Носир Зокир
5- май куни Ўзбекистон телевидениесининг «Ёшлар » телеканалида берилган «Маҳаллада дув-дув гап » фильми ҳақидаги кўрсатувда сухандон «Нега биз бу кинони яхши кўрамиз? Чунки, бу кинода миллий урф-одатларимиз урф уриб турибди» деди. Шу ерда мантиқ кўрмадик. Нега? Чунки ҳозир шу телевидение орқали совет замони ёмонланиб, совет империяси миллий урф- одатларимиз оёқ ости қилинган давр сифатида талқин қилиняпти. Хўп, совет даврида бизнинг миллий урф -одатларимиз оёқ ости қилинган экан, 1960 йил экранларга чиқарилган «Маҳаллада дув-дув гап » фильми қайси давр маҳсули?
Коммунистик ғоя доимо мантик фанига ўз душманидек қараган. Чунки, мантиқ инсонларни фикр доирасини кенгайтиради ва мантиқни тушинган инсон кўплаб кўзбўямачиликларни тушунтиб қолади.
Яна бир мисол келтирай: 1991 йил 17 март куни собиқ Совет Иттифоқини сақлаб қолиш бўйича референдиум ўтказилди. Наврўз байрами арафаси эмасми, байрамга бағишланган ҳар бир йиғинда ҳукумат одамлари пайдо бўлиб, СССРни сақлаб қолиш бўйича байрам баҳона тарғибот қила бошлашди. Бу катта амалдор «Время» дастурида чиқиб, иттифоқ амалдорларини ўзбек халқининнг юз фоизи иттифоқ учун овоз беришига ишонтирди. «Бирлик», «Эрк» партиялари вакиллари бирлашиб одамларни иттифоққа қарши овоз беришга чақира бошлашди. Баъзиларни варақа тарқатганликда айблаб қисқа муддатларга қамашди.
Мухолифат халқни Ўзбекистонни мустақиллиги учун овоз беришга чақирган эди.
Орадан тўрт ой ўтиб мустақил ҳам бўлдик.
Мантиқан олиб қараганда, мустақиллик эълон қилингандан кейин ҳукумат мухолифатдан узр сўраб, ярашиб, биргалашиб ишлаши керак эди. Лекин, мустақилликдан олдик ҳам, кейин ҳам ҳукумат мухолифатчиларга бўлган муносабатини ўзгартирмади. Қани бу ерда мантиқ?.
1990 йилда дўстларимиз билан «обком»нинг идеалогия бўйича котибининг олдига кириб, «Комунистлар» кўчасини «Амир Темур» номига алмаштиришни талаб қилдик. У пайтда Амир Темур «оқланмаган” эди. «Обком» котиби нима деди, биласизми? «Қанақа одамсизлар, мустақиллик талаб киляпсизлар индамаяпмиз, мулкни хусусийлаштир деяпсизлар, чидаяпмиз. Энди жаллодни номини тиклашни талаб киляпсизларми? Биласизларни бу гапларни юкорига етказсам нима булади?» деди у.
Шу шахс ҳозир Наманган вилоятининг маорифи раҳбарларидан бири. Қани бу ерда мантиқ?
Ҳозир Ўзбекистон матбуотига эътибор қаратилса, гўёки биз совет даврида яшаётгандекмиз. Ваҳоланки, раҳбарларимизнинг аксарияти ҳам, биз ҳам ўша даврда яшаганмиз. Собиқ Иттифоқни кизил империя, авторитар режим эканлиги, миллионлаб миллатдошларимизни кириб ташлаганлиги ҳам рост. Лекин, бизнинг олимларимиз, мансабдорларимиз собиқ иттифоқни , Сталин, Ленин каби жаллодларни асл башарасини очиб бериш ўрнига, собиқ иттифоқни унутишга ҳаракат қилишмоқда. Бу ерда ҳам мантиқ кўрмаяпман.
Хуллас, давлат сиёсатида ҳам, оддий ҳаётда ҳам мантиқ бўлиши керак. Бусиз ҳар жабҳада қоқилаверамиз.