Фермер ютиб чиқди

Сирдарё вилоят, Гулистон туманидаги “Ғуломжон” фермер хўжалиги 2008 йилнинг бошида Гулистон пахта тозалаш корхонаси билан шартнома тузган эди. Шартномага кўра хўжалик корхонага 26.8 тонна пахта етказиб бериши, корхона эса ўз навбатида 2008 йилнинг 31декабрига қадар пахта учун зарур барча тўловларни ҳисоб-китоб қилиб, хўжалик ҳисобига ўтказиши зарур эди.
Деҳқон барибир деҳқон–да! У ўз лафзида туриб, шартномани ошиғи билан бажарди. Жами 29.6 тонна, яъни режадагидан 3.1 тонна кўп пахта тайёрлаб корхонага етказди. Аммо корхона лафзида турмай, пул ўтказиб беришни хаёлига ҳам келтирмади. Фермер хўжалигининг қайта-қайта қилган мурожаатларига нописандлик билан қаради. Натижада “Ғуломжон” фермасининг ходимлари ойликсиз қолишди.
Бу эса келаси экин мавсумига тайёргарсизлик кириш хавфини юзага келтирди. Хуллас, пичоқ бориб бўғизга тақалди. Оқибатда “Ғуломжон” фермер хўжалиги шу масала юзасидан Сирдарё вилоят Адлия бошқармасига мурожаат қилишга мажбур бўлди. Адлия бошқармаси қонундан келиб чиққан ҳолда масалани кўриб чиқиш учун хўжалик судига оширди.
Ишни жиддий кўриб чиққан хўжалик судининг ҳал қилувчи қарорига биноан Гулистон пахта тозалаш заводи ҳисобидан “Ғуломжон” фермер хўжалигига 3 миллион 458 минг 157 сўм асосий қарз, 300 минг сўм пеня, яъни мажбуриятни ўз вақтида бажармагани учун жарима пули , шунингдек, суд харажатлари учун 6 минг сўм маблағ ундирилди.

Нодир Ахатов.Карши ш.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares