Самарқанд- Тошкент катта йўлининг Жиззах шаҳрига кираверишдаги чорраҳа ёнгинасида бундан бир неча йил аввал “Осиё” улгуржи савдо бозори қурилиб, фойдаланишга топширилган эди. Бир вақтлар “Буюк ипак йўли” устида қурилган бозорга одамларни ўргатиш қийин бўлди. Дастлаб, Жиззах шаҳридаги гўшт дўконларини ва бошқа савдо шаҳобчаларини бу ерга кўчириб келишиб, бозорнинг тантанали очилиш маросимини ҳам ўтказишди, телевидения экранларида қайта-қайта реклама қилиб ҳам кўришди. Фойдаси бўлавермади. Савдогарлар лаш-лушларини кўтаришиб, эски ўрганган жойларига гум бўлишарди. Охир-оқибатда бозор ҳувуллаб қолди. Ҳафтада бир марта бўладиган машина савдоси бозорини шу ерга кўчиришди.
Замонавий меъморий кўринишда барпо этилган ва барча қулайликларга эга бўлган бозор бир кунгина гавжум бўлиб, бошқа кунлари кўнгилсиз манзара кашф этиб, 7-8 йил “умрини”ўтказиб қўйди. 2009- йил “Осиё” бозори учун ҳам омадли келди. Жиззах шаҳридаги “Ором деҳқон бозори”нинг бир четидаги анча жойни эгаллаб ётган қурилиш материаллари бозорини “Осиё”га кўчиришди.
Илгари жой торлиги учунми, қурилиш материаллари пала-партиш, айқаш-қуйқаш бўлиб, ҳамма жойда тартибсиз сочилиб ётарди. Ҳозир эса янги жойда бутунлай бошқача манзара кашф этган. Қурилиш материаллари хил-хилига қараб, тартиб билан жойлаштирилган. Энг қувончлиси бозор шарофати билан, турли-туман янги савдо тармоқлари ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлмоқда.
Шаҳарнинг бир четида жойлашган автошоҳбекат билан шаҳарнинг нариги чеккасида жойлашган “Ором деҳқон бозори”га қатнайдиган митти автобуслар ва бошқа транспорт воситаларининг қатнов йўналишини “Осиё” бозоригача чўзиш режаси бор дейишади. Агар ана шу режа амалга ошса, “Осиё улгуржи савдо бозори”” ўз-ўзидан гуллаб-яшнаши шубҳасиз.
Абулфайз БАРОТОВ.