Коммунал хизмат тўловларини вақтида тўламасанг, балога қоласан. Қарзинг ҳисобидан жарима олишади ёки суд қарори билан мол-мулкингни тортиб олишлари ҳам мумкин. Қонун шундай. Худонинг ўзи асрасин бундай кўргиликдан.
Шундан бўлса керак, барча тўловларни иложи борича олдинроқ тўлашга ҳаракат қиламан. Уларни ҳар сафар йил бошланиши олдида, ўн икки ой ҳисобидан тўлаб қўяман.
Нимадир бўлди-ю, тасодифан қўлимга тушган ортиқча маблағ эвазига йиллик иссиқ сув тўловини ўн икки ой олдин эмас, ўн беш ой олдинроқ тўлаб, хурсанд бўлгандим. Негаки, кун сайин ошаётган нарҳ-наво шароитида мен учун бу қулай эди. Афсуслар бўлсинки, кейин билсам, бу – давлатга қулай эмас экан. Иссиқ сув идораси мутасадди ходимининг айтишича, махсус чиқарилган фармонга кўра, тўловларни фақат ўн икки ой олдин тўлашга рухсат этилган. Бундан олдинроқ тўланган тўловларга эса, ошган нарҳ-наво қийматида қўшимча ҳақ тўланиши керак экан. Ана холос! Наҳот иссиқ сув идорасининг манфаати халқ манфаатидан устун бўлса?! Қолаверса, олдиндан кассага тушган пул вақт ўтиши билан маълум фоиз даромад келтириши ҳаммага аён-ку. Мантиқ қани бу ерда? Буларнинг ҳаммаси халқ оғзаки ижодидаги “Сол бўксангни корсонга. Сиғсаям тўлайсан беш танга, сиғмасаям тўлайсан беш танга” нақлини эслатди менга. Тўловларни олдинроқ тўласанг ҳам бир бало, тўламасанг ҳам… Сен ҳамиша айбдорсан… Тўловларни олдиндан тўлаган ё мен аҳмоқ ёки…
“Ажабо, бу қандай жамият, қандай тузум бўлди ўзи?!” – деб, дўстимга хасрат қилгандим, у: “Куйиб-пишганингнинг фойдаси йўқ. Буларнинг ўз сиёсати, ўз танлаган йўли бор. Бу йўлдан уларни ҳеч ким қайтара олмайди.
Бу – шунақа хунаса тузум”, – деди. “Хунаса” сўзи жудаям ёқиб тушди шекилли, уйга бора боргунимча мийиғимда кулиб кетдим.




