СИРДАРЁ ВИЛОЯТИДА ҲОКИМ ЎЗГАРДИ. ҲАЁТ ҲАМ ЎЗГАРАРМИКАН?

“Бирдамлик” матбуот маркази хабар қилади.

Сирдарё вилоят ҳокимлигида 2009йил 25сентябрь куни навбатдан ташқари йиғилиш ўтказилди. Йиғилишни шахсан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М.Мирзиёев бошқарди. Кун тартибида кўрилган масала – вилоятга янги ҳокимини сайлаш бўлди.
Сирдарё вилоят собиқ ҳокими, вилоят Халқ Депутатлари Кенгаши раиси, Сенатор Абдураҳим Абдураҳмонович Жалолов қарилик гаштини суриш учун нафақага кузатилди.
Тўғри, ишдан кетган кишининг орқасидан ёмонлаш энг ёмон одат. Қолаверса тирикчилик ғами билан юрган оддий фуқаролар учун вилоятга ким келиб, ким кетишининг фарқи бўлмай қолган. Аммо шуни айтиб ўтиш жоизки, А.А.Жалолов халқнинг дарди билан куйиб – ёниб яшайдиган ҳокимлардан эмас эди. Унинг фаолияти жараёнида Сирдарё вилоятида содир этилган бирор янгиликлар кўзга ташланмайди. Фақат «Умид ниҳоллари-2009” болалар спорт ўйинларидан тушган даромад собиқ ҳокимнинг бола – чақасини боқишга умрбод етишини эслатиб ўтмоқчимиз, холос.
Янги сайланган ҳоким – Сирдарё вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Республикасининг «Шуҳрат» ордени нишондори, ёш, серғайрат Ойбек Шодмонқулович Ашурметовдир.
Албатта, янги ҳокимга фаолияти жараёнида ишларига омад тилаб қоламиз. Ўйлаймизки, у биринчи навбатда вилоят аҳолисининг ижтимоий – иқтисодий шароитини яхшилашга эътиборини қаратади ва инсонийлик фазилатларини намоён қилган ҳолда вилоят аҳлининг олқишига сазовор бўлади.

Сирдарё вилояти

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares