ЎЗБЕКИСТОН БОШ ПРОКУРОРИГА ОЧИҚ ХАТ ОЧИҚ СУДНИНГ ЁПИҚ НАЙРАНГЛАРИ

 

(“ҲУКМ”дан кейинги хулоса)

 

2009 йил 1 июн куни бошланиб, 21 июлда якунланган, Самарқанд вилояти ЖИБ Тайлоқ туман суди (жаноб Н.Мирмуҳамедов раислиги)да олиб борилиб, 30 июл куни “Айблов ҳукми” ўқилган суд тергови жараёнларини бирор нимага қиёслашликка истиҳола қилади одам. Ҳатто тоннел ёки отеллардаги енгил табиат аёл ҳаракатига қиёслаш баданфурушни ҳақоратлаш бўлур эди.  Суд тергови 51 кун давом этди. 20 марта тўлиқ суд жараёни ўтказилди. Ўнлаб одамлар овора, асаблар бузилган. Юзлаб варақлар тўлдирилган, бир қанча сабабу жиҳатлар ўрганилиб, баҳсу музокаралар қилинган.

 

Иштирокчилар кўз ўнгида АДОЛАТ қарор топгандек. Чунки жабрланувчилардан бири ўз ҳаракатини изоҳлаб бера олмади; иккинчисининг туҳмат қилаётганлиги фош бўлди, учинчиси эса, терговдаги кўрсатувларини ўзгартирди. Гувоҳлар ҳам тергов даврида терговчилар томонидан “Баённома”ларга ёлғон, нотўғри ёзувлар киритилганлигини тасдиқлай бошлашди.

 

Холислар вояга етмасдан холисликка жалб этилганликларини, терговчи ёзганидек, воқеа содир бўлганигача эмас, балки воқеа содир бўлганидан кейин холис тариқасида таклиф этилганликларини билдирдилар, тасдиқладилар. Тергов даврида тўпланган бир қанча ҳужжатлар, далиллар терговчилар томонидан сохталаштирилганлиги судда тўлиқ исботланди.

 

 Масалан:

 

1. Д.Саидов ва жабрланувчи С.Боймуродов ўртасида 2009 йил 30 март куни ўтказилган “Юзлаштириш ҳаракати видеотасвири”нинг “Кириш”, “С.Боймуродов кўрсатувлари” қисмлари кесиб ташланган. Қолган кичик лавҳа эса, монтаж қилинган.

 

2. Д.Саидов ва гувоҳ Аннақул Раҳмонов ўртасида 2009 йил 30 март куни ўтказилган “Юзлаштириш ҳаракати видеотасвири”даги гувоҳ А.Раҳмонов кўрсатувлари “Юзлаштириш баённомаси”даги кўрсатмаларидан кескин фарқ қилиши аниқланди.

Энг асосий далил – 2009 йил 18 феврал куни “Юлдуз” ресторанидаги учрашув суҳбати АУДИОЁЗУВИ йўқотилганлиги исботланди.

 

Шунингдек, Жомбой туман ИИБ ТБда тўпланиб, қонунга зид равишда ёпиб юборилган №277-сонли материаллар судга чақиртилиб, таҳлил қилингач, ушбуни ёпиб юборган терговчи О.ТОҲИРОВ қўшимча гувоҳ тариқасида сўроқ қилингач, судланувчиларга қўйилган айбловнинг сохта, уюштирилганлиги янада ойдинлашди.

 

Судланувчи М.Жўраева ўзининг ҳақиқий жиноий шеригини кўрсатиб, воқеани баёнлаганлиги, бу борада келтирилган аниқ далиллар эса, ҳақиқатга мувофиқ  кутилмаган ҳол эди. 21 июл куни суд “Музокара”ларга ўтди. Шу куни судланувчиларга “Охирги сўз” берилиб, суд тергови якунланди. “Ҳукм”  ўқилишигача ТЎҚҚИЗ КУН танаффус қилиниб,

 

30 июл куни Ўзбекистон Республикаси номидан ҲУКМ қилишлик учун судланувчилар ЖИБ Тайлоқ туман судига олиб борилдилар. Бироқ ҳукм ўқиладиган кун судланувчиларнинг  адвокатларига ҳам, яқинларига ҳам маълум қилинмаган, аниқроғи “ҲУКМ”ни яширинча ўқишлик лозим топилган эди. Табиийки, бундай ҳол судланувчиларни қониқтирмади.

 

 Улар ўз норозиликларини ошкора билдириб, машинадан тушишдан бош тортдилар. Қўлларига урилган кишанларни машина панжарасидан ўтказиб олдилар. Бироз тортишувдан кейин судланувчилар ҳибсхонага қайтарилдилар. Кўп ўтмай резина гавронлар, кўзни ёшлантирувчи газ баллончалари ва тўппончалар билан қуроллантирилиб, кучайтирилган (қарийб 20 нафар!) соқчилар қуршовида судланувчилар қайтадан машинага чиқарилдилар.

 

 Зўравонлик ва таҳдид остида суд биносига киритилган судланувчиларга раислик этувчи Н.МИРМУҲАМЕДОВ суд “ҲУКМ”ининг фақат хулоса қисминигина ўқиб берди:

“…12 йилу 6 ойга …12 йилга…”

“…11 йилга …11йилга… умумий тартибда…”

 

Бу 30 июл куни кундуз 1230 ларда бўлиб ўтган воқелик! Суд ҳукмидан нусха 4август куни берилди! Аслида буни “ҲУКМ” деб ҳам бўлмайди. Сабаби, “Ўзбекистон Республикаси номидан Ҳукм” 2009 йил 30 апрел куни Самарқанд вилоят прокуратурасида тузилиб тасдиқланган “АЙБЛОВ ХУЛОСАСИ”дан деярли сўзма-сўз, ҳаттоки имло хатолари билан кўчирилган ДУБЛИКАТдан фарқ қилмас эди!

 

Ушбу “Ҳукм”ни Ўзбекистон Республикаси номидан эълон қилган СУДЬЯнинг нафақат ўз касбий “ҚАСАМЁД”ига, балки ВАТАН нуфузига ҳам беписанд МАНҚУРТдан заррача фарқи йўқ эканига Яратганнинг ўзи шоҳид! Бундай хулоса СУДЬЯ тарафидан ўқилган ҲУКМ адолатсизлигига нисбатан айтилмаяпти.

 Балки:

Судланувчилардан Д.Саидов, А.Пўлатов, Т.Эргашев ўз ҳақ-ҳуқуқларини, оддий фуқаролар, фермерлар ҳуқуқларини ҳимоялаганликлари билан бир қаторда Ўзбекистонда давлат даражасига кўтарилган “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги” борасидаги бугунги принципни тўлиқ қўллаб-қувватлаганликлари учун ҳам ҳибс этилганликлари айни ҳақиқат!

 

Бунинг исботини судланувчилар тарафидан шикоятланган ва Жомбой туман ИИБ ТБда тўпланиб, катта терговчи ОЛИМ ТОҲИРОВ томонидан ёпиб юборилган №277-сонли материаллар йиғмасида аниқ кўриш мумкин. Шикоятланган ҳолатларнинг айримларини эслатиб ўтсак:

 

1 Ҳозирда жабрланувчи бўлиб ўтирган “Ўзбекистон” ширкат хўжалиги собиқ раиси С.Боймуродов даврида бошланиб, “Ҳалвойи ҚФЙ” раиси Хурсан Ўринбоева қарорлари билангина ноқонуний тарқатиб юборилган ер бўлакларига оид ҳужжатлар сохта имзолар қўйилган кўчирмалар, фотолар.

 

2. Жабрланувчи бўлиб ўтирган Аслиддин Ўринбоевнинг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан туман прокурори Э.Рўзиев, ИИБ бошлиғи А.Ҳошимов номларига ёзилган, аниқ фактлар кўрсатилган шикоятлар, “Тушунтириш хатлари”.

 

3. ЎзР ЖПК 36-моддаси талаби асосида 2008 йил 6 ноябр куни Д.Саидов иштирокида ўтказилган “Фаровон ҳаёт йўли” ММТП (раиси А.Ўринбоев!)га қарашли техник воситалар бўйича саноққа оид “Билдирги”, “Тушунтириш хатлари”, фотодалиллар.

 

4. Кесиб, ўзлаштириб юборилган тутзор, теракзор бўйича аниқ кўрсаткичлар, фотодалиллар ва ҳоказо.

2009 йил 17 июл куни суд муҳокамасида гувоҳ Равшан Рустамов ўз кўрсатувларида “2007 йил ноябр ойида ММТП балансида 24 та трактор, 8 та тележка бўлганлиги”ни билдирди. 2008 йил 6 ноябр куни саноқ ўтказилганида фақат 12 та трактор топилган, 3 та тележка бўлган, холос! 

 

Гувоҳ Р.Рустамов ўзига қарашли “Нарзиқул Рустамов ф/х”дан қарийб уч гектар ер опа-ука Ўринбоевлар томонидан ҳеч бир ҳужжатсиз эгалланиб, бетон пойдеворлар қуйиб қўйилганлигини, бироқ бу майдон ҳалигача фермер хўжалиги ҳисобидаги экин майдони эканлигини, шунинг учун ҳар йили, жумладан, бу йил ҳам 10 тонна ғалла топширганлигини билдирди.

Бу ноқонуний ҳолат юзасидан Прокуратурага ёзган аризаси жавобсиз қолганлигини таъкидлади. Бу – қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги борасидаги бугунги принципларга нисбатан тўсқинлик ва қонунбузарлик сабабчилари бўлмиш опа-ука Ўринбоевлар, С.Боймуродов, В.Хўжақулов бугунги кунда вилоят прокуратурасидаги “ҳомийлари” ёрдамида ЖАБРЛАНУВЧИ бўлдилар!

 

Бу тўсқинлик ва қонунбузарлик сабаблари-ю сабабчиларини, уларнинг қинғирликларини ошкор этиб, шикоятлар киритган, қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги борасидаги принципларни амалий қўллаб-қувватлаган Дилмурод Саидов, Анор Пўлатов, Тўра Эргашев эса, (Прокуратура ва ЖИБ Тайлоқ туман суди раиси Н.Мирмуҳамедовнинг нохолисликлари боисидан!) бугунги кунда ЖИНОЯТЧИ МАҲКУМЛАР!

 

Сохталаштирилган ҳужжатлар асосида “Айблов хулосаси”ни тузган терговчи ва уни “Ҳукм”га кўчириб олган судьяни қандай номлаш мумкин: СОХТАКОРМИ ёки МАНҚУРТ?

Юқоридаги эътирофларга балки Бош Прокуратурадагилар холис муносабат билдириб, хулосадаги саволга аниқ жавоб айтишар.

 

Бу борада Инсон Ҳуқуқлари ҳимояси бўйича дунёнинг етакчи ва фаол ташкилотлари Ўзбекистон Ҳукуматига ўз муносабатларини маълум қилишларига ҳам ишонамиз. Зеро, ушбуда қисқача баён этилган воқелик судланувчиларга нисбатан очиқдан-очиқ руҳий қийноқ қўлланилганлигини ҳам кўрсатиб, аниқ тасдиқлаб турибди.

 

 

Абдул НАБИЙ

САМАРҚАНД-ТАЙЛОҚ

 

 

 

 

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares