Олий хизмат- элга ҳиммат
Алишер Қувноқов анча йиллар турли хил ишларни бажариб юрди. Жиззах вилоят аҳолига маиший хизмат кўрсатиш бошқармасининг бошлиғи Маматқул Эрназаров Бўстон шаҳарчасидаги бир вақтлар кўп нусхали “Бўстон” газетаси таҳририяти ва сартарашхона, этикдўзлик ва бошқа маиший хизмат тармоқлари жойлашган икки қаватли бинони хусусийлаштириб олди. Маматқул Алишернинг отаси Антар Махмуд Қувноқов билан муносабатлари яхши эди. Антар Махмудович обкомда, туман ижроқўмида турли лавозимларда ишлаган, кейин кўп йиллар Бўстон шаҳарча фуқоролар йиғинини бошқарган, ташкилотчи раҳбар эди. Ана шуларни ҳисобга олган вилоят аҳолига маиший хизмат кўрсатиш бошқармасининг бошлиғи Алишерни ишга таклиф қилди. Алишер бу ерда миллий таомлар ошхонаси очишга аҳд қилганлигини айтди. Унинг бу таклифини Маматқул Эрназаров қўллаб-қувватлади. Бундан олдин эса бинонинг биринчи қаватида бошқа бир тадбиркор ошхона очган эди. Ошхона мижозларни ўзига жалб қилиб, анча вақт фаолият кўрсатиб турди. Кейин эса ўз фаолиятини тўхтатди.
Алишер оиласи билан бинонинг иккинчи қаватини яхшилаб қайта таъмирлади, хоналар кўринишини ўзгартирди. Алишернинг умр йўлдоши Ёдгора уйғур миллатига мансуб. Шунинг учун у тайёрлаган уйғурча лағмонни хўрандалар севиб истеъмол қила бошлашди. Бундан ташқари моҳир ошпаз тайёрлаган манти, шўрва, гречка сингари овқатлар ҳам тез орада хўрандаларнинг севимли таомига айланди.
Ҳар куни ўнлаб хўрандалар ташриф буюрадиган ошхонани Ёдгора ўзи эплаяпти. Бўш пайтларида фарзандлари онасига ёрдам беришади. Алишер эса ўзининг 08- “Лада” русумли енгил машинасида Бўстон-Жиззах йўналиши бўйича патентлик қилади. Унинг бошқалардан фарқи шундаки, у ҳафтанинг бир кунини йўловчиларга бепул хизмат қилишга ажратган. Ўша куни унинг машинасига тушган йўловчилар манзилига бепул етиб боради.
Алишер кутилмаганда, одамларнинг хаёлига келмаган савоб ишларга қўл уриб қолади. Масалан бундан икки йил муқаддам “Болаларни ҳимоя қилиш” байрамида мактабдаги 400 ўқувчига бепул музқаймоқ ва бошқа совға-салом улашган бўлса, мана икки йилдирки, Бўстон шахарчасига кираверишдаги чорраха четида ўсган катта арчага Янги йил байрами арафасида турли хил ўйинчоқлар-у, лампочкалар осиб, ёшлар учун очиқ ҳавода дискотека ўйинларини ташкил қилаяпти. 2010 йилни кутиб олишга бағишланганн Яги йил байрами дискотекасида чорраҳа катта-ю-кичик, эркаг-у-аёлларга тўлиб кетди. Рақс, ўйин-кулгу ярим кечагача давом этди. Энг қувончлиси, оломон бўлиб хурсандчилик қилаётганларнинг ичида биронта маст-аластни кўрмайсиз. Чунки Алишер ҳар бир кишининг ҳатти-ҳаракати сергаклик билан кузатиб турарди. Сал ножўя ҳаракат қилганларни у машинасига ўтқазиб уйига ташлаб келарди.
Ўзининг саховатини кўз-кўз қилишни ёқтирмайдиган Алишер Қувноқовнинг ҳаёти ҳар доимгидай давом этаяпти. Хотини хўрандаларга хизмат қилиб, уларнинг олқишини олаётган бўлса, Алишер эса машинасида йўловчиларнинг узоғини яқин қилиб, ҳафтада бир кун уларга бепул хизматини аямаяпти.
Абулфайз Баратов.