Ёдгор Турлибеков:
Асадулло… Бу оламларнинг парвардигори бўлмиш Худоимнинг арслони деганидир ва бу сифат буюк Ҳазрати Алига берилган. Болам ҳам шундай арслон, шер бўлсин деб орзу қилганлар ўз фарзандларини шу ном билан атайдилар.
Инсоният яратилибдики, у не кунларни кўрмаган, у ўзининг қадим ва чексиз чўзилиб келаётган тарихида, ҳисобсиз ёмон табиат, разил инсонлар қатори унинг авлодларида ажойиб камёб олиму-фузалолар қатори, ўзимиздек оддий фуқаролар орасида ҳам, онда-сонда ва кутилмаганда юксак иқтидорли қалам соҳиблари, санъаткорлар, борингки, сиёсатчилар- Асадуллолар ҳам чиқиб турибди.
Бундай ноёб тоифа кишилар мисоли тоғдек уйилган қумни ювиб, ундан бир мисқол олтин топилганидек, миллионлаб халқимиз орасида якка бирда учрайдиган инсонлардан менга танишi – Асадулло Ортиқов тўғрисида тўхтатлмоқчиман. Алқисса, таниқли публицист ёзувчимиз, мухолифат намояндаси ва собиқ Ўзбекистон Халқ депутати Жаҳонгир Маматовнинг илтимоси билан уни хотирлаб, қўлимга қалам олдим.
Эсласангиз, хорижий радиоларда – “Озодлик”, “Америка Овози” да ўзини ”Яккабоғнинг Яккасарой қишлоғидан Асадулло Ортиқов” деб таништирадиган инсон эди у.
Халқнинг дардига қоришиб аланга олган унинг ҳасратларидан жаҳонга таралаётган эфир тўлқинлари гумбурлагандай, фикрлари ўткирлигидан гўё осмонўпар Помир ва Тян-шан қояларидаги ваҳимали улкан тошлар қарсиллаб, бўлакланиб кетаётгандай туюларди менга, ўшанда.
Афсус… у бугун орамизда етишмайди. Айни ижоди қайнаб турганида у минглаб ўз мухлисларини ташлаб кетди.
Асадулло асли Қашқадарёнинг узоқ қишлоғидан етилиб чиққан олов қалбли ёш йигит, ўз даврида Тошкентдаги ирригация ва мелиорация институтининг қишлоқ хўжалигини механизациялаш факултетини муваффақиятли битирган ва ўз колхозида инженер-механик бўлиб ишлай бошлаган эди.
Лекин кўп ўтмай унинг юраги хасталаниб, жарроҳлик амалиёти туфайли тирик қолсада, у ногирон кишига айланди. Лекин унинг қалби ҳар қандай ногиронликни тан олмайдиган, куршчан қалб эди.
Мустақилликнинг бошларида Ўзбекистон Халқ депутати ва таниқли инсон хуқуқлари фаоли Шовруқ Рўзимуродовнинг Ички Ишлар Вазирлигининг ертўласида мислсиз қийноқлар билан ўлдирилган яккабоғлик ўз ердоши масаласини кўтариб чиққан, туман ва вилоят марказларидаги ҳукумат ишларидан норози бўлиб уюштирган турли катта йиғилиш ва намойишларида Асадулло Ортиқов ҳам фаол қатнашиб юрар эди.
У “Америка овози” ва “Озодлик” радиоларида йил сайин ўзининг кўпларга манзур чиқишлари билан юртга тобора танилиб бораётган эди.
Унинг мустақилликдан кейинги Каримовнинг тутаётган бозор иқтисодиётидаги ва бошқа соҳалардаги юзага келган саноқсиз чалкашликларни керакли далиллар билан исботлаб, аччиқ танқид остига олар эди.
У диктатор Каримов салтанатидаги ўша даврда бошланаётган айрим ижодкорлар, ёзувчи ва шоирлар – Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимов, Хуршид Дўстмуҳамедов ва Абдулла Ориповларнинг гўё, шоҳ Ҳусайн Бойқаролар даврининг ялтоқ “сарой шоирлари”га айланиб бораётганини ўткир танқид остига олишдан чекинмаган қалам соҳиби эди.