ЎТТИЗ МИЛЁН БЎЛДИ ЯРАДОР

Саиджаҳон Равоний:
(Қирғизиcтонлик миллатдошларга)
***
Эй ўзбегим, қобил ва роиш,
Ҳар дуода тинчлик тилайсан.
Дуо билан битмайди ҳеч иш,
Топталишга мунча қулайсан?

Ўйла, аҳир, не учун хамон
Ўшда турар Ленин хайкали.
Жадал ривож топса-да замон,
Сенда ошар диннинг сайқали.

Ўйла ўзинг, не учун дунё
Нуқул олар қирғизнинг ёнин.
Қонинг оқса бамисли дарё,
Хукмдорлар койитмас жонин.

Тушун, катта сиёсат надир,
Унга тобе тангрилар, динлар.
Унда бўлмас тасодиф содир,
Хукмдорлар аслида жинлар.

Фалсафа лек хозир бефойда;
Қочай десанг, қочгани жой йўқ.
Хоҳлашганда, хоҳлаган жойда,
Аямасдан ёғдиришар ўқ.

Беролмаймиз биз сира ёрдам,
Йўл бермайди яна сиёсат.
Чегарадан бизни бир кадам,
Ўтказишга йўқ сира “руҳсат”.

Кечир ботса сўзларим оғир,
Дуо, инсоф, умид – бари пуч.
Дунё ёвуз, дунё тошбағир,
Бунда фақат тан олинар куч.

Бил-ки, четтан ёрдам қистасанг,
Кулфатларинг бўлмас нихоя.
Сен иззат ва тинчлик истасанг,
Ўзингни қил ўзинг химоя.

Лек айтайин гапни яна бир,
Ёлғизман, деб ўйлама зинҳор;
Қанча ўзбек ўлди, гарчи сир,
Ўттиз милён бўлди ярадор!
***
АНДИЖОН

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares