Сўз эркинлиги бўлмаган жамиятда порахўрлик урчиб кўпаяди

Носир Зокир
Инсон сувсиз яшай олмайди, бу – ҳақиқат.
Инсон овқатсиз яшай олмайди, бу ҳам ҳақиқат.
Инсон ҳавосиз яшай олмайди. Бу хам 5Х5=25дек исбот талаб қилмайдиган аксиома.
Яна бир ҳақиқат борки, бу ҳақиқат учун тарихда минглаб инсонлар курашиб, ўз ҳаётларини ҳаттоки қурбон қилишган. Бу ҳақиқат – инсонларга Оллоҳ томонидан берилган ахборот олиш ва уни изҳор этиш эркинлигидир.
Ҳа, бундай эркинликни яратган Зот берган. Бу эркинликни бўғишга ҳаракат қилган ҳукуматлар, қолаверса шахслар, тарихдан биламизки албатта эл орасида шарманда бўлиб, охир – оқибат ҳалокатга учрашган. Бу ҳам исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Бунга сиз билан биз яхши билган собиқ иттифоқ тарихи яхши исботдир.
Инсонларни 73 йил давомида сўз эркинлигидан жудо қилиб келган, дунёга даҳшат солган армияси, КГБси, милицияси бўлган қудратли давлат Горбачёвнинг жамиятга сўз эркинлиги бериши оқибатида йўқ бўлиб кетди. Агар давлат 1917 йилдан бошлаб сўз эркинлигига амал қилиб келганида ҳали анча яшаши мумкин эди.
Бугунги диктаторлар ўз манфаатларидан келиб чиқиб сўз эркинлигини ўзларини душманлари деб биладилар. Сўз эркинлиги бўлса эҳтимол улар ҳокимият тепасида узоқ яшаб қололмасдилар. Бошқа томондан сўз эркинлиги бўлган давлатларнинг пойдевори мустаҳкам бўлади. Бундай давлатга ҳеч қандай ташқи ёки ички кучлар таъсир ўтказа олмайди.
2008 йилда биз АҚШда бўлганимизда Жоржия штатининг бир полиция ходими билан учрашдик. Мен унга савол бердим. «Сизларда порахўрлик борми?» деб. У ҳайрон бўлди. Саволимни тушуниб етгач, шундай жавоб берди. «Биринчидан бизни давлат системаси шундай қурилганки «Пора» олишга эҳтиёж йўқ. Одамларга порахўрлик тушунчаси ёт. Иккинчидан, мансабдор шахсларни, ҳуқуқ- тартибот ходимларини ҳар қадамда матбуот ходимлари кузатиб турадилар. Қайсидир мансабдор шахс жиноят килса ходимларимиз бизга эмас аввало матбуот ходимларига мурожаат киладилар. Бу билан уларнинг раҳбарлари олдида ҳам обрўлари ошади. Агар мен мободо пора олсам, ўша кезни ўзида матбуотда пора олаётган суратим пайдо бўлади».
Ҳа, айнан сўз эркинлиги бўлмаган жамиятда порахўрлик урчиб кўпаяди. Бир жиноятни яширган ўзбек амалдори, уни ёпиш учун иккинчи жиноятга қўл уради. Юқоридаги америкалик полиция ходимини сўзларини ёзаётиб ўшандай жамиятда яшагим келиб кетди. Сизнинг-чи?

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares