«Бирдамлик» Халқ ҳаракатининг Қашқадарё вилоятидаги фаолларидан бири Азамат Азимовнинг қамоқдаги тақдири номаълумлигича қолмоқда. Маълумки, жорий йилнинг апрель ойида у Қашқадарё вилояти Ички ишлар ходимлари томонидан қамоққа олинган эди. Дастлаб терговчилар унга кўп миқдорда гиёҳванд моддаларни сотиш айбини қўйишган эдилар. Азаматнинг ишидан дунё жамоатчилиги хабардор бўлгач, ушбу жиноий модда бошқасига алмаштирилилди, эндиу у гиёҳвандлик моддаси истеъмолчисига айлантирилганди.
«Бирдамлик» ҳаракатининг Қашқадарё вилоят бўлими раҳбари Ғани Раҳматовнинг сўзига қараганда, у бир неча бор Азаматнинг оила аъзолари ва яқин қариндошлари билан учрашган. Азаматнинг уйи ҳозирги кунда бўш турибди, қўрқитув ва босимлар остида унинг хотини ўз уйини тарк этишга мажбур бўлди.
Азаматнинг адвокати Зулфия опанинг гапига қараганда, у ўз ҳимоясидаги киши билан ҳали бирор маротаба учрашолгани йўқ. Тергов ишлари аллақачон тугаган, аммо суд ҳақида бирор хабар ҳозирчалик йўқ.
Ҳаракат фаоли Абдужалил Раҳмоннинг фикрича Азамат аллақачон суд бўлган бўлиши, унга жазо ҳам тайинланган бўлиши мумкин. Чунки, ҳозиргача унинг тақдири номаълумлигича қолмоқда. Унинг яқинларидан ҳеч ким шу кунгача Азамат билан терговда учрашолмаган. Азаматга нисбатан қийноқлар қўлланилганлиги ҳақидаги гаплар ҳам йўқ эмас.
-Биз Азаматнинг тақдиридан жуда хавотирдамиз, -дейди Ғани Раҳматов. -Наҳотки Ўзбекистонда инсон тергов ва судсиз изсиз йўқолиб кетса. Азаматнинг қамалишидан кейин ҳаракатнинг Қашқадарё вилояти фаоллари ортидан кучли кузатиш ва таъқиблар кучайган. Деярли ҳар куни маҳалла ва қишлоқ Фуқаролар кенгаши аъзолари номаълум инсонлар билан барчамизни савол – жавоб билан қўрқитиб, назорат қилиб туришибди.
Биз барча фаоллар сафдошимиз Азамар Азимовни тезда озод қилинишини талаб қиламиз, бизни талабни барча демократик давлатлар ва халқаро ҳамжамият қўллашини истаймиз.
«Бирдамлик» ҳаракати Қашқадарё вилояти фаоллари.



