халқни қулликка етаклайди, деб ҳисоблашган.

Бизда олимлар бор, етук диндорлар бор. Ўзбекистон оммавий-ахборот воситалари ортиқча ҳамду саноларни камайтириб, мутахассисларни жалб қилиб, жамиятда кўпайиб бораётган юқоридаги муаммоларга эътибор қаратиб, тарихий манбалардан фойдаланиб кўрсатувлар, мақолалар уюштиришса бўлмасмикин?

Ҳар куни телевиденияда ёшларга кенг имкониятар яратиб берилаётгани ҳақида гапирилади. Майли, яратилган бўлса яратилгандир, лекин ёшларни бугун қандай муаммолар қийнаяпди? Улар қайси йўлдан кетаяпти? Уларни ён- атрофда бўлаётган воқеалардан хабари борми? Улар нималарни хоҳлайди? Мана шулар ҳақида ҳафтасига ҳеч бўлмаса икки бор кўрсатув ташкил қилинса бўлмайдими?

Мен атайин юқоридаги муаммоларнинг сиёсий томонига эътибор қаратмадим. Бу ҳақда гапириш жуда қийин. Даҳшат…. Балким бу алоҳида мақолага мавзу бўлар…

Асабингизни эҳтиёт қилинг…

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares