Россия: ўз фарзандини сотишга уринган ўзбек аёли ҳибсга олинди

Москва вилоятининг Митиши шаҳарчасида уч ойлик фарзандини сотишга уринган ўзбекистонлик аёл ҳибсга олинган.
Расмийларга кўра, она ўз гўдагини сотиш пайтида фуқаровий кийимда келган милиция ходимлари томонидан қўлга туширилган.
Ҳозирда унга нисбатан «одам савдоси» айблови бўйича жиноий иш қўзғатилган.
Таҳлилчиларга кўра, Россияда Марказий Осиёлик муҳожир аёлларнинг ўз фарзандларини сотиш ёки ташлаб кетиш ҳоллари кам эмас.
Жорий йил аввалида Москва вилоятининг Истра шаҳрида бир яшар боласини сотишга уринган Марказий Осиё фуқароси тўрт ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилганди.
Москва вилоят прокуратураси расмийларига кўра, 35 ёшли ўзбекистонлик аёл 3 ойлик ўғилчасини одамлар билан гавжум Митиши савдо марказида сотишга уринган пайтида ҳибсга олинган.
Милиция расмийларининг маълум қилишича, аёл ўз фарзанди учун аввалига 25 минг рубл, яъни тахминан 800 АҚШ доллари сўраган.
Фуқаровий кийимда харидор сифатида келган милиция ходимлари чақалоқни 10 минг Россия рублига сотиб олишган ва ўша заҳотиёқ аёлни ҳибсга олишган.
Ўзбекистонлик аёл пулсиз, уй-жойсиз, ишсиз қолган. У бемор фарзандини шифохонадан олишга мажбур бўлган. Ўзбекистонда уни икки фарзанди бўлган. Ватанга қайтишига аёлнинг яқинлари йўл бермаган ва ундан юз ўгиришган.
Гавҳар Жўраева
Ўзбекистон фуқаросига нисбатан Россия жиноий коддексининг «одам савдоси» моддаси бўйича жиноий иш очилган.
Ушбу айблов маҳкамада ўз тасдиғини топса, ўзбек аёли 6 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилиши ва оналик ҳуқуқидан маҳрум этилиши мукин.
Уч ойлик гўдак бола ҳозирда Митиши шаҳри касалхонасига ётқизилгани айтилади.
Москвадаги «Муҳожирлик ва қонун» ташкилотининг раҳбари Гавҳар Жўраеванинг айтишича, Ўзбекистонлик аёл ўта оғир шароитга тушган ва ўз фарзанди ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида, болани сотишга мажбур бўлган.
«Ўзбекистонлик аёл пулсиз, уй-жойсиз, ишсиз қолган. У бемор фарзандини шифохонадан олишга мажбур бўлган. Ўзбекистонда уни икки фарзанди бўлган. Ватанга қайтишига аёлнинг яқинлари йўл бермаган ва ундан юз ўгиришган. Афсуски, бундай ҳоллар муҳожир аёллар орасида кўпаймоқда. Россия муҳожирлик қонунлари ишламаётгани сабаб қийин аҳволга қолган муҳожирлар, афсуски нафақат ўз фарзандларини сотиш, балки ўз жонларига қасд қилишгача боришмоқда,» дейди Гавҳар Жўраева.
Россиялик кузатувчилар Марказий Осиёдаги оғир иқтисодий шароитдан қочиб Россияга йўл олаётган эркаклар қатори аёллар орасида ҳам турли жиноятларга қўл уриш кўпаётганига ишора этишади.
Шу йилнинг феврал ойида Москва вилоятининг Истра шаҳрида бир яшар ўзбекистонлик болани сотишга уринган Марказий Осиёлик 4,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилди.
Икки йил муқаддам Екатеринбург шаҳрида уч ойлик фарзандини сотишга уринганликда айбдор деб топилган ўзбекистонлик аёл ва унинг синглиси олти йилга озодликдан маҳрум этилган эди.
BBCuzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares