Россия президенти Қирғизистондаги этник бўлинишлардан хавотирда

Россия Президенти Дмитрий Медведев миллий низолар Қирғизистонни парчалаб юбориши ва бунинг оқибатида «радикал унсурлар»нинг қудратга келиши мумкинлигидан хавотир изҳор этган.
Жаноб Медведев бу ҳақда АҚШ Президенти Барак Обама билан бирга берган матбуот анжумани чоғида билдирган.
Россия раҳбари Қирғизистонга «алоҳида тинчликни сақлаш кучлари»ни юбориш режаси йўқлигини айтган.
Аммо Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг қўшма кучлари аралашуви эҳтимолини назардан соқит этмаган.
Россия раҳбарининг Америка Қўшма Штатларига сафари кеча пайшанба куни бошланганди.
Ўзаро музокаралар чоғида икки давлат орасидаги савдо алоқалари ва Қирғизистон масаласининг муҳокама этилиши кутилганди.
Жаноб Медведев, «сайловлар ортидан Қирғизистон қаршисида турган ана шу муаммоларни бартараф этишга қодир ҳукумат қудратга келишига умид қилишаётгани, акс ҳолда Қирғизистондаги вазият янада ёмонлашиб, ҳатто парчаланиб кетиши мумкинлиги»ни баён қилган.
Икки давлат раҳбарининг музокаралар ортидан чиқарган қўшма баёнотларида айтилишича, Қирғизистонда демократия ва барқарорлик ўрнатилишидан бирдек манфаатдорлар.
Ўз ўрнида икковлон расмий Бишкекни мавжуд муаммоларни ҳал этишда зўравон бўлмаган сиёсий усуллардан фойдаланишга даъват этишган. Ҳамда Қирғизистонда вужудга келган инқирозга БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда эътибор қаратиш ғоясини дастаклашган.
Дмитрий Медведев «ҳали ўз қонунийлигини исботлаши керак эса-да, қирғиз муваққат ҳукумати билан иш олиб бораётганликлари, ҳар қандай шароитда ҳам мамлакати Қирғизистонни стратегик ҳамкори сифатида кўриши»ни билдирган.
Россия раҳбарининг айтишича, Қирғизистонга ҳам молиявий жиҳатдан ва ҳам вужудга келган инсоний инқирозни бартараф этишда ёрдам беришда давом этишади.
Ўз навбатида, АҚШ президенти Барак Обама Қирғизистондаги вазиятни диққат билан кузатаётганига ишора этди.
Президент Обаманинг фикрича, алоҳида бир давлат Қирғизистонда тартиб ўрнатишга интилмаслиги лозим.
«Минтақадаги вазиятни барқарорлаштириш йўлида халқаро жамоатчилик ҳисса қўшиши лозим. Қирғизистонда фуқароларни ҳимоя этишга қаратилган барча ҳаракатлар фақат алоҳида бир малакат байроғи остида эмас, халқаро жамоатчилик байроғи остида амалга оширилиши лозим,» деб айтган президент Обама.
БМТ Хавфсизлик Кенгашида нима гап?
БМТ юқори мартабали мулозими Хавфсизлик Кенгашини Қирғизистонда этник тангликлар ҳануз барҳам топмагани ва янги зўравонликлар тўлқинига оид хавотирлар мавжуд экани билан огоҳлантирган.
Аммо БМТ Хавфсизлик Кенгаши пайшанба кунги йиғинида Қирғизистон масаласида бирор бир чора кўриш қарорига келмаган.
Дипломатларнинг айтишларича, Хавфсизлик Кенгашининг Қирғизистон жанубида юзлаб кишиларнинг ўлими ва минглаб кишиларнинг ўз турар-жойларини ташлаб чиқишларига сабаб бўлган миллий низолар масаласини муҳокама этиш қарори бу хусусда халқаро ҳамжамиятнинг хавотирлари кучайиб бораётгани далолатидир.
БМТ Бош котиби муовини Фернандес-Таранко эса, Қирғизистонга қайтаётган қочқинларнинг хавфсизликларини таъминлаш ва янги зўравонликларни келтириб чиқариши мумкин бўлган иғвогорана амалларнинг олдини олишнинг муҳимлигини урғулаган.
БМТ мулозими, шунингдек, агар миллий низолар қайталанса, бунинг Қирғизистон ва бутун бир минтақага таъсири билан огоҳлантирган.
АҚШ ва БМТ маҳаллий расмийлар икки минг киши қурбон бўлганини айтган Қирғизистондаги этник зўравонликлар юзасидан мустақил халқаро тергов ўтказишга чақиришган.
BBCuzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares