“Янги Дунё” “Бирдамлик” ҳаракати лидери Баҳодир Чориевни ватанга қайтиши муносабати билан мухолифат фаолларига бир неча саволлар билан мурожаат қилди.
Дастлабки суҳбатдошимиз ЎИҲЖ президенти Абдужалил Бойматов.
– Сизнинг назарингизда “Бирдамлик” ҳаракати етакчиси Баҳодир Чориевнинг ватанга қайтиши ўзбек мухолифатини ватанга қайтишига йўл очиши мумкинми?
– Битта Баҳодир Чориевни Ўзбекистонга қайтиши билан бутун мухолифатга Ўзбекистонга боришига йўл очилади дейиш қийин. Лекин Б.Чориевни Ўзбекистонга беш йилдан кейин қайтиши бошқа мухожиротдаги мухолифат вакилларини Ўзбекистонга бориши учун жуда катта сабоқ беради.
Ўзбекистонга беш – ўнта мухолифатчиларни қайтиши билан мамлакатда катта ўзгаришлар қилиш қийин. Асосий умид – ўзбек халқи мухолифатни қўллаб – қувватлайдими? Ўзбекистон фуқаролари мухолифатни қўллаб – қувватлашга ўзида журъат – жасорат топа оладими? Ҳамма гап шунда.
Ўзбекистондаги режимни ўзгаришини фуқароларнинг ижтимоий сиёсий фаоллиги ҳал қилади. Баҳодир Чориев каби лидерларни Ўзбекистонга қайтиб бориб ўз сиёсий фаолиятини давом эттириши Ўзбекистон фуқаролари учун ўрнак бўлади. Улар ўзларини фуқаролик ҳуқуқлари учун қандай курашишлари кераклигига намуна бўлади.
– Сизнингча, Чориевнинг бу ҳаракати нимани англатади – бу мардликми, ҳукумат билан келишиб қилинган ишми ёки ўйламай ташланган кадамми?
-Бу ерда кўпроқ мардлик бор дейиш тўғрироқ бўлади. Ҳозирги пайтда мухолифат фаолини ватанга қайтиши аждарҳони оғзига бориш билан баробар. Бу ҳақиқатдан жуда катта жасорат. Бу ерда 50 фоиз жасорат, 50 фоиз таваккалчилик бор. Баҳодир Чориевни Ўзбекистонга қайтиши ҳукумат билан келишилган дейилиши бутунлай нотўғри бўлар эди. Чунки, Ўзбекистон ҳукуматини Баҳодир Чориев билан келишишга ҳеч қандай эҳтиёжи йўқ.
Ўзбекистон ҳукумати фуқароларни сиёсий-ижтимоий ва иқтисодий салоҳиятидан фойдаланмаяпти. Агар фойдаланса Ўзбекистон тараққиёти учун фойдали бўларди.Чунки, ўзбекистонда мухолифатни бўлиши, кучли фуқаролик жамиятини шаклланган бўлиши натижасида коррупция ва порахўрлик кескин камаяди. Бу эса Ўзбекистонга инвестицияларни кириб келишига қулай шароит яратади Мамлакат ичида мухолифатни бўлиши инвестицияларни кўпайишига олиб келса, ўз навбатида ишчи ўринлари ошади ва қашшоқлик камаяди. Шунинг учун мамлакатда кучли мухолифатнинг бўлиши Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий тараққиётида катта рол ўйнайди дея оламиз.
– Хориждаги мухолифат мамлакат ичидаги “Бирдамлик” лидерини қўллаши керакми, ёки ўз фаолиятини олдингидек давом эттиравериши лозимми?
-Албатта, мухолифат “Бирдамлик” лидерини қўллаб- қувватлаши керак. Мухолифат аъзолари бир – бирини қўллаб – қувватламаса мухолифат ҳеч қандай натижага эриша олмайди. Ўзбекистон фуқаролари тўй -маъракаларда бир – бирларини қўллаб- қувватлаши жуда чуқур илдиз отган. Лекин ўзбек жамиятини эркин ва демократик жамиятга айланиши учун Ўзбекистон фуқаролари ҳокимият томонидан ҳуқуқлари бузилган пайтда бир -бирларини қўллаб қувватлашлари зарур, деб ҳисоблайман. Улар ҳукумат томонидан адолатсиз тазйиқларга учраганларни ҳам қўллаб- қувватлаши керак. Бу Ўзбекистон учун ўта долзарб. “Бирдамлик” ҳаракати аъзолари ҳам ўз лидерларини қанчалик ҳимоя қила олишлари бу ҳаракатни қанчалик жиддийлигини кўрсатади.
-Чориевни мамлакат ичидаги фаолияти бундан кейин қандай бўлиши мумкин – ҳукумат унга ўз сиёсий ҳуқуқларидан фойдаланишига йўл очиб беради деб ўйлайсизми?
-Президент Ислом Каримовнинг 20 йиллик фаолиятидан келиб чиқиб шуни айтиш лозимки, ҳукумат Баҳодир Чориевни сиёсий фаолиятига ҳеч қандай йўл очиб бермайди. Фақат, Ўзбекистон фуқароларини ва мухолифатни ижтимоий- сиёсий фаоллиги уларни фаолиятига йўл очиб бера олади.
Ўзбекистон фуқаролари ўз сиёсий ҳуқуқлари учун ўзлари курашишлари керак. Ҳамма нарсани кураш ҳал қилади.
Суҳбатдош: Юсуф Расул,
www.yangidunyo.com