Баҳодир Султон, Ҳолландия.
(Мўътабар Тожибоевага)
Кичик бўлса ҳам жуссам,
Лекин каттадир юрак.
Унда мардлик мужассам,
Тахаллусим “Ўтюрак”.
Чунки, бу юрак -оташ,
Қўрқув солар кўпларга.
У билмас недир чарчаш,
Бас келар ўқ-тўпларга.
Писанд эмас менга ҳеч
Ваҳшат солган бу режим.
Вақт ўтмоқда, бўлар кеч,
Сукут сақлаб турсак жим.
Ночорларни ҳимоя
Қилиш менинг мақсадим.
Иғво-бўхтон ниҳоят
Белгилади қисматим.
Қамоқдаги минг азоб,
Буколмади қаддимни.
Юрагимдаги ғазаб,
Кучайтирди ҳаддимни.
Данко мисол қўлимда
Машъаладир ўт юрак.
Тўсиқ бўлмас йўлимда,
Янчиб ўтар “Ўтюрак”!
Курашмадик биз бежиз,
Жаҳон бизни олди тан.
Қонхўр ҳам бўлди ожиз,
Озод бўлгайдир Ватан!



