СЎКАҒОН РАИС ЯНГИ ЛАВОЗИМГА ТАЙИНЛАНДИ

“2009 йилнинг апрел ойида, салкам 7-8 йилдан бери шаҳарчада тоғ бўлиб уйилиб кетган ахлат чиқиндиларини ташиб чиқариб ташлаш юзасидан туман хокимлиги ташаббус билан чиққанди. Дастлаб бу иш шаҳарчадаги “Шодлик” маҳалласининг Мустақиллик даҳасида амалга оширилди. Даҳага туман ҳокимлигининг ёрдами билан Вилоятлараро “Мирзачўл” бирлашмасининг сув тармоқлари бошқармаси ўз техникалари билан ёрдамга келган эди.
Бўстон шаҳарчасидаги “Шодлик” маҳалласининг раиси Қувондиқ Абдураззоқов ва котиби Эргаш Пардабоевлар ўшанда 7 кун давом этган ҳашарда қораларини ҳам кўрсатишмади. Ахлат чиқиндиси уйилиб ётган жойдан уйи 30 қадам бўлган раис ҳашарчиларга ҳорма дейишга ярамади. Даҳа аҳли баҳоли қудрат 5-10 минг сўмдан пул йиғиб, техникаларга ёқилғидан ёрдам беришга, тракторчиларга тушлик қилиб беришга ҳаракат қилдилар. Виждонсиз раис эса тайёр ошга баковул бўлиб чиқди. Туман ҳокими бир четда қолиб, шахсан ўша пайтда вилоят ҳокими вазифасини бажараётган Махмуд Холбўтаевга, “барча ишлар менинг раҳбарлигимда бажарилди, 138 тележка ахлат чиқиндиси четга чиқариб ташладик,” деб, “Миннатдорчилик хати” ёзишдан уялмади., Раиснинг устамонлиги ҳақида даҳа аҳли ўша пайтда туман ҳокимига хат ёзган бўлсада, лекин Қ.Абдураззоқовнинг мушугини пишт дейдиган одам топилмади.
2009 йилнинг 12 декабрь куни “Шодлик” маҳалласининг М.Мамадалиев кўчасида тоғ бўлиб уйилиб кетган 8 йиллик ахлатларни четга ташиб чиқариб ташлаш ишлари бошланди. Бу ердаги уйилиб кетган ахлат чиқиндисини вилоят ҳокимлиги вакили Илҳом Пардаевич Умурзоқов ҳам кўриб кетганди. Мен ана шу ишларга тозалик бўйича назоратчи сифатида бириктирилгандим. Туман ДСЭМ бошлиғи Ҳакимова Норой ва санитар врачимиз Анорбой Ражабовлар ишимиздан тез-тез хабар олиб туришарди. 13 декабрь якшанба куни ҳам тозалаш ишлари жадал давом этди. Шу вақтгача қорасини кўрсатмаган Қувондиқ Абдураззоқов 14 декабрь куни осмондан тушгандек, важоҳат билан пайдо бўлди. Кела сола шу ерда яшовчи фуқоро Шура Коваленкога, “Ташлаган ахлатларинг учун 100 минг сўм пул олиб чиқ,”-деб, бақириб берди. Коваленко эътироз билдирмоқчи эди, қутурган раис, “мен ҳар куни шу ахлат учун киссамдан 200 минг сўм харажат қилаяпман,-деб уни ҳақоратлашга тушиб кетди.
Шаҳарчадаги “Дўстлик” маҳалласининг раиси Абдували Ҳотамов ва “Навруз” маҳалласининрг раиси Одил Абдурахмоновлар, сўкағон раисни инсофга чақириш ўрнига, унинг тарафини олиб, Шурага ёпиша кетишди.
Кейин менга кўзи тушиб қолган раис, “ҳой, бу ерда нима қилиб турибсан. -Сен ифлосларнинг мусурини оламан деб, катта бошимини кичик қилиб шу ерга келиб ўтирибман. Уларни штраф қилсанг ўласанларми,- деб бақира кетди. Ҳатто менга қўл кўтаришгача борди.
Раиснинг жазавага тушганининг сабаби, унинг раис бўлганига 8 йил бўлган бўлса ҳам, илгариги ҳоким унга бирон марта ахлатхонага бор, ишнинг бошида тур демаган эди. Буниси эса унга, чиқиндиларини тозалашга бош-қош бўл демоқда. Ана шуларни ўйлаб, азбаройи аччиғи чиққан Қувондиқ Абдураззоқов баримизни қаторлаштириб сўка кетди. “Кимга бориб шикоят қилсанг қилавер, ҳеч кимдан қўрқмайман,- деб, жазавага тушди.
Ўзига хон, кўланкаси майдон бўлган раис ҳузурига иш билан келган фуқороларни, оғзига келган гаплар билан ҳақорат қилаверади. Унинг ғазабига туман ДСЭМидан келган врачлар ҳам бир неча марта учраган. 2007 йилда Бўстонга биркитилган санитария врачини ҳақоратлаб, қоғозларини юзига улоқтириб, хонасидан қувиб чиқарган эди. Бош врачимиз келиб, ҳокимга шикоят қилишини айтгандагина, Қувондиқ сувга тушган мушукдек юввош тортганди.
Қувондиқ Абдураззоқов пихини ёрган айёр. Этик тор келиб қолганда, кўз ёшини тўкиб, ўзини бечора ҳол кўрсатиши мумкин. Сўкканларидан тонади. Вазифасида қолиш учун ҳарқандай тубанликка тайёр.
Ана шундай одамнинг маҳаллага раис бўлиб ишлашга ҳаққи борми? жаҳлига хоҳлаганича эрк бериб, одамларни сўкаверса. Фуқоралар дардини эшитгиси келмаса.. Бизнингча, унинг сийи битди…”

 
Биз Зарбдор туман Давлат назорат эпидемиология марказининг Бўстон шаҳарчаси бўйича назоратчиси, жабридийда Бувсора Худойқулованинг вилоят ва туман ҳокимларига йўллаган шикоят-аризасидан парчалар келтирдик. Хўш, унинг аризаси қандай ижобат бўлди дерсиз.Сўкағон раис битта Бувсорани сўкиш билан чекланмаган экан. У шаҳарчадаги “Дўстлик” маҳалла фуқоролар йиғини диний-маърифий ишлар бўйича маслаҳатчиси Фотима Арзиевани, шаҳарчадаги саноат касб-ҳунар коллежи кафедра мудири Жўрақул аканинг рафиқасини ҳам чангитиб сўккан экан.
Жанжалли воқеа қандай якунланди дерсиз? Ур-сур анча давом этиб, яқинда якун топди. Қувондиқ Абдураззоқовни маҳалла раислигидан олишиб, туман “Маҳалла хайрия жамғармаси”га рисликка тайинлашди. “Тико” русумли хизмат машинаси балан сийлашди. Туман жиноят ишлар суди эса, оғзидан боди кириб, шоди чиқиб турадиган раисга 400 минг сўм жарима солди. Сўкиш эшитганлар эса, “биз ғалаба қозондик, уни ишдан олишди, маҳалла раислигидан кетди”- деб, хурсанд бўлиб юришибди.

Ушбу ҳангомаларни оққа
кўчирувчи Абулфайз БАРОТОВ.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares