Истеъмолчи ҳуқуқларидан

“Бирдамлик” ҳаракати ахборот маркази хабар беради:

Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги” қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари асосида Қашқадарё вилоятида аҳолининг ҳуқуқий саводини оширишга эътибор берилмоқда.
Аввало фуқароларга истеъмолчилар фаолиятига оид қонун ва меъёрий ҳужжатлар кенг тушунтирилаётир. Мутахассислар ва жойлардаги вакиллар томонидан “Шўртаннефтгаз”, “Муборакнефтгаз” корхоналари, “Муборак иссиқлик энергетика маркази” ҳиссадорлик жамияти, Қамаши, Деҳқонобод, Қарши, Косон, Чироқчи, Китоб ва Шаҳрисабз туманларида аҳоли билан мулоқот уюштирилди.

Тарғибот-ташвиқот ишлари истеъмол маданиятини оширишга, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ўргатмоқда. Келиб тушаётган аризаларнинг асосий қисми коммунал-маиший, савдо соҳасидаги қонун бузилиши; табиий газ, ичимлик суви, электр энергияси таъминотидаги узилишлар; тўловларнинг нотўғри ҳисобланиши; транспорт, алоқа хизматининг сифатсизлиги хусусидадир.

Ушбу камчиликларни ўрганиш жараёнида электр энергияси ва табиий газ тўловларидан 657 минг, бошқа ҳолатлар бўйича 10344.5 минг сўм, жаъми 14548.7 минг сўм қайтарилишига эришилди. Хусусан, Қарши шаҳри А.Навоий кўчаси 11-уй, 52-хонадонда яшовчи А.Набиева фойдасига 500 минг сўм, “Хизматчи” кўчаси, 28-уйда яшовчи У. Раҳмоновга 381,3 минг сўм нотўғри ҳисобланган электр энергиясидан қарзлари ундириб берилди.

Қарши шаҳрининг Остон Турсунов кучаси 3а уй, 12-хонадонда яшовчи У.Тураевага нотўғри ҳисобланган коммунал тўловлар учун 228,6 минг, Касби тумани, Муғлон қишлоғида яшовчи А.Мирзаевнинг узоқ вақтдан бери берилмай келинаётган 1453,5 минг сўмлик нафақа пули, Шаҳрисабз туманидан бир гуруҳ ўқитувчиларнинг 854 минг сўмлик иш ҳақлари қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди.

Қашқадарё вилояти.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares