“Бирдамлик” матбуот маркази хабар қилади.
23сентябрь куни Қарши шаҳридаги педагогика, политехникум, маданият, информатика ва бошқа коллежларнинг барча талабалари автобусларда ёппасига пахта йиғим-теримига олиб кетилди. Ҳар йилгидек пахта йиғим-терим компанияси, яъни болаларни эксплуатация қилиш бошланди.
Айтиб ўтиш жоизки, ушбу коллежларга ўқишга кириш учун аксарият абитуриентлар ниҳоятда катта пул – пора берадилар. Бу пора 500минг сўмдан то 1500минг сўмгача, баъзи ҳолларда ундан ҳам ортиқ бўлиши мумкин. Бундан ташқари ўқиш давомида домлаларга ҳар хил мажбурий совғалар, яъни оралиқ имтиҳонлари учун пул йиғиб бериш, уларнинг уйларига бориб ишлаш, шанбаликлар ўтказиш, мажбурий қон топшириш ҳоллари одат тусини олган.
Шундай қилиб, пул бериб фарзандларини ўқишга киритаётган ота-оналар аслида уларни қулликка беришаётган бўлиб чиқади.
Мана, икки йилдан бери мамлакат телевидениесидан ва бошқа ОАВ (Оммавий ахборот воситалари)да “қулликка рози бўлманг” шиори остида тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: Давлат томонидан шундай долзарб шиор ташланса-ю, яна болалар қулдек ишлатишга олиб кетилса. Бу ерда қандан мантиқ бўлиши мумкин?!
Қашқадарё вилояти