Тожикистон расмийларига кўра, мамлакат шарқида юз берган зилзила оқибатида 20 минг одам уйсиз қолган. Рихтер шкаласи бўйича 5.1 баллни ташкил этган зилзила шанба куни эрталаб Душанбедан 300 чақирим узоқликда жойлашган тоғли Ванж туманида юз берган. Ҳукумат мулозимлари зилзилада қурбонлар бўлмаганини айтишади.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Ванж туманидаги масъул ходимига кўра , ер силкинишида қурбонлар бўлмаган эса-да, 1000 дан ортиқ хонадон вайрон бўлган.
У одамлар ер қимирлаш бошланаркан, уйларидан ташқарига қочиб чиқишга улгурганини айтди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мулозими шунингдек зилзила натижасида туманга борувчи электр симлари узилганини маълум қилди.
Бундан ташқари туманнинг Хехак, Турғак ва Даштак қишлоқларига элтувчи йўллар тоғ кўчкиси оқибатида бир муддат беркилиб қолган.“Asia-Plus” хабар агентлигининг Ванж тумани ҳокимининг муовини Азимжон Шамсиддиновга иқтибосан маълум қилишича, ҳодисада 20 мингга яқин одам уйсиз қолган. Ушбу манбанинг хабар қилишича, туман қишлоқларидаги кўплаб уйлар буткул қулаб тушган.
Ванж туманидаги баъзи манбалар ер қимирлашда бир неча инсоннинг яраланганини маълум қилишган, бироқ бу хабарлар расмийлар томонидан тасдиқланмаган. Маҳаллий манбаларга кўра, Ванж туманида ташкил этилган ҳукумат комиссияси зилзила етказган зарар миқдорини ўрганмоқда. Тожикистон шарқида жойлашган Бадахшон вилояти тез-тез ер силкинишлар юз бериб турадиган минтақа ҳисобланади.
1911 йил юз берган зилзилада Сарез минтақасида бир қишлоқ сув остида қолганди.
Мазкур зилзила оқибатида камида 90 одамнинг ҳалок бўлгани ишонилади. Сув остида қолган “Сарез” қишлоғи ўрнида Сарез кўли вужудга келди. Сарез Марказий Осиё минтақасига энг кўп хавф солувчи кўл ҳисобланади.
Туронзамин.