Бугун 29 июл куни Россиянинг Красноярск ўлкасида яшаётган “Бирдамлик” Халқ Ҳаракатининг Россия бўйича раҳбари Абдужаббор Исмоил уч нафар Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари ходимлари томонидан қаттиқ калтакланиб, чалажон ҳолда йўл четига ташлаб кетилган. Тез тиббий ёрдам кўмагида у оғир аҳволда Красноярск касалхоналарининг бирига ётқизилган. Қаттиқ жисмлар билан калтакланган сафдошимизнинг аҳволи оғир. У бир неча кунлик шифокорлар ёрдамига муҳтождир.
Бир неча ойдан буён Абдужаббор Исмоилга Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари томонидан очиқдан -очиқ руҳий босимлар бўлиб келаётган эди. Бу ҳолат “Бирдамлик” Ҳаракатининг Россияда давлат рўйхатидан ўтиш учун ҳужжат топшириши ортидан жуда қаттиқ кучайди.
Маълумки, “Бирдамлик” Ҳаракати ўз фаолиятини нозўравон йўллар билан амалга ошириб келмоқда. Афсуски куч ишлатар тизимларга таянган Каримов режими Ўзбекистонда тинч йўллар билан демократия ўрнатиш тарафдори бўлган “Бирдамлик” ҳаракати фаолларига нисбатан тазйиқ ва босимларни тўхтатмаяпти. Режим ҳаракатимиз аъзоларини қўрқув ва террор остида ушлаб туришга ҳаракат қилмоқда. Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари томонидан фаолларимизга нисбатан таъқиб, зўравонликлар, шантаж ва қаттиқ руҳий босимлар тўхтамаяпти.Бу каби зўравонликларга қарши курашган фаолларга ноқонуний қамоққа олиш ва жисмоний йўқ қилиш усуллари қўлланмоқда.
“Бирдамлик” ҳаракатининг Россиядаги беш вилоят бўлимлари раҳбарлари ҳам, гарчи Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари бўлишсада, Каримов режимининг террори уларни ҳам четлаб ўтолмаяпти.
Биз халқаро ҳамжамиятдан, қолаверса Россия давлатидан “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати фаолларини Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари зўравонликларидан ҳимоя қилишга чақирамиз. Барча демократик, инсонпарвар кучлардан ушбу масалага жиддий ёндошишларини сўраймиз.
Баҳодир Ҳасан,
“Бирдамлик” Халқ Ҳаракати етакчиси, АҚШ.



