“Бирдамлик” ҳаракати ахборот маркази хабар қилади.
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳар ҳокимининг хуфя кўрсатмаларига биноан шундай тозалаш ишлари олиб борилмоқдаки, буни сўз билан ифодалаш қийин. Унинг ҳатти-ҳаракатлари замирида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва амалдаги қонунлари кўрсатмаларига риоя қилинмаган ҳолда фуқароларга нисбатан тазйиқ ва босим ўтказилмоқда. Бу ҳолатдан давлат назорат органи ходимлари огоҳ бўлишига қарамай, унга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаяпди. Бундан Сирдарё вилоят Гулистон шаҳрида қонун устиворлиги мавжуд эмас экан деган хулосага келса бўлади.
Мана, Гулистон шаҳар ҳокими Б.Ибрагимов қилмишларидан бир–икки лавҳа . Гулистон шаҳар «Фарҳод» маҳалла фуқаролар йиғини раиси М.Маматқулов ҳоким томонидан ишдан олиб ташланди. Ваҳоланки, у 1994 йилдан бошлаб шу маҳаллада оқсоқол вазифасида ишлаб, 15 йил давомида қилган фидокорона меҳнатлари учун Ўзбекистон Республикасининг «Меҳнат Фахрийси» ва «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 10 йиллиги» нишондори, «Шуҳрат» ордени соҳиби даражасига эришган.
Ҳўш, шундай юксак мартабали инсон ҳокимга нега керак бўлмай қолди?
Чунки у ҳалол ишлаб, маҳаллага ажратилган маблағларни кам таъминланган оилаларга тарқатиш, нафақалардан чегириб қолмаслик, ободончилик ва фаровонлик ишларига асосий этиборни қаратиш билан шуғилланди. Ўз котибаси бўлмиш М.Тошматованинг қинғир ишларига йўл бермади. Шаҳар ҳокими бу маҳалладан манфаат кўрмагани учун оқсоқолни ишдан бўшатиб (ҳоким барча маҳалла раисларидан ишдан бўшаш ҳақида мажбуран ариза ёздириб олади) ўрнига айнан
М.Тошматовани тайинлади. Ваҳоланки, М.Тошматова фаолияти жараёнида катта камомадлар келтириб чиқариш, фуқароларга берилаётган нафақа пуллари, кам таъминланган оилаларга ажратилган маблағларни тамагирлик йўлида ўзлаштириш билан ном чиқарган. Ҳатто суднинг қарори билан ушбу ҳолатлар ўз тасдиғини топишига қарамай шаҳар ҳокимининг унга қилган мулозаматлари ажабланарли ҳолдир.
Айнан шундай ҳолатни “Маданият” маҳалласида содир бўлган воқеада кўриш мумкин. Маҳалла раиси Турон ҳожи Қодировнинг олиб бораётган фаолияти шаҳар ҳокимига ёқмаганлиги сабабли ишдан бўшатилди. Унинг ўрнига маҳалла котибаси Г.Ашурова сайлов жараёнида ғайриқонуний тарзда «соқолсиз» оқсоқолга айланди-қолди (ҳақиқатда бундай сайлов бўлиб ўтмаган).
Бу ҳолдан ўз норозиликларини изҳор қилган маҳалла фуқароларининг юқори босқичга ёзган шикоят аризалари ўз-ўзидан изсиз йўқолмоқда. Ваҳоланки, фуқароларнинг мурожаатлари қонун доирасида кўрилганида Г.Ашурова маҳалла раиси эмас, аксинча жиноятчига айланиши муқаррар. Чунки у ғайриқонуний ҳолатларни содир этиб, нафақа пулларию, кам таъминланган аҳолининг рисқини шу даражада талон-тарож қилмоқдаким, бу ҳаракатлари шаҳар ҳокимига хуш ёқмоқда.
Бу каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Масалан: «Навбаҳор» маҳалласи раиси И.Жўраев йиғилишларда шаҳар ҳокимига жойлардаги ҳолатлар тўғрисида тўғри фикрларини билдиргани учун ишдан бўшатилди; Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, маҳалла оқсоқолини бўшатиш ва тайинлаш фуқаролар йиғини томонидан амалга оширилиши қонунда белгилаб қўйилган. Энг ажабланарлиси шундаки, маҳаллаларда раис ўрнини ҳокимнинг кўрсатмасига биноан ё маълумотсиз фуқаролар ёки аҳоли томонидан сайланмаган котибаю, маҳалла аҳолиси ичида обрў-эътиборга эга бўлмаган шахслар эгалламокда.
Чунки ҳозирги муҳитда жамиятга шундай шахслар кераклиги яққол намоён бўлмокда ва бундай ҳолатларга барҳам берадиган давлат ташкилотининг ўзи йўқ. Ўзбек ҳалқида ажойиб бир мақол бор: қорнимга эмас, қадримга йиғлайман. Дарҳақиқат, юқоридаги ҳолатларни кўриб маҳалланинг ҳақиқий оқсоқолларига ачиниб кетасан киши. Бу оқсоқоллар юқори босқич раҳбарларига мурожаатлар тақдим қилмоқдалар. Ажаб эмаски, катта бир Давлатда уларнинг оҳу-зорларини эшитадиган бирон-бир идораю, бирорта мўътабар инсон топилиб қолса! Уларнинг боши осмонга етар эди.
Лекин шундай идора топилармикан?…
Сирдарё вилояти