О Д И Л Ш О Ҳ

Байрамолди бозор-ўчарини қилиш учун шошилиб борардим. Бозорга яқинлашганимда кимнингдир:
– Акбарали, қаёққа шошяпсан? Борасан-да ўша бозорингга… – деган овози эшитилди. Орқамга ўгирилиб қарагандим:
– Эҳ, дўстим-дўстим, қариб қолибсан-ку. Наҳот курсдошингни унутган бўлсанг?! Мен Одилман, – деганидан кейингина ҳаммаси ёдимга тушди. Қучоқлашиб кўришдик.
– Узр, дўстим, ўзиям кўришмаганимизга қирқ йиллар бўлди чамаси… Умрнинг ўтишини қара… Дарвоқе, келаётган байраминг билан… – дегандим:
– Э, қанақа байрам?! Байрам амалдорлар, пулдорлар учун… Қора қозон қайнаб турса, шунинг ўзи бизга байрам. Кўрмаяпсанми, институтни қизил диплом билан битирган дўстинг писта сотиб ўтирибман. Биласанми, охири шу ишни қилишга мажбур бўлдим. Агар ишонсанг, олаётган пенсиям ҳатто ейиш-ичишимизга ҳам етмайди. Қолаверса, кийим-кечак, уй-жой тўловлари… Орзу-хавасни бўлса, бутунлай йиғиштириб қўйганмиз… Ишлаб ҳам кўрдим. Биринчидан, дурустроқ иш йўқ. Иккинчидан, ярим пенсиянгни қирқиб қўйишади. Устига устак, арзимас маошингни ҳам ўз вақтида ололмайсан…. Охири ишдан бўшадим… Ана шунақа, дўстим. Ўзингдан сўрасак…
Нима дейишимни билолмай қолдим. Барча эшитганларим менга ҳам таниш эди. Тўрт ойдан бери маош ололганим йўқ. Ярим пенсияни ҳам неча ойлаб кечиктириб беришади. Ишдан бўшашлик хаёли менда ҳам кўндаланг бўлиб турганини айтиб ўтирмадим-да:
– Ёнингдан жой топиладими, мен ҳам шу ерга келсам? – деб, ҳазиллашгандек бўлдим. Гапим маъқул тушди шекилли:
– Кел, келавер. Илгаригидек бирга ўтирамиз… Савдо қиламиз… Ҳар кимнинг туз-насибаси ўзи билан… Жой ҳаммамизга ҳам етади, – деди.
Дўстимнинг бу гаплари илгариги – студентлик давридаги Одилни эслатди. У ўз исми билан одил эди. Яхши ўқир, хушмуомала, қўлидан келганича ҳаммага яхшилик қиларди. Курсдошлар ўртасида чиқадиган муаммоларни одиллик билан ҳал қиларди. Шундан бўлса керак, уни ўзимизга сардор этиб, “Одилшоҳ” деб чақирардик.
“Олтин айнимас” деганларидек, одил инсон қариганида ҳам одиллигича қоларкан. Дўстимни учратганимдан хурсанд эдим. Озгина бўлса ҳам ёшликни, ўтган ажойиб кунларни эслаб, енгил тортгандек бўлдик. Учрашиб туришга аҳд қилдик. Хайрлашаётиб:
– Одилшоҳ дўстим, тушкунликка тушма. Бу кунлар ўтар-кетар. Яхши замонлар ҳам албатта келади, – дегандим:
– “Одилшоҳ” демагин. “Одилгадо” десанг, тўғри бўлади. Одиллар бу юртда ҳеч қачон шоҳ бўлмаган. Бўлмайди ҳам… – деб, кузатиб қолди.

Дўстимнинг гапларидан эзилиб кетдим. Дурустроқ иш топсам, албатта унга таклиф қиламан, деб кўнглимга тугиб қўйдим.

Соиб Мухандис

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares