Ўзбекистон Конституциясидаги таъкидга ишонадиган бўлсак, “cудлар– мустақилдир !
” Бироқ бу қонунда – амалда эса…
ЖИБ Тойлоқ туман суди ҳам “қоғоздаги мустақиллар”лардан, амалда эса, қонунга эмас, вилоят прокуратураси чизиб қўйган “чизиқдан”дан ярим сантиметр четга чиқа олмаслиги 30 июл куни яна бир бор исботланди.
1 июн кунидан виқор билан, суд муҳокамасини бошлаган раислик этувчи Н.Мирмуҳамедов ҳукумат топшириғини бажраётганини, 30 июл куни очиқлашдан тортинмади. Ҳеч бир ҳолат заррача исботини топмаган бўлса-да, Д.Саидов, А.Пўлатов ва Т.Эргашевларга Ўзбекистон номини ҳам қора қилиб, адлатсиз ҳукм ўқиди. Бу билан суд раиси Самарқанд вилоятида нафақат прокуратура, балки туман суди ҳам Конституцияда белгиланган, бурчга тупурганлигини очиқ намоён қилди.
Самарқан вилоятида қонунсизлик шу даражага етишига нима сабаб экан?
Бу саволга Бош Прокуратура, Олий Суд, Қонунчилик Палатаси эътибор қаратармикан ёки ҳукуматнинг ўзи… балиқ бошиданми…?
Умуман, Инсон ҳуқуқлари ҳимояси тамойилига амалий эътибор қачон бўлади?
ҚОЗИ БОБОНИНГ ИЗТИРОБЛАРИ!..
Дунёда мажбурийлик деган тушунча бор
Айнан шу мажбурийлик одамни гоҳида не куйларга солиши, мажбур бўлганларга аён бўлса керак.
Айтишларига қараганда, ЖИБ Тайлоқ туман суди судьяси, Н.Мирмуҳамедов, 32/28417-сонли “ЖИНОЯТ ИШИ” бўйича ўқиган ҲУКМни мажбурий, тўғрироғи тазйиқ ва таҳдидлар остида чиқарганини судланувчиларнинг яқинларига тушунтирган. “Мен бу ишни кўриб бўлгач, деярли ўн кун ухлай олмадим. Умрим бино бўлиб бунақа ишни олмагандим. Қўлимдаги “иш” жилдини олиб бормаган жойим, маслаҳат сўрамаган бошлиғим қолмади…”
Юқоридагиларнинг эса жавоби, яъни талаби битта бўлган: барини, яъни тўрттовини ҳам қамайсан, бошқасининг қизиғи йўқ! Мабодо 228-модда олиб ташланса, 165-модданинг 4-қисми билан барига 14 йилдан берилиши қатъий таъкидланган. Худди шунинг учун ҳукм ўқилиш куни кечиккан. Айнан шу сабабли ҳукмни ҳеч кимни чақирмасдан ўқишга қарор қилинган, чунки судланувчиларнинг яқинлари, қарилар ва касаллар бор эди ва судья уларга бирор кор-ҳол бўлишини истамаган, ноҳақ кўп йил берилаётгани боис уларнинг юзларига қарашга судьянинг бети чидамаган .
Бу ишларнинг бошида Самарқанд вилоят SMB (МХХ)сининг шахсан ўзи тургани, уларнинг бундан манфаатдорлиги барчага аён бўлди. Чунки 22 феврал куни ўтказилган оператив гуруҳ ишининг сохта ва саёзлигини билган Департаментнинг Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиқ ўринбосари Ифтихор Юсупов бундан уч ойлар илгари Сурхондарёга бошқа ишга силлиққина ўтиб кетиб, жавобгарликдан қутулди, шу билан департаментнинг Самарқанд вилоят бўлими орадан чиқди. Энди мабодо судланувчилар оқланса, жавобгарлик Самарқанд вилоят прокуратураси ва МХХси бўйнига тушишини билган масъул жанобларнинг “пайтавасига қурт тушиб”, типирчилаб қолдилар. Ва бу жаноблар энг осон ва синалган усулни қўллаб қўяқолишди, яъни судьяни тазйиқ ва таҳдид остига олишди.
Судланувчиларнинг яқин қариндошларидан бири: МХХга Дилмурод Саййид керак экан, битта уни деб нечта бегуноҳни ҳам қамашди. Бундай қилишга қандай виждонлари чидади? Наҳотки Худодан қўрқишмайди, бу виждонсизлар?”,-дейди куюниб .
Жавоб топишгада лол қоласан киши. Аммо мулоҳазаларни айтишдан ўзни тийиш ҳам, албатта, мушкул.
Виждонсиз одам ўз манфаатини ҳамма нарсадан устун қўяди. Улар нафс қурбонларидир. Нафсини севган одамда қўрқув бўлмайди. Улар фақат манфаатларига зиён етишидан қўрқадилар холос. Бундайларнинг дўсти ҳам, виждони ҳам, Худоси ҳам, пайғамбари ҳам манфаъат. Уларга мол-дунё, мансаб, амал бўлса бас, қолгани чўнтакда, сотиб олса бўладиган нарсалар. Ундайлардан дўст чиқмайди. Улар одам қиёфасидаги шайтондирлар асли. Халқимизда ажойиб мақол бор: букрини гўр тузатади. Аммо улар гўрни ҳам букри қиладиган махлуқотлар.
Қози бобонинг изтироблари бир томондан таъсирли, аммо шу билан баробарида оқлаб ҳам бўлмайди. Чунки айнан журъатсизлик, амални, мансабни деб, бегуноҳларни ноҳақ қамаб юборишни Худонинг ўзи ҳам кечирмайди. Бу ҳақда Ҳадисларда ҳам шундай марҳамат қилинган: «Икки қози дўзахда-ю, бир қози жаннатдадир. Ҳақиқатни билиб, ҳаққоний ҳукм қилган қози жаннатдадир. Ҳақиқатни билиб туриб, қасддан жабр қилган қози билан ҳақиқатни билмай туриб ҳукм қилган қози дўзахдадир!» Барчамизни дўзахий бўлишдан Оллоҳ асрасин!
Жасурбек, Самарқанд



