ЙИ ҒЛ А Р М А Н
Тошкент
Тонгда ёзганларим шомда ўчирдим,
Милт-милт ёниб турган шаъмда ўчирдим.
Ногоҳ очилди-ю кул босган кўзлар,
Қул шеър, қул унвон, шон-да ўчирдим
ЎН ТЎҚҚИЗ ЙИЛЛИК АЙРИЛИҚДАН
КЕЙИН…
(Китобга муаллифнинг сўзбошиси)
Охирги марта босилган шеърий китобим «Муҳаббатнинг сурати» бўлиб, у 1988 йилда чоп этилганди. Шундан бери ўн тўққиз йил ўтибди. Шу фурсат мобайнида ёзилган шеърларимни назардан ўтказиб, тўплам ҳолига келтирдим. Уни «Йиғларман» деб номладим. Назаримда, кейинги ёзилган шеърларга бундан бўлак ном мос тушмайдигандай туюлди.
Аслида ҳам бу йиллардаги умрим кўпроқ кўз ёшлари билан ўтгани рост.
Бу давр бошидаги қайта қуриш бизларни уйғотиб юборганди. «Бирлик», «Тўмарис» каби халқ ҳаракатлари тузгандик. Миллий истиқлол учун майдонга тушгандик.
Орадан кўп ўтмай, «Бирлик»ни ҳам, унга бошпана берган Ёзувчилар уюшмасини ҳам атайин иккига бўлдилар: халқнинг шиддатли ҳаракатини кучсизлантирдилар. Шундан кейин эса, кучсизланган ҳаракатнинг ҳам, уюшманинг ҳам бошига етдилар… Найранг, ўйин, қатағонлар ошкор ишга тушди. Беасос айблар қўйиб судлаш, қамашлар одатий ҳолга айланди. Эндигина уйғона бошлаган халқнинг шашти шу йўсин қирқилди, жувонмарг этилди…
х х х
х
Эришилган мустақиллик шахсан менга нима берди? – деган савол тез-тез хаёлимдан ўтиб туради. Аввало у мендаги уйғонишни, журъатни ўлдиришга тиришди. Мустақиллик бошланиши билан ҳаётимда илк бора суд қилиндим. Тошкентда тузилган «Қорабоғ қўмитаси» йиғинида шунчаки иштирок этиб, залда ўлтирганим учун… Мустақиллик йиллари номим қора рўйхатлардан сираям тушмади, ҳар бир куним назоратда бўлди. Шеърларим деярли босилмади. Биронта китобим чиқмади…
Кўз очган булоқ ўзига муттасил йўл излагани сингари, мен ҳам юрак туғёнларимни одамлар билан баҳам кўришни истардим. Оқибатда тўрт йил хорижнинг «Озодлик» ва «Америка овози» радиоларида мухбирлик қилдим. Халқимиз ҳаёти билан янада яқиндан танишувга муваффақ бўлдим. Сиёсий
ўйинларни, алдовларни, атайин уюштирилган террорларни кўрдим. Қўлга киритилган мустақиллик фақат амалдорларники бўлганига бутунлай ишонч ҳосил қилдим. Меҳнаткаш, беозор, халол халқим бекордан-бекорга террорчига чиқарилганига, унга экстремист номи берилганига, беҳудага
қамоқларга ташлангани, қийноқларга солингани, бўйсунмаганлари ўлдирилганига, заҳм, сил, СПИД каби касалликлар маҳбусларга атайин юқтирилганига шоҳидликдан қон-қон йиғладим… Дарду ҳасратларим гоҳида эшиттириш бўлди, гоҳида шеърга кўчди, гоҳида ёш билан ичга ютилди…
«Муҳаббатнинг сурати» тўпламидан кейин ёзилган шеърларни «Йиғларман» деб номлаганимнинг боиси шу.
Онажон халқим, мен кўз ёшлари тўкиб, зора сенга озгина бўлса-да, таскин бўла билсам, зилдай ғам юкларингни енгиллата олсам… Ягона муродим – сенинг кўзларингда яшаш, яратиш завқини кўриш. Ниятим – сен йиғламасанг бас!
Гулчеҳра НУР,
2007, май.
х х х
х
Сиз орзу қиласиз:
олимлар шундоқ
асбоб ясашсаки,
акс этса унда
тегрангизда турган одам сийрати
муҳаббати ила,
нафрати ила,
қувончлари ила,
ҳасрати ила,
ишчанлиги,
шавқу ланжлиги ила,
риёси,
орзуси,
ранжлиги ила…
Ўшал асбоб мавжуд, билсангиз агар:
У – Ватан кўкига тўпланар булут,
У – Ватан бошига тушар мусибат.
Шулар айтиб бергай бекаму бекўст:
мен кимман?
Сиз кимсиз?
Қандай одам у?..
1987.
х х х
х
Бир пас хаёлларга боғланиб турдим,
Турфа саволларга боғланиб турдим,
Не бўлар, ўзинг айт, онажон юртим,
Шоир рост сўзини айтмасдан қўйса?!
Бағрингни ёғийлар тўлдирмасмикин?
Меҳмон мезбонини ўлдирмасмикин?
Ёлғон юрт тўрида ўлтирмасмикин? –
Шоир рост сўзини айтмасдан қўйса…
Эркин фикрларни сириш ортар-ку,
Силлиқ рухсорларда тириш ортар-ку,
Иймон-эътиқодда чириш ортар-ку,
Шоир рост сўзини айтмасдан қўйса…
Одам одамлигин қўйгай унутиб,
Лойқа талотумни бўлмас тинитиб,
Соврилмоғи тайин, чарҳи дун йитиб,
Шоир рост сўзини айтмасдан қўйса…
Минбар, китоблардан қилинг қувғинди,
Увол эрур унга ҳатто ювинди,
Майли, ғурбатларга бўлсин сиғинди,
Шоир рост сўзини айтмасдан қўйса…
Ғурбат ҳам жирканиб, атасин «хоин»,
Ундан дариғ тутсин бир парча жойин,
Умрлик қисмати шу бўлсин доим,
Шоир рост сўзини айтмасдан қўйса…
Яшноқ кўрай, дейман, юртим атласин,
Ҳар жилоси унинг рост шеър ёдласин,
Портлай қолсин замин, осмон портласин,
Инсон рост сўзини айтмасдан қўйса…
29. 08. 1987.
х х х
х
Номардларга айтар сўзим йўқ,
Айтсам, қалби шерга айтаман.
«Мен ўзимни ўйламасман ҳеч,
Халқникиман…» – дерга айтаман.
Шундайларни топмасам агар,
Ёниб-ёниб шеърга айтаман.
Шеър ҳам менга қилмаса вафо,
Унда қаро ерга айтаман…
23. 07. 1987.
АЁЛЛАРГА
Эй сиз, бокиралар, эй сиз, гулсанам,
Тинмаган жонларим, малоҳатларим,
Дунё қай бурчида яшасангиз ҳам,
Дунё устунисиз, зебо қадларим!
Севмак, севилмаклик – сизга қоида,
Сизни мўъжиза, деб таниган очун.
Бир бош паст турасиз эрлар ёнида,
Мағрур бошларини эгдирмак учун.
Олам яралмишки, ўтади улар
Нафис гўзалликнинг қарамоғига.
Овозингиз ипак. Боиси, дерлар,
Дўрилдоқ овозлар эримоғига.
Тийра кўз – «мустабид ҳоким»ларингиз
Мафтун нигоҳларни доғлаш учунмиш.
Бунча узун, десам, кокилларингиз,
Беқўним ҳисларни боғлаш учунмиш.
Қоматингиз шамшод. Одимлар майда –
Зор-зор кутсин учун одими йирик.
Қадамингиз етган, сиз бўлган жойда
Танти қувонч бўлар, нур бўлар тирик.
Ҳайқиргим келади: меҳри беназир,
Эй сурати латиф, сийрати латиф,
Миллат нигоҳлари сизга мунтазир,
Миллат оналигин қўйинг кўрсатиб.
Шу Ватан камоли, қудрати, кучи
Сизларнинг тафаккур, ҳимматингизда.
Тоғларнинг виқори кўксимга кўчиб,
Мен эса бўлайин хизматингизда…
30. 08. 1987.
ВИЖДОН
Рўпарамда кўз кўрмас девор,
Ошиб ўтсам, бўлурман абгор…
Рўпарамда кўз кўрмас парда,
Азоб бўлар, очсам агарда…
Рўпарамда кўз кўрмас чизиқ,
Босиб ўтсам, ҳаётим бузуқ…
Рўпарамда кўз кўрмас довчи,
Сўзни, ҳатто кўзни терговчи…
Девор, парда, терговчи, чизиқ… –
Домларида яшашим қизиқ…
Асирликда йўғу борлигим,
Шу асирлик – бахтиёрлигим…
20. 10. 1987.
Гулчехра Нуруллаева




