ЁШУ – ҚАРИ, БАРЧА ПАХТА ТЕРИМИГА ҲАШАРГА, ЖУМЛАДАН БОЛАЖОНЛАР ҲАМ!

“Бирдамлик” матбуот маркази хабар қилади.

Ўзбекистон Республикаси Мустақилликга эришгач Давлатимиз томонидан барча жабҳалар қатори келажак авлод бўлмиш «Болажон»ларимизга катта эътибор қаратилди.
Молиявий шароити кўтарганларга олийгоҳларда илм олиш имкониятлари яратиб берилди. 9-синфни тугатганларга коллеж ва лицейларга мажбурий йўлланма берила бошланди. Ёшларимиз муккамал билимга эга бўлишлари зарурлиги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва амалдаги қонунлари билан мустаҳкамланиб, қоғозларга битиб қўйилди. Аммо…
Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси томонидан БМТнинг «Болалар мажбурий меҳнати» Конвенцияси ратификация қилиниб, Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2008 йил 12-сентябр куни «Болаларни пахта йиғим-теримига жалб қилмаслик тўғрисида» қарор ҳам қабул қилинди. Бу қарордан Давлатимиз халқ келажаги ғамини ўйлаяпти деган фикрга келиш мумкин эди. Афсуски, қарор қабул қилинганидан ўн кун ўтмасданоқ маҳаллий ҳокимият органлар раҳбарлари болажонларни пахта йиғим-теримига сафарбар қилиб юборишганди.
Бу йил ҳам айнан ўша ҳолат такрорланди. Яъни, барча қатори болажонлар ҳам пахта теримига чиқазилди. Бу ҳолат эса қанчадан-қанча болажонларимизнинг турли касалликларга чалинишига, ёш жонлари жувонмарг бўлишга сабабчи бўлмоқда. Далада меҳнат қилаётган ота-оналардан «ўз ихтиёримиз билан ёрдамга чиқмоқдамиз» деган «тилхат»лар ёздириб олинди. Ўқувчилар мураббийларига эса «ким болаларни пахта теримига олиб чиқмаса ёки пахта теримига қарши ташвиқот қилса ўзидар кўрсин” қабилидаги гаплар айтилди.
Пахта терими 2-3 ой давом этишини ҳисобга олсак, “бу болалар қачон таълим олади?” деган ҳақли савол туғилади. Ахир улар шу йил ёз фаслида Сирдарё вилоятида ўтказилган «Умид ниҳоллари» спорт анжуманида катта шижоатлар кўрсатди. Спорт анжумани бошланишига қадар икки ойча ўқишларини йиғиштириб қўйиб, эрталабдан то қош қорайгунга қадар шаҳар ҳудудидаги йўллар четида ажриқ териш, ахлатларни йиғиштириш каби ишлар билан машғул бўлишди.
Болаларнинг бу маҳнатлари кимларгадир шуҳрат, кимларгадир катта даромад келтириши сир эмас. Келажагимиз ворислари бўлган болажонларимиз эса ёшлигидан меҳнатга чиниқиб, қулликга кўникиб бораверади. Ахир улар балоғат ёшига етгач меҳнат эмигиратлари ўрнини тўлдиришади-да.
Давлатимиз раҳбари бир нутқида «Совет Иттифоқи даврида ўзбек халқини иккинчи даражали шахслар деб ҳисоблашарди» деб таъкидлаб ўтган эди. Аммо бизлар ҳозирги кунда Мустакиллик нашидасидан баҳраманд бўлиб яшамоқдамиз-ку! Шунинг учун ҳам ўз дунёқарашимизни ўзгартириб, «қулнинг боласи ҳам қул бўлиб етишади» деган ақидадан воз кечишимиз зарур эмас-ми?!

Сирдарё вилояти

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares