Яқинда “Жиззах ҳақиқати” газетасининг 5000-сони муштарийлар қўлига тегди

  

Улар  фидойиллик  намуналарини кўрсатган  эдилар

 

            1974 йилда Жиззах вилояти ташкил топди. Янги вилоятнинг кўзгуси бўлган  “Жиззах ҳақиқати” йиллар синовидан ўтиб тобланди, унинг янги жамоаси айнан шу синов йилларида чиниқди. Ўша пайтларда журналистларнинг ишлаши учун етарли шарт-шароит йўқ эди. Вилоят “Жиззах ҳақиқати” ва “Джиззакская правда” газеталари туман газетасининг эски биносига жойлашганди. Ёз пайтларида бизлар стол-стулимизни таҳририят ҳовлисидаги ўрик дарахти остига судраб чиқиб, ўша ерда ижодни давом эттирардик. Бир тасаввур қилинг: таҳририят чорраханинг шундоққина четида жойлашган. Чап томонимизда катта бозор. Рўпарамизда дўконлар-у, алоқа бўлими, яна қандайдир идоралар… Тўрт томонимиз очиқ., одамдар ўтиб-кетиб турибди. Бизлар эса стол-стулларимизни ҳар ер- ҳар ерга қўйиб олганимизча, ёзув-чизув билан машғул бўламиз.

 

 Баъзи бирларимиз машинка чиқиллатаяпмиз. Ҳазил-мутойиба билан кунни кеч қиламизда, ашқол-дашқолимизни яна судраб ичкарига олиб кириб, дарҳол ошхонага чопамиз. Сал кечиксак, ошхона бекилиб, оч қолишимиз мумкин. Туман маркази бирданига вилоят марказига айланиб, одам кўпайиб кетганлиги учунми, тузукроқ овқатланадиган жойни топиш амри маҳол бўлиб турарди.

           

Ётоқхонамиздаги шароит эса бундан ҳам расво эди. Жиззах педагогика билим юртининг алимсоқдан қолиб кетган ҳайҳотдай бир қаватли эски бинонинг катта залига бош муҳарриримиздан бўлак барчамиз жойлашганмиз.  Газета бир ҳафтада уч марта чиқаётгани учун ҳам муҳаррир ўринбосари битта – у ҳам бўлса, ўзи асли жиззахлик, аммо кўп йиллар Сирдарё вилоятида турли газеталарда, турли лавозимларда ишлаган Холбўта Худоёров деган киши.

 

У киши муҳаррир  ўринбосари бўлганлиги учун тўрдан жой берганмиз. Сирдарёдан Ҳайитбой Набираев, Маматқул Эрназаров, Баҳорой Холбекова сингари тажрибали журналистлар ҳам ишга келган. Самарқанддан Октябрь Жавлонов –бош муҳаррир, Абдурашид Абдураҳмонов –маъсул котиб ва мен -хатлар ва оммавий ишлар бўлими мутасаддиси. Бу ерда уйланган-уйланмаганларнинг барчаси –бўйдоқларга айланиб кетган.

 

Катта залда бироз ҳазил-ҳузул қиламиз. Ҳазилни қитмирларнинг қитмири ва устозидан қолишмайдиган шогирди Ҳайитбой Набираев билан Нурали Қобул бошлаб беради.  Аввал улар шерикларига ёстиқ-пастиқ улоқтириб туришади. Бизлар ҳам жавоб қайтариб турамиз.  Қарасак, ёстиқ, унга қўшилиб бошқа нарсалар ҳам бизнинг устимиздан пириллаб учиб ўтганича, муҳтарам ўринбосар устига ёмғирдек ёғилмоқда.

 

У киши эса орриқ оёқларини кароватга осилтириб, “шериклар, бўлди энди, тинчинглар, ухлайлик,”- деб, ўнг қўлини  чап қўли кафти устида “арра” қилиб юргизиб турибди. Шўрлик ўринбосарни “бомбардимон” қилишдан зерикиб, бу гал кароватимизни судраганимизча ҳовлига чиқамиз. Дим ва сассиқ залдан кўра очиқ ҳавода ухлаш минг марта яхшироқ. Бу ерда “томошамиз”нинг иккинчи кўриниши бошланади.

 

Тасаввур қилинг: ташқарини лампочка нури чароғон қилиб ёритиб турибди.  Рўпарамиздаги тўрт қаватли катта бинога билим юртининг ётоқхонаси жойлашган. Ярми ўғил болалар бўлса, ярми қизлар. Билиб турибмиз: талабалар, кароватларимизни у ёқ-бу ёққа судраб юрганимизга ҳайрон бўлиб қарашмоқда. Ниҳоят, бизлар кароватларимизга қатор бўлиб чўзилиб ётиб олдик.. Мана шуни кутиб турган, сураткашимиз Тоҳир Норқулов тепамизга келади.

 

Унинг онаси Уфа татари миллатига мансуб аёл.  Шунинг учун Тоҳиржон татарчани сувдек ичади. Мана у қўлини дирижёр таёқчасидек кўтарди-да, кейин кескин силкита бошлади. Оғзидан мусиқасиз ашула баралла янграб, уни талабалар ҳам бемалол эшитаётган эди.

            Сайдинг куябер сайёд

            Сайёра икан миндек…

            Фурқатнинг бу ғазали татарчада ғоят кулгили ва жозибали чиқарди. Бизлар эса чўзилиб ётган ҳолда, оёқларимизни қўшиқ оҳангига монанд ётоқхона томонга ҳаволатар, белимизни билтанглатиб, турли қилиқлар қилардик.

 

 Тоҳиржон эса қўшиқни татарчалаб, авж пардасига олиб чиқар, таёғини силкитиб жўнбўшга келган дирижёрга айланарди.  Бу совуқ қилиғимиз кимларгадир ёқмади шекилли, бизни бу ердан бадарға қилишди. Энди политехника билим юртининг тўрт қаватли ётоқхонасининг биринчи қаватидан қўним топдик. Тўрт кишилик алоҳида хоналарга яхшилаб жойлашдик. Аммо“Джиззакская правда”нинг баъзи мухбирлари ичиб олиб,

 

гоҳида “ҳунар” кўрсатиб турганлигини айтмаса, бу ерда туриш-турмушимиз бинойидек эди. Ажойиб ва талантли журналистлар- Нурали Қобул, Сулаймон Ҳусаинов, Маматқул Эрназаров, Ҳайитбой Набирев, Тугал Музаффаров, Тоҳир Норқуловлар билан оға-инидек яшадик. “Жиззах ҳақиқати” маданият бўлимининг мудири, марҳум Султон Пўлат ажойиб инсон эди. Унинг бировни ранжитганини сира кўрган эмасман.

 

 Хатлар бўлимида бирга ишлаган укамиз Норпўлат Норматов яқинда оламдан ўтибди. Руҳлари шод бўлсин унинг. Бирга ишлаган, дўстларим ва укаларимиздан Саидмурод Норбоев, Абдулла Раҳмонқулов, Ҳусан Холбоев, Акрам Иномовлар билан ҳар замонда учрашиб. суҳбатлашиб қоламиз. Акрамжон салкам чорак асрдан бери  “Жиззах овози” газетасига муҳаррирлик қилиб, ўзининг юксак ташкилотчилиги ва одам охунлиги билан, катта обрў ва эътибор топди.

 

            Мен “Жиззах ҳақиқати”да бир йилгина ишлаб, кейин Самарқандга қайтиб кетганман. Менинг қисқа иш жараёним, ажойиб инсонлар орасида ғала-ғовур билан ўтганлиги учунми, мен у кунларни доимо чуқур бир энтикиш билан хотирлайман.  Шунинг учун ҳам мана шу камтарона мақолани ёздим.

 

 

                                                                                                              Абулфайз Баратов.

                                                                                                                      кекса журналист.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares