2010- йилнинг 19- майида ferghana.ru сайтида» Это всё происходит в Узбекистане» мақоласи чоп этилди.(http://ferghana-blog.livejournal.com/105612.html) Бу мақолада Ўзбекистоннинг Жазони Ўташ Бош Бошқармасига ( ГУИН) қарашли УЯ 64/3 колониясида маҳбусларни қандай ноинсоний ва даҳшатли қийноқларга солиниши тўғрисида маълумотлар берилган. Бу мақолани ўқиб чиққанингиздан сўнг Ўзбекистон қамоқхоналарида жазони ўтаб чиққан маҳбуслар ҳам жисмоний ҳам маънавий мажруҳ бўлиб чиқишига амин бўласиз.
Ўзбекистондаги Ислом Каримов режими ҳам барча тоталитар ва авторитар тузумлар каби икки таянч устига қурилган: биринчиси ёлғон, иккинчиси қўрқув. Ислом Каримов режимига бўйсунмаган фуқаролар режим томонидан ноқонуний, конституцияга ҳилоф равишда жазоланади, танбеҳ берилади, маоши камайтирилади, ишдан бўшатилади, уй қамоғига қўйилади, қийноқлар остида кўп муддатли қамоқ жазоси билан жазоланади ва ҳакозо.. Бунга мисол қилиб диссидент шоир Юсуф Жума, диссидент ёзувчи Мамадали Маҳмудов, журналист Жамшид Каримов, инсон ҳуқуқ ҳимоячилари Норбой Холжигитов, Аъзам Фармонов, Алишер Кароматов ва бошқа кўплаб диний ва дунёвий мухолифат вакилларининг Ислом Каримов режими томонидан Ўзбекистон конституцияси ва қонунларига зид равишда узоқ муддатларга қамалганликлари мисол бўла олади Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбусларни ҳам маънавий, ҳам жисмоний мажруҳ қилишда қамоқхона маъмурияти қандай усуллар қўллаганлиги мақолада батафсил ёритилган. Қамоқхона маъмурияти маҳбусларни қўрқувда ушлаб туриш учун маҳбуслар ичидан ўғри,лаганбардор, амалпараст, чақимчи(стукач) кишиларни ажратиб олиб уларни яхши ишларга жойлаштиради ёки имтиёзлар яратади, ким ҳалол, меҳнаткаш, мустақил фикрловчи бўлса улар оғир ишларга жалб қилинади, таҳқирланади, қийноқларга солинади, жазоланади. Мақсад маҳбусларни қўрқитиб, пировардида бутун Ўзбекистон фуқароларини қўрқитиб уларни Каримов режимига бўйсундириш.
Шу ерда менинг ёдимга Александр Сольженициннинг «Архипелаг Гулаг» асарида тасвирланган бир эпизод эсимга тушди, 2- жаҳон урушидан сўнг Берлинга Совет Иттифоки байроғи ўрнатилгандан сўнг Совет Иттифоқига қайтиб келган асирда бўлган совет аскарларининг ва Сталин режимига ёқмай қолган аскарларнинг кўпчилиги қамалади. Қамоқдаги Совет Иттифоқига ғалаба келтирган аскар-маҳбуслар бу адолатсизликка чидолмасдан Сталин режимига қарши, қамоқхона маъмуриятига бўйсунмай қўяди. Маҳбуслар қамоқхонадаги чақимчилар, ўғрилар, қамоқхона маъмуриятига хизмат киладиган маҳбусларни ўлдира бошлашади. Қамокхона маъмурияти маҳбуслар устидан назоратни бутунлай йўқотгандан сўнг улар Москвага ёрдам сўраб мурожаат қилишга мажбур бўлишади. Москвада Политбюро (Сталин бошчилигида) Совет Иттифоқининг барча худудларидан ўғриларни йиғиб, қамоқхонадаги маҳбуслар орасига қўшиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилади. Лекин СталиннингПолитбюро қарори асосида берилган буйруғи ижобий натижа бермайди. Маҳбуслар қамоқхонада ўғриларни ҳам ўлдира бошлашади. Ўғрилар маҳбуслардан қочиб бир баракка беркиниб олишади.Сталин бошчилигидаги Совет хокимияти бўйсунмай қўйган қамоқхонага танклар билан ҳужум қилиб исённи бостиришга буйруқ беради.Натижада жуда кўплаб маҳбуслар танклар тагида ўлиб кетади, тирик қолганларини Совет Иттифоқининг бошқа қамоқхоналарига тарқатиб юборилади.
Ҳозир Ўзбекистонда 1950- йиллардаги Сталин даври эмас, Совет Иттифоқи парчаланиб кетганига келаси йили 20 йил тўлади, лекин бу мақоладан кўриниб турибдики, Ислом Каримов Сталин режимининг Совет Иттифоқи фуқароларига нисбатан қўллаган репрессив методларини Ўзбекистон фуқароларига қўллашни давом эттиряпти. Афсуски ўзбек ҳалқи ҳали Ўзбекистонда ўғриларни, порахўрларни, чақимчиларни, лаганбардорларни, амалпарастларни ўлдириш у ёқда турсин (мен ўзим шахсан ўлдиришга қаршиман), бундай кишиларга қарши курашиш даражасида ҳам шакллангани йўқ. Ҳаттоки ўзбек зиёлиларининг кўпчилиги буни тушуниб етгани йўк ёки тушуниб етса ҳам шу режимга хизмат қиладиган кишиларга қарши курашиш даражасига етганлари йўқ. Фикримнинг исботи учун бир нечта мисоллар келтираман. Янги дунё сайтида ёзувчи Абулқосим Мамарасуловнинг хотиралари чоп қилинди(http://yangidunyo.com/?p=11168#more-11168). Бу хотираларда Абулқосим Мамарасулов мустақилликдан олдинги ва кейинги йилларда Ўзбекистон Коммунистик партиясининг биринчи секретари Шароф Рашидовнинг номини оқлаш учун қилган саъй ҳаракатларини батафсил тасвирлаган. Бутун дунё жамоатчилигига маълумки Совет Иттифоки Компартиясининг жиноятлари Фашистлар Германиясининг жиноятларидан кам эмас.
Наҳотки истеъдодли, таниқли ёзувчи Абулқосим Мамарасулов буни билмайди. Шароф Рашидовнинг Ўзбекистонни бошқарган даврида Орол денгизининг қуришига олиб келадиган сиёсат олиб борганлиги(камида 500 йиллардан бери мавжуд бўлган Орол денгизини 20 йиллар ичида кескин саёзлашиб,кичрайиб, ҳалокат ёқасига олиб келиб қўйилди.), кенг миқёсда қўшиб ёзишлар амалга оширилганлиги, порахўрлик, коррупция кенг ривожланганлиги, мактаб ўқувчилари, студентлар, давлат ташкилоти ва корхонада ишловчилар мажбурий равишда пахта теримига 3-4 ойлаб жалб қилинганидан хабари йўқ? Яна мени ўта ажаблантирган нарса шуки, Абулқосим Мамарасулов “Архипелаг Гулаг”ни ўзбек тилига таржима қилган.
Истеъдодли журналист Исмат Хушев тинмай Ислом Каримов режимини мақтаяпти(http://www.bbc.co.uk/uzbek/news/story/2010/01/100104_talkingpoint_khushev.shtml), академик Рустамжон Абдуллаев Гулнора Каримовани «Ўзбекистон маликаси» деб Ўзбекистон учун энг яхши тузум монархия деб дунёга жар соляпти(http://www.12.uz/#ru/news/show/comments/3995). Истеъдодли шоирлар Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовлар репрессияга учраган Ўзбек мухолифатининг ачинарли аҳволига кўз юмиб, Ислом Каримов режимига маддоҳлик қилишяпти. Лекин Ўзбекистонда Юсуф Жума, Мамадали Маҳмудов каби истеъдодли шоир, ёзувчилар ҳам бор. Тарихда Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир,Абдулла Қодирий каби ўзбек зиёлилари сталин режимига хизмат қилмаганлиги учун улар сталин режими томонидан қаттик жазоланганини яхши биламиз. Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповлар қанчалик истеъдодли бўлишмасин, 100 йиллардан кейин ҳам ҳалқимиз уларнинг Ислом Каримов режимига хизмат қилганлигига кўз юма олмайди, балким кечира ҳам олмайди.
Тўгри ўзбек зиёлилари Ўзбекистонда ўта шафқатсиз репрессив машина яратилганлигини жуда яхши билади, бу репрессив машинани юргизаётган шахсларни танқид қилсангиз бу машинани тагида қолиб кетишингиз мумкин. Лекин очиқ кўриниб турибдику, шу репрессив машинага ҳизмат қилмасдан, ўзбек ҳалқига хизмат қилса бўладику. Ислом Каримов режими ҳам Адольф Гитлер, Иосиф Сталин, Муссолини, Франько ёки Япон милитаризми режимлари каби тарих сахнасидан улоқтириб юборилади.Албатта Ислом Каримов режими санаб ўтилган режимларнинг ҳамма хусусиятларига эга эмас,масалан ўз идеологиясини,қудратини дунёга ёйиш ва харбий, иктисодий кудрати ва интеллектуал салоҳияти ҳам таққослашга арзимайди. Буни тушуниш учун катта ақл талаб қилинмайди.
Эркинлик, демократия Марказий Осиёга етиб борди, бунга Мўғулистонда эркин , демократик жамият шаклланганлиги, Қирғизистонда 2 диктаторнинг қувиб ҳайдалиши, Афғонистон парламентининг Хамид Карзай томонидан министрликка тақдим этилган 23 номзоддан 17 номзоднинг рад қилинганлиги мисол бўла олади. Дунёдаги 6 турк давлатлардан Қирғизистон эркин, демократик жамият яратишга бел боғлади.бундай жамият қуришда Туркия катта ютуқларга эришди. Қозоғистон, Озарбайжон ва Туркманистоннинг иқтисоди оёққа туриб олди, фақатгина Ўзбекистонда Ислом Каримов режими туфайли (бу режимни оккупацион режим десак ҳам муболаға бўлмайди.) аксарият фуқаролар қашшоқлик, ишсизлик, порахўрлик, коррупция, зўравонликдан азоб чекмоқда.Ўзбеклар Турк миллатлари ичида Усмонли турклардан кейинги энг кўп сонли миллатдир. Мен ишонаман бу миллат Ислом Каримов режимини улоқтириб ташлаб Ўзбекистонда эркин,демократик жамият қуришга ўзида куч топа олади.
23-май, 2010-йил.
Абдужалил Бойматов.Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти президенти.