1. Ғайриинсоний ҳаракат ва қийноқлар
2009 -йил 22 феврал куни ҳибс этилиб, 30 июлда “Айблов ҳукми” ўқилган таниқли журналист, Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, ҳуқуқий мавзуда юздан ортиқ таҳлилий-танқидий мақолалар, детектив услубидаги “ТЕРМИНАТОР” китоби муаллифи Дилмурод Саййид (Саидов)нинг айнан касбий фаолияти учун сохта айблов уюштирилиб, уйдирма жиноят иши билан озодликдан маҳрум этилганлиги нафақат Ўзбекистондаги ҳуқуқий соҳа масъулларига, балки жаҳон жамоатчилигига ҳам сир эмас. Дилмурод Саййид (Саидов) ҳибс этилишидан бошлаб унга нисбатан ғайриинсоний ҳаракатлар, қийноқлар қўлланилиб келинган:
А) 2009 -йил 22 феврал куни Д.Саййид ўз уйи яқинида, қўни-қўшнилар ва оиласи – турмуш ўртоғи ҳамда 5 ёшли қизчаси кўз ўнгида ҳеч бир асоссиз, куч ишлатиш йўли билан СВОЖЖДЛҚК Департаменти Тошкент шаҳар бошқармаси опергруппаси ходимлари томонидан ҲИБСга олинган ва тунда Самарқандга олиб кетилган;
Б) 2009 -йил 24 феврал куни гумонланувчи М. Жўраева билан юзлаштирилиши олдидан Д.Саидов хонадонига тинтув ўтказиш учун борган СВОЖЖДЛҚК Самарқанд вилояти бошқармаси опергуруҳи ходимлари Тошкентда Дилмурод Саидовнинг 5 ёшли қизчасини сўроқ қилиш мақсадида (?) болалар боғчасига борганлар. Фақатгина 94-МТМ (боғча) ходималарининг ҳушёрлиги сабаб “опергуруҳ”чилар қизчани кўра олишмаган;
В) 2009 -йил 22 февралдан 4 март кунига қадар Д.Саидовнинг дори-дармон, озиқ-овқат, санитария-гигиена ашёлари олишига тўсқинлик қилинган;
Г) 2009 -йил 18 март кунидан 24 мартга қадар Д.Саидов қамоқнинг ертўла камерасида сақланган;
Д) 2009 -йил 30 июл куни ЖИБ Тайлоқ туман судида Д.Саййид (ва бошқалар)га нисбатан суд “Ҳукм”и адвокат ва яқинларидан яширинча, кучайтирилган соқчилар босими остида ўқилган. Раислик этувчи Н. Мирмуҳамедов “Ҳукм”нинг хулоса қисмини ўқиб бериш билан кифояланган.
2. ҒАРАЗДАН МАРАЗГАЧА
Касбий фаолияти учун сохта айблов билан ҳибс этилган Дилмурод Саййид (Саидов)га нисбатан бошланғич тергов ва тергов ҳаракатларини олиб борган СВОЖЖДЛҚК Департаментнинг Самарқанд вилояти бошқармаси суриштирув бўлими бошлиғи И.Шеров, вилоят прокуратураси “Иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бўлими” катта терговчиси С.Мажидов “Жиноят иши” материалларини сохталаштирганликлари қуйидаги ҳолатларда ўз тасдиғини топди.
1. СУРИШТИРУВЧИ И.ШЕРОВ ТОМОНИДАН:
А) Холислар Ш.Шарипов ва Б.Мўминовнинг вояга етмаганликларини яшириш учун уларнинг ёшлари “Сўроқ баённомалари”да бир ёшга катта қилиб кўрсатилган;
Б) Холислар 2009- йил 22 феврал куни М. Жўраева қўлга олингач, таклиф этилганликларини судда тасдиқлашди. Холис тариқасида сўралган Ш. Шариповнинг суддаги кўрсатувлари И.Шеров томонидан 22 феврал куни тайёрланиб, холисга имзолатилган “Сўроқ баённомаси”дан кескин фарқ қилади;
В) Гувоҳлар М.Ёқубов ва Д.Алимов ўзларига тегишли “Сўроқ баённомаси”га нотўғри ёзувлар киритилганлигини кўрсатдилар;
Г) Гувоҳ Р.Рустамов ҳам терговдаги “Сўроқ баённомаси”даги кўрсатувларини тўлиқ инкор этди;
Д) Ҳужжатлардан кўчирмалар 24 феврал куни адвокат Р.Комилов томонидан ҳам И.Шеровга, ҳам вилоят прокуратурасига 33 варақда тақдим этилган. Бироқ булар”Иш” жилдига атайлаб қўшилмаган.
2. КАТТА ТЕРГОВЧИ С.МАЖИДОВ ТОМОНИДАН:
А) Д.Саидов билан С.Боймуродов ўртасида 2009 -йил 30 март куни ўтказилган “Юзлаштириш ҳаракати видеотасвири”нинг “Кириш”, “С.Боймуродов кўрсатувлари”, “Д.Саидов кўрсатувлари” қисмлари кесиб (олиб) ташланган, қолган кичик лавҳа эса, монтаж қилинган.
Б) Д.Саидов билан А.Раҳмонов ўртасида 2009 -йил 30 март куни ўтказилган “Юзлаштириш ҳаракати видеотасвири”да гувоҳ А.Раҳмонов кўрсатувлари шу “Юзлаштириш ҳаракати баённомаси”даги кўрсатмалардан мутлақо фарқ қилади;
В) 18 феврал куни жабрланувчи А.Ўринбоев томонидан ДИКТОФОНга ёзиб олинган “Юлдуз” ресторанидаги А.Ўринбоев, Д.Саидов, А.Пўлатов, И.Маҳмудов, М.Жўраева ўртасидаги учрашув суҳбати АУДИОЁЗУВи йўқотилган ёки ғараз мақсадда “Иш” жилдига қўшилмаган;
Г) Бу АУДИОЁЗУВ ўрнига куни, вақти номаълум “Телефон сўзлашувлари” киритилган;
Д) Д.Саидов томонидан С.Боймуродов, М.Абдуназаров, В.Хўжақулов бўйича келтирилган аниқ важлар, ҳужжатлардан кўчирмалар юзасидан холисона ҳуқуқий баҳо берилмаган;
Е) “Айблов хулосаси”да Д.Саидов шахсига нисбатан ҳақоратли сўзлардан фойдаланилган, “Хавфли рецедивист” деб асоссиз тасниф келтирилган.
3. Суд муҳокамасида раислик этувчи Н.МИРМУҲАМЕДОВ томонидан:
А) Терговда йўл қўйилган хато, камчилик ва қонунбузарликларнинг бирортасига ҳуқуқий баҳо берилмади;
Б) Янги очилган ҳолатлар, ҳатто жабрланувчилар ва гувоҳларнинг исботланиб турган қилмишлари қонуний баҳосини олмади;
В) “Ҳукм” судланувчиларнинг ҳуқуқларига тўлиқ хилоф равишда, яширинча ва кучайтирилган соқчилар босими остида ўқилди;
Г) “Суд – мустақил ҳокимият”, “Қонун – барчага баробар!” “Инсон шаъни олий қадрият” тушунчалари; одиллик, ҳақиқатни аниқлаш, далиллар мақбуллиги талаблари; ҳуқуқий давлатчилик, қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги борасидаги бугунги принциплар суд (раислик этувчи!) томонидан очиқчасига оёқости қилинди.
Бундай сохта айблов уюштириб, уйдирма “Жиноят иши” тайёрлаб, мансаб сохтакорлигига ошкора йўл қўйишлик, бир сўз билан айтганда, ВАКОЛАТ ва МАНФААТни ҚОНУНдан устувор кўришлик билан Самарқанд вилоят прокуратураси ва судлов тизимларидаги айрим ваколат эгалари Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ борасидаги бугунги воқеликнинг ҳақиқий кўринишини яна бир бор амалий исботлаб бердилар.
“Яна бир бор” дея урғулашимизга сабаб, бунгача Жомбой туман ИИБ ТБда тўпланган №277-сонли материаллар катта терговчи, майор ОЛИМ ТОҲИРОВ томонидан (албатта прокурор розилиги билан!) ёпилиб, опа-ука Ўринбоевлар, С.Боймуродов каби шахсларнинг жуда кўп миқдордаги иқтисодий ўзлаштириш қилмишлари яширилганди. Бу ғайриқонуний ҳолатлар юзасидан аниқ маълумотлар асосида, далилий ҳужжатлар ва фотолар иловалаб, шикоятлар йўллаган
Дилмурод Саййид (Саидов ва бошқалар!) адолатсизлик қурбони бўлиб, судландилар. Коррупциялашган ҳудудда ҳақиқий жиноятчиларни яшириб, адолат излаганларни эса, сохта айблов уюштириб, ҳибс этишлик Самарқанд вилояти миқёсида ҳам одатий ҳолга айлангани айни ҲАҚИҚАТдир. Аксарият зиёлилар мамлакатни ишсизлик ёки иқтисодий ночорликдан эмас, балки ҲАҚСИЗЛИКдан тарк этиб кетмоқдалар. Адолат борлигига ишониб ёки адолатни юзага чиқишига умид боғлаб, мамлакатдан чиқиб кетмаганларни эса, Дилмурод САЙЙИДники каби ҚИСМАТ КУТМОҚДА!
Абдул НАБИЙ
Самарқанд