Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Жиззах вилояти бўлими хабарномаси

НОРБОЙ ХОЛЖИГИТОВНИНГ СОҒЛИҒИ ЯНА ЁМОНЛАШГАН

Ўзбекистон ИИВнинг Жазони ижро этиш Бош бошқармасига қарашли 64/49-сонли муассасада сақланаётган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли Норбой Холжигитовнинг аҳволи яна оғирлашган. Бу ҳақда муассасада шу йилнинг 24 июлади бўлиб қайтган ҳуқуқ ҳимоячисининг рафиқаси Бўригул Холжигитова жамиятнинг Жиззах вилояти бўлими фаолларига аҳволни қуйидагича баён этди:

“20 июль куни саҳардан Қаршидаги қамоқхонага болаларимнинг отаси билан учрашиш учун йўл олдим. Саратоннинг жазирамасида минг азоб билан етиб бордим. Муассасанинг янги раҳбари Тошпўлат деган киши билан учрашиб, учрашувга рухсат сўрадим. «Учрашувга келадиганлар кўпайиб кетди, кутасиз энди» деди. Йул азоби ҳолва экан, эрим билан учрашаман деб турмахона олдида уч кун колиб кетдим. Қаттиқ талабларимдан кейингина 23 июль куни уч кунлик учрашувга рухсат беришди. Не кўргиликки, бир кун ўтар-ўтмас, 24 июль куни яна «навбат кўпайиб кетди» учрашувни тўхтатишиб, мени чиқариб юборишди.

Хўжайинимнинг аҳволи аввалги учрашувдагига қараганда яна ҳам оғирлашибди.. Соғлиги деярли тамом бўлган. Сахарний эмасми (қандли диабет қонидаги қанд миқдори ошиб, анчайин абгор ҳолатга келиб қолибди. Қамалганда барча тишлари бор эди, биттагина тиши қолган. Энг ёмони, юзлари, оёқларининг учлари қорамтир тусга кирибди. Лаблари ҳам кўкимтир рангда. Қўл ва оёғининг чап томонҳхаракатлари сусайган. Кайфияти жуда ёмон, руҳан синиб қолган. «Ташқаридагиларга айт, бу ердан чиқишга ёрдам беришсин, ахир» деди. Хўжайинимнинг бу аҳволга келганини кўриб, ўзим ҳам тамом бўлдим.

Бунинг устига, турма бошлиғи амнистияга яна «совға» тайёрлаб қўйибди. Бундан роппа-роса бир олдин,  23 июнь куни хўжайинимга навбатдаги «нарушения”ни ёзибди (ички тартибни бузиш). Нима эмиш, «Ётадиган кўрпа-ёстиғинг кир бўлган» деганмиш. Бу нима кўргилик-а? Бошлиқлардан «Тошкентдаги сангородокка даволанишга юборишини сўрамайсизми?» десам, «Бу ерда даволамаганлар, у ерда даволармиди?» дейди. Ўтган сафарги учрашувимизда турма бошлиғига «Соғлиги ёмонлашаяпти, Тошкентга юборингизлар» деб илтимос қилган эдим. Бошлиқ «Хўжайинингиз ўзи Тошкентда даволанишдан бош тортаяпти» деганди.

…Яна нималарни айтай? Яна, қайларга бошимизни урайлик…”

Эслатиб ўтамиз, Норбой Холжигитов 2005 йилнинг 4 июнида ҳибсга олиниб, жиноят ишлари бўйича Саарқанд вилояти суди ҳукми билан 10 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Бахтиёр Ҳамроев,
ЎИХЖ Жиззах вилоят бўлими раиси
03 август 2009 й.
Жиззах шаҳри

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares