Бу масалада фақат Ислом Каримов айбдор

 

“Бирлик” партияси раиси ўринбосари Пўлат Охун томонидан бугун тарқатилган баёнотда Тожикистонда қурилаётган Роғун ГЭСининг келажакда минтақага, жумладан Ўзбекистонга хавф солиши мумкинлиги борасида хавотир билдирилган.

Биз ўзбек мухолифати фаолларининг бу масалага муносабати билан қизиқдик. Суҳбатдошимиз – “Бирдамлик” ҳаракати етакчиси Баҳодир Ҳасан (Чориев).

-Сизнингча, Роғун ГЭСи ҳақиқатдан келажакда минтақага хавф солиши мумкинми?

Баҳодир Ҳасан:– Келажакда минтақада жойлашган Орол денгизи учун бу Роғун ГЭСи жуда ҳалокатли бўлади. Шундоқ ҳам суви қуриб бораётган Орол денгизини қуришини тезлаштиради.

Ўзбекистон учун бу ГЭСнинг ишга тушиши янада фожеали тус олади. ГЭС қуриб битказилгандан кейин албатта унга анча вақт сув тўпланиши керак бўлади. Ҳамда тўпланган сувдан асосан қиш ойларида ГЭС учун фойдаланилади. Бу шундоқ ҳам сувдан унумсиз фойдаланаётган Ўзбекистон ҳукумати ва ўзбек халқи учун жуда ҳалокатли бўлиши табиий.

Аниқ далилларга мурожаат этсак, ГЭСнинг ишлашида асосан Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётган сувнинг тахминан 30% йўқотилиши ёки ушбу сувнинг қишлоқ хўжалиги учун зарур бўлмаган қиш ойида оқиб ўтишидир. Демак, 30 % сувнинг йўқотилиши, 30 % яроқли ернинг ишдан чиқиши ёки унумли фойдаланиш имкони бўлмаслигига олиб келади. Табиий, бу ерда ишловчи деҳқонларнинг ишсиз қолиши ҳамда мамлакатда ҳосилдорликнинг камайиши ортидан нарх-навонинг ўсишига олиб келади. Натижада шундоқ ҳам қийин иқтисодий аҳволда яшаётган ўзбек халқи янада қашшоқланишга юз буради.

– Роғун ГЭСи масаласида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида кучайиб бораётган низода ким айбдор деб ўйлайсиз?

Б.Ҳ.: -Бу масалада фақат  Ислом Каримов айбдор. Унинг қўшни давлатларга нисбатан ҳурматсизлиги ва уларга паст назар билан қараб, уларнинг менсимаслигининг оқибатидадир.

Хабарингиз бўлса керак, Тожикистон президенти Имомали Раҳмоновни ҳукумат тепасига шахсан Ислом Каримовнинг ўзи олиб келган. Тожикистонда “Миллий ярашиш”гача бу иккала президент муносабати жуда яқин бўлган. Албатта Каримов Тожикистон мухолифати ва ҳукумати ўртасидаги келишувга қарши эди ва имкони даражасида ушбу келишувга қаршилик қилиб келди. Бунга қўлоқ солмаган Тожикистон президенти Имомали Раҳмонов мухолифат билан “Миллий ярашиш” га эришди. Шунинг билан бирга Каримовнинг нафратига дучор бўлди. Ушбу нафрат икки давлатнинг ҳар бир соҳасида ўз аксини кўрсатиб келмоқда.

-Сизнингча бу муаммони қандай йўллар билан ҳал қилса бўлади?

Б.Ҳ.: -Бу муаммо фақат сиёсий йўл, тинч музокаралар орқали ҳал қилиниши керак. Тожикистон давлати албатта бу Роғун ГЭСини қуриб битказади. Ўзбекистон эса бу ерда катта зарар кўришини ҳисобга олсак, ҳамда Роғун ГЭСи ортидан Тожикистон ҳам янада кўпроқ муаммоларга дуч бўлишини эьтиборга олиб, келажакда ушбу иккала давлатлар ўртасидаги зиддиятларни камайтириш керак. Уларнинг келажакда катта синовлар ва муаммолар кутмоқда, Вазиятни янада таранглаштирмасдан туриб фақат икки давлат сиёсатчилари ўзаро келишишлари керак бўлади. Менимча бу ерда бошқа йўл йўқ. Яна бир бор қайтараманки , фақат тинч, ўзаро манфаатлар доирасидаги сиёсий келишув бу муаммо учун ечимдир.


– Роғун ГЭСи қурилишида Россия ва АҚШ тутган мавқеъдан қай бири сизнингча муҳим?

Б.Ҳ.: – АҚШни бу ГЭСнинг қурилиши ва қўрилмаслиги унчалик қизиқтирмайди деб уйлайман. Аммо Россия минтақада ўз геополитик сиёсатини юритишда Роғун ГЭСидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилади. У ўз манфаатларидан келиб чиқиб, ушбу ГЭСнинг қурилишини тезлаштириш ёки умуман вақтинчалик тўхтатиб қўйишга қодир. Лекин менинг назаримда ушбу ГЭС эртами кечми албатта қурилади. Ўзбекистон эса ушбу қурилишни назардан қочирмаслиги керак бўлади.

www.yangidunyo.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares