Рейдчига рейд билан жавоб муқаррар

Маълумки, Жиззах вилояти ИИБ ДАН бошқармаси қатор йиллардан бери вилоят халқи тинчлиги, йўл ҳаракати хавфсизлиги учун самарали ишларни бажариб келади. Биз ҳайдовчилар, аксарият ҳолларда ДАН ходимларининг беминнат хизматларидан хурсанд бўлиб, уларга ташаккур изҳор этганмиз. Аммо гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, ДАН ходимлари орасида ҳам айрим таъмагир, айни фурсатни афзал билувчи ходимлар борки, улар бир кунмас бир кун албатта ДАН тартиботи номига иснодлар олиб келиши шубҳасиз. Аввало айтишим лозимки, мен яшайдиган Бўстон шаҳарчасидан Жиззах шаҳар автостанциясига қадар 14 км лик йўл. Ана шу йўл оралиғида аксарият ҳолларда уч жойда ДАН ходимлари йўл ҳаракатини назорат қилиб турадилар. Улар қайси жойлар эканини ўзингиз яхши биласиз албатта. Уларнинг у жойларда туриб, йўл ҳаракатини назорат қилишга рухсати борми, йўқми, бу ҳам алоҳида масала.

Лекин мен айтмоқчиманки, бу назоратчилар мени неча бор тўхтатишган бўлмасин, ҳамиша хушмуомалада бўлишган, ҳужжатларимни текшириб, ҳаммаси жойидалигига ишонч ҳосил қилишгач, яна хушмуомамалик билан ўзимга қайтариб, оқ йўл тилашган. Аммо Жиззах шаҳри ичидаги, айниқса, Шароф Рашидов шоҳкўчасининг 3 микрорайон қаршисидаги чорраҳа атрофидаги пана жойларда туриб, йўловчи автомобилларни пойловчи

ДАН ходимларининг аксарият мақсади фақат ичиб олганларга тузоқ қўйишдан иборат. Неча бор улар ҳам мени тўхтатишган. Тўрт-беш нафар бўлиб йўлни тўсишади-да, ҳаракатланаётган автомобилни мажбуран тўхтатишади. Ҳўжжатларни текшириш мақсадида олишиб, сўнг ҳужжат бетига пуфлашни талаб қилишади ва ҳоказо.

Ҳаммаси майли, аммо аксарият ҳолларда инсон ҳуқуқларини бузган ҳолларда куракда турмайдиган саволларни беришади, кишининг нафсониятига тегишади. Мен оддий бир йўловчи сифатида неча бор шунақа воқеаларнинг иштирокчиси бўлганман. 2010 -йил 15.30 соат атрофида мен ўзимга тегишли “Нексия” русумли, 13 Е 89 14 давлат рақамли шахсий автомобилимда уйга қайтаётиб, худди ўша жойда “рейдчилар”га дуч келдим. Тўхтадим.
Сержант Мардиев Рустам , – деб таништирди уларнинг бири ўзини. Мен ўриндиқда ўтирган ҳолда ҳужжатларимни бердим. – Ичганмисиз? – сўради у.
Ха.
Канча?
Икки шиша.
– Яхши-ку. Жаримасига ўзимизга бир юз минг сўм тўласангиз ҳам бўлар экан,
– Худо деб турувдик, 01 тушиб қолди, деб хурсанд бўляпсизлар – да, а? Афсуски, мендан бир сўм ҳам ололмайсизлар, – дедим. Шу пайт кимдир менга сим қоқди. Мен телефонда гаплашиб бўлиб, уни қўлимда тутиб тургандим: Ака телефонингизни кўрсам майлими? – Сўради ДАН ходими мендан, қўлимдаги соткага ишора қилиб. Мен унга телефонимни тутқаздим.

У телефонимни олиб кетиб, сира қайтариб берай демас, менга ҳам бир оғиз нарса айтмасди. Ниҳоят телефонимни ва ҳужжатларимни талаб қилиш учун автомобилимдан тушиб, уларга яқинлашган эдим, уларнинг бири шу ерда турган “Нексия” автомобилини кўрсатиб, “ака, бизнинг машинага ўтиринг, гаплашиб олайлик“, деди.

Ўтирган эдим, ҳеч қандай гап сўзсиз, икки ёнимга икки ДАН ходими ўтириб олиб, автомобилни ҳайдаб кетишди. Тушундимки, экспертизага олиб кетишяпти. Тақдирга тан бериб, ҳеч бўлмаса, телефонимни қайтариб беришларини талаб қилдим. “Телефонингизни биз олганимиз йўқ. Қачон сиз бизга телефон берган эдингиз?”, дея масхара қилишди улар.

Уч бақувват кишига қарши бир ўзим ҳеч қандай чора кўра олмаслигимни тушуниб етганим учун ўзим бошлаган “томоша”ни охирига етказишга аҳд қилдим. Биз шофер, икки ДАН ходими тўртовлон вилоят наркодиспансерга бордик. У ерда бизни оқ халатли бир аёл ўз хонасига бошлаб кирди.
Қанча ичгансиз? – Сўради у мендан.
Икки шиша, – дедим мен.
Ходима мени текширмоқчи бўлиб ҳозирланаётган эди, ДАН ходими Мардиев Рустам уни қайтариб ташлади: “Нимасини текширасиз, ўзи тан оляптику“. Наркодиспансер ходимаси ва ДАН ходими ўз рўйхатларини тўлдириб, менга имзо чектириб олишди. Шу ишлар боис мазкур ҳудудда мен бир соатга яқин ушланиб қолдим. Мажбуран сержант Мардиев Рустам бошлиқ ДАН ходимларининг ҳаракатларини кузатдим.
Ва тушундимки, бу йигитлар ўз жиғилдонлари йўлида ҳеч балодан қайтишмайди. Ва албатта, кўза кунда эмас, кунида синади, деганларидек, бирон чапдаст ҳайдовчига дуч келиб, ўзлари ҳам “рейд”га тушиб қолишадию, бутун ДАН тартиботига иснод келтирадилар. Ўшанда ҳўлу қуруқ баробар ёниб кетиши мумкин. Мен ана шунга қайғураман.
Абулқосим МАМАРАСУЛОВ,
Ҳуқуқ ҳимоячиси.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares