Cуд залидан асослар келтирилди

 

ЖИБ Самарқанд вилоят суди Аппелляция босқичида журналист ва инсон ҳақлари ҳимоячиси Дилмурод Саййид (Саидов), фермерлар Анор Пўлатов, Тўра Эргашев, фуқаро Марғуба Жўраевага нисбатан олиб борилаётган жараёнда 10 сентябр куни конкрет асослар келтирилди. Чунончи, Д.Саййид, А.Пўлатов, Т.Эргашев томонларидан шикоятланган “Фаровон ҳаёт йўли” ММТП ва “Ҳалвойи ҚФЙ” да содир этилган ғайриқонуний ҳолатлар ҳозирда ўз тасдиғини топаётганлиги адвокат А.Яҳёев тарафида аниқ мисолларда исботлаб берилди.

 

Адвокат А.Яҳёев таъкидига кўра, ҳозирда Жомбой прокурори томонидан ғайриқонуний кесиб юборилган тутзор, тарқатилган бир неча ер бўлаклари юзасидан фуқаролик судига даъво киритилган. Энг эътиборлиси,-дейди А.Яҳёев,-бу фактлар гўё прокуратура томонидан аниқлангандек қилиб келтирилган. Ваҳоланки, бу ҳақда бундан 8-9 ой олдин судланувчи Д.Саидов,

 

А.Пўлатов тегишли идораларга шикоят киритиб, фотодалиллар тақдим этгандилар. Буни Жомбой туман ИИБ ТБда тўпланган №277-сонли материаллардаги мавжуд далиллар тасдиқлайди. Судланувчи М.Жўраева эса, Исроил Маҳмудов билан ўзаро тил бириктириб, ҳаракат қилганлигини асослантирди.

 

-Мен бу ҳақда биринчи босқич судига 20 июл куни киритган “Илтимоснома”мда аниқ исботлаб берганман. “Илтимоснома”мга қуйидагиларни қўшимча қиламан,-деди М.Жўраева,-яъни А.Ўринбоевдан пулни олиш чоғида фақат И.Маҳмудов мен билан иштирок этган. Чунки кейинчалик А.Ўринбоев пул масаласида даъво қилса,

 

ягона гувоҳ И. Маҳмудов бўла оларди. И.Маҳмудов пулга тенг шериклиги сабаб А.Ўринбоев даъвосини тасдиқламасди. Буни ҳам И.Маҳмудов билан олдиндан келишиб олган эдик… Судланувчи М. Жўраева бу ҳақда судловга ёзма кўрсатма ҳам топширди.

 

 

ДИҚҚАТ

 

НАЙРАНГБОЗЛИК

 

Август ойининг 24-26 кунлари Каттақўрғондаги 7-ТҲда сақланаётган Дилмурод Саидов (Саййид), Анор Пўлатов, Тўра Эргашевларга нисбатан ТҲ раҳбарияти томонидан маъмурий жазо қўлланилган. М. Жўраева эса, бир муддат КАРЦЕРда ушлаб турилган.

 

Жумладан:

 

Анор Пўлатов кундузи ухлаб ётгани учун қоидабузар сифатида КАРЦЕРга, ундан ертўладаги камерага ўтказилиб, ҳайфсан берилган. Дилмурод Саидовга эса “Тунги вақт камерадоши билан жанжалллашганлиги ва назоратчи талабини бажармаганлиги учун” ҳайфсан берилган. Тўра Эргашев “Камера панжараси (деразаси) дан гаплашганлиги” сабаб маъмурий жазога тортилган.

 

Тушунишимизча, бу найрангбозлик ташқаридан берилган кўрсатма билан амалга оширилган. Бунинг сабаби эса, оддий! Яъни АМНИСТИЯ чиқиш арафасида иккита маъмурий жазо олган маҳкум “мунтазам тартиббузар” ҳисобланади ва Амнистия Қарорининг 8-банди “А” қисми талабига кўра, маҳкумга Амнистия қўлланилмайди…

 

Бу найрангбозлик, бизнингча, суд ҳукми ўзгариб, судланувчиларга енгилроқ жазо белгилангудек ҳолат юзага келганида ҳам уларга нисбатан ЕНГИЛЛИК берилмаслиги учун қилингани аниқ! Чунки на тергов, на суд уларга нисбатан қўйилган айбловлар (“Товламачилик”, “Ҳужжат сохтакорлиги”)ни мутлақо исботлаб беролмади.

 

 Бироқ бу билан “ОҚЛОВ ҲУКМИ”га ҳам умид боғлаш қийин. Жуда инсоф қилинганида, айбловни бошқа енгилроғига алмаштириш имкони судларда ҳамиша мавжуд. Шундай қилинса, “Сих ҳам, кабоб ҳам куймайди”, яъни тергов гуруҳи уйдирма “Жиноят иши” ва “Мансаб сохтакорликлари” учун жавобгарликдан қутулиб қоладилар. Бундай имконият судловга ҳам тегишлидир.

Буёғини эса вақт кўрсатади…

Абдул НАБИЙ

 

САМАРҚАНД

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares