Каримов: қирғиз жараёнларининг одатийга айланиш хавфи бор

Москвада Россия раҳбарлари билан учрашган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Қирғизистондаги вазиятдан ташвишда эканини билдирган, аммо ўзининг Москвага сафари Қирғизистондаги воқеалар билан боғлиқ эмаслигини таъкидлаган.
Икки ҳафта аввал бошланган ва президент Қурманбек Бакиевнинг ағдарилишига олиб келган Қирғизистондаги воқеалар билан боғлиқ илк баёнотида Президент Каримов Қирғизистондаги ҳозирги воқеаларни 2005 йилдаги «Лола инқилоби»га қиёслаган ва ҳукуматларни ағдаришнинг доимий тус олаётганидан хавотир билдирган.
Ўзбекистон раҳбари бу ҳақда Россия Президенти Дмитрий Медведев билан учрашувдан сўнг журналистлар қаршисида гапирган.
«Бугун Қирғизистонда бўлаётган жараёнларнинг доимий тус олиш жиддий хавфи бор. 2005 йилда юз берган нарсалар юқумли характерга эга намуна бўлди. Ва ҳар қандай қонуний раҳбарият, ҳукуматни жуда осон ағдариш мумкин деган хомхаёл пайдо бўлади. Айни ҳодиса роппа-роса беш йил ўтиб юз берди», деб айтган Президент Каримов.
Кремлда бўлган журналистларга кўра, Қирғизистон ҳодисаларини ёритишдаги ёндашуви учун Президент Ислом Каримов Россия матбуотини қаттиқ танқид қилган.
Мухбирларга кўра, Россия рўзномаларидаги «эрксевар қирғиз халқининг ишларини қўшни мамлакатларнинг раҳбарлари ваҳима билан, аҳоли эса хурсандчилик билан кузатиб бораётгани», «Қирғизистондагидек ҳодисалар қўшни мамлакатларда ҳам содир бўлиши» ҳақидаги шарҳлари танқиднинг асосий сабаби бўлган.
Президент Каримов, Ўзбекистонда ҳеч ким Қирғизистондаги ҳодисаларни хурсандчилик билан кузатаётгани йўқ, деб айтган ва ўзининг сўзлари ростлигига ишонч ҳосил қилмоқчи бўлган журналистларни Фарғона водийсига боришга таклиф этган.
Матбуотдаги нотўғри баҳолар Россия-Ўзбекистон халқлари ўртасидаги муносабатларга ёмон таъсир кўрсатиши эҳтимолидан огоҳлантирган жаноб Каримов, Қирғизистондаги вазият унинг қўшнилари манфаатларига мос келмайди, деб айтган.
Россия Президенти Дмитрий Медведев сўзларига кўра, Россия ҳам, Ўзбекистон ҳам Қирғизистон ҳокимияти кучли, халқи фаровон бўлишини истайди.
Дмитрий Медведев президент этиб сайланганидан буён Россияга илк расмий ташриф билан борган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни «аниқ мазмун билан тўлдириш зарур,» деб айтган.

Ўзбекистон 2005 йилдаги Андижон воқеаларидан сўнг Россия билан иттифоқчилик алоқалари тўғрисидаги битимни имзолаган, ушбу битим амалда АҚШ билан аввалроқ имзоланган стратегик шериклик битимининг ўрнини эгаллаган эди.
Аммо ўтган вақт мобайнида вазият ўзгарган ва расмий Тошкент Москва билан иттифоқчилик битимини борган сайин камроқ тилга ола бошлаган.

BBCuzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares