Ўзбекистон: пластик карточкалар муаммоси нимада?

Пластик карточкалардан фойдаланиш Ўзбекистонда ҳануз муаммоли

Ўзбекистондаги ҳукуматпараст «Газета.Уз» вебсаҳифасининг хабар беришича, мамлакат Монополияни тугатиш қўмитаси пластик карточкаларни ишлатиш йўлида юз бераётган қатор мушкулликлар ва тўсиқлар ҳақида таҳлилий ҳисобот чиқарган.

Ҳисоботда аҳоли вакиллари, шунингдек, ишбилармонлар томонидан пластик карточкалар орқали тўловларни амалга ошираётган вақтлари юз тутаётган муаммолари келтирилади.

Ҳисоботга кўра, 2009 йил 1 сентябрига қадар Ўзбекистонда 20та тижорий банк пластик карточкалар орқали иш юритишга ўтишган.

Октябр ойида эса Ўзбекистон Марказий Банки 5 ярим миллион пластик карточка мижозларга улашилгани ва мамлакат бўйлаб 42 мингта тўлов терминаллари ташкиллаштирилганлигини хабар берган.

Монополияга қарши қўмита мамлакат бўйлаб 309 тижорий нуқта ва хизмат кўрсатиш шаҳобчалари фаолиятини ўрганиб, ишбилармонлик билан шуғулланаётган 550 шахс орасида сўровнома ўтказган. Натижа шуни кўрсатганки, ишбилармонларнинг 95 фоизи тўлов терминалларини ўрнатишган. Бу терминалларнинг аксари банклардан ижарага олинган асосда фойдаланилади ва ойига 10 мингдан 50 минг сўмгача ижара ҳақи тўланади.

Ҳудди ана шу терминаллар ва хизмат кўрсатиш нархининг юқори эканлиги пластик карточкалардан фойдаланиш йўлидаги муамоллардан бири, дейилади ҳисоботда.

Аён бўлишича, банклар ўз навбатида пластик карточкалар, терминаллар, банкоматлар ва булар учун лозим бўлган компютер барномаларини АҚШнинг «Sercotec Select» ширкатидан сотиб оладилар. Бу ширкат Ўзбекистон бозорида ягона таъминотчи экан. Ўз навбатида Россия ва Хитой каби мамлакатларда бу каби хизматларни сотиб олиш икки-беш баробар арзонроққа тушишини мазкур қўмита ўз хулосаларида келтирган.

Ҳисоботда шунингдек, пластик карточкалардан фойдаланган мижозларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя этилмаслиги ҳолатлари қайд этилган. Айтилишича, дўконларда пластик карточка билан тўловни амалга оширишни хоҳлаган мижозлар учун нархларнинг баландроқ этиб белигиланиши фактлари қайд этилган. Ҳудди шу ҳолат мобил телефон хизмати учун ҳақ тўламоқчи бўлганлар билан ҳам рўй бераётгани айтилади.

Демак, Монополияни тугатиш қўмитасининг айни сўрови мамлакат ичкарисидаги молиявий тизим қусурларини қисман бўлсада эътироф этмоқда. Аммо пластик карточкалар ишлатилишига доир муаммолар фақат шулардан иборатми? Би-би-си иқтисодий шарҳловчи Алишер Таксановга ана шу саволни берди.

Алишер Таксанов:
Бу қўмитанинг сўровига қарайдиган бўлсак, терминалларнинг кўнгилдагидай ишлаши ва ҳисобдаги пулларни нақдига олишга доир барча муаммоларга сабаб банкларнинг ва тадбиркорларнинг ёмон ишлаётгани билан боғлиқ экан. Аммо Ўзбекистонда бозор муносабатлари шаклланишига, жумладан пластик карточкаларни жорий этилишига тўсиқ бўлаётган бир қатор иқтисодий ва сиёсий муаммолар бор. Энг аввало ҳукуматнинг нотўғри макроиқтисодий сиёсатидир.

Ўзбекистонда пластик карточкалар билан боғлиқ муаммоларни ҳукуматнинг нотўғри макроиқтисодий сиёсати манзарасида қараш керак

Иқтисодчи Алишер Таксанов

Би-би-си: Айни ҳисоботда пластик карточкаларга доир муаммоларга сабаб сифатида Американинг электрон тўлов ускуналарини сотувчи ширкати ҳам кўрсатилади. Бу ширкат мамлакатда электрон молия ускуналари бўйича монополия ўрнатибди ва ўз маҳсулотларини Россия ва ё Хитойга кўра, қимматроққа сотар экан…

Алишер Таксанов: Монополиячи дегани нима ўзи? Биринчидан, айни ускуналарни ишлаб чиқарадиган ва сотадиган бошқа кўплаб ширкатлар бор. Агар айни ширкатнинг маҳсулотлари Ўзбекистон учун қиммат бўлса нима учун сотиб олишади? Бошқа ширкатлар борку! Бошқа томондан эҳтимол бу ширкатнинг маҳсулотлари аввал бошида қиммат бўлмагандир, эҳтимол ўртада турган воситачи ширкат ўрнатган нарх туфайли қимматлашгандир. Ўзбекистонда хуфёна молиявий келишувлар бўлиши сир эмас. Шунинг учун айбни ширкатдан эмас, балки ширкат маҳсулотларини сотиб олишга келишган ва сотаётган томонлардан қидириш керак.

Би-би-си: Биз билан суҳбатда бўлган аксарият Ўзбекистонликлар пластик карточкалар муомалага киритилганидан бери бу тизимдан норози эканларини айтишади. Аммо ҳукумат учун солиқ ва молиявий тизимни назорат қилиш йўлларидан энг мақбул йўли ҳам шу эмасми?

Алишер Таксанов:
Ҳа, иккала соҳа ҳам шунга боғланган… Аммо Ўзбекистондаги мавжуд макроиқтисодий вазиятда одамлар ўз даромадларини расман кўрсатишни исташмайди. Чунки ҳукумат бу маълумотларни суистеъмол қилади. Масалан, агар тадбиркор бирор бир маҳсулотни сотиб олмоқчи бўлса, аксарият ҳолатларда у ноқонуний тўловлар тўлашга мажбур… Тадбиркор бу пулни қаердан олади? Албатта, даромадларининг қайсидир қисмини яширишга мажбур бўлади. Кейин эса бу қоғозбозликка асосланган тизимга қайсидир маънода сармоя ётқизади. Ҳукуматнинг ўзи хуфёна олди бердиларга асос яратиб бермоқда.

Би-би-си: Банк пластик карточкалари Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистонда ҳам муомалага киритилган, аммо бу ўлкаларда Ўзбекистондан фарқли ўлароқ, тадбиркорлар ва аҳоли кўп ҳам арзу дод қилаверишмайди. Нима учун Ўзбекистонда айни масала энг оғриқли масалалардан бўлиб қолмоқда?

Алишер Таксанов:
Биринчидан, бу мамлакатларда пластик тўловлар ва карточкалар одамларга мажбуран тиқиштирилмайди. Истайсизми, марҳамат олинг, йўқса ўзингиз биласиз. Ўзбекистонда эса мажбуран муомалага киритилмоқда. Аксарият банк карточкаларини олишни истамайди. Ростдан ҳам, агар ҳисобингизда пул бўлса, аммо уни ишлатолмасангиз, нақд пул ололмасангиз – сизга бу карточка нима учун керак? Ҳукумат банк олди бердиларини кузатиб мамлакатдаги хуфёна иқтисод устидан назорат ўрнатишни истайди. Аммо асосий олди бердилар, масалан уй жой сотилишида – нақд пул ишлатилади… Бу билан ҳақиқий вазиятни назорат қилиш қийин. Ёки вазиятга доир тасаввур ҳам ҳосил қилиш мушкул. Токи пластик карточкалар учун лозим бўлган шароит яратилмаса, аҳоли бунга қаршилик кўрсатиб келаверади. Биргина нархларни олинг – маҳсулотлар нақд пулга пластик карточка тўловига нисбатан анча арзон. Пластик карточкаларни эса ҳамма жойда ҳам қабул қилишавермайди. Ўзбекистонда пластик карточкалар билан боғлиқ муаммоларни ҳукуматнинг нотўғри макроиқтисодий сиёсати манзарасида қараш керак.

BBCuzbek.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares