Журналист Дилмурод Саййид 12,5 йилга маҳкум бўлди

Ўзбекистон: Журналист Дилмурод Саййид 12,5 йилга маҳкум бўлди
30.07.2009

Фарғона.Ру
Судья Наврўз Мирмуҳаммедов раислигида ўтган жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти Тойлоқ туман суди мустақил журналист ва ҳуқуқ ҳимоячи Дилмурод Саййидни 12,5 йилга озодликдан маҳрум этди. Ҳукм журналистнинг қариндошлари ва адвокатларини хабардор этилмай, маҳфий тарзда ўқиб эшиттирилди.

Эслатиб ўтамиз, Дилмурод Саййид Ўзбекистон Жиноят кодексининг иккита моддаси билан айбланмоқда – “Товламачилик” ва “Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш”. Журналистнинг ўзи унга қўйилган айбларни қатъий тарзда инкор этиб келди.

Журналистга қарши бўлган барча асосий гувоҳлар ўз кўрсатмаларидан воз кечган, бошқалари эса бу кўрсатмаларини махсус хизмат ходимларининг босими остида бердик деган бўлсаларда, Тойлоқ туман прокурорининг катта ёрдамчиси Ўткир Раҳматов Дилмурод Саййидни 14,5 йилга озодликдан маҳрум этишни талаб қилди.

Журналистнинг қариндошларига кўра, тергов ходимлар ўзаро суҳбат давомида бу нарса “юқоридан” буюртма бўлгани ва журналистни ҳар қандай ҳолатда қамашларини яширганлари йўқ. Дилмурод Саййиднинг сил касали билан оғриганини ҳисобга олинадиган бўлса, унинг озодликка чиқиш имконияти қисқараётганини англаб етса бўлади. Мустақил кузатувчиларга кўра, мустақил журналистнинг қамоққа маҳкум бўлиши Ўзбекистон ахборот майдонини номақбул унсурлардан тозалаш доирасида амалга оширилган.

Дилмурод Саййид шу йилнинг 22 февраль куни ҳибсга олинган, суд июнь ойида бошланган. Дилмурод Саййид инсон ҳуқуқларининг бузилишларини текшириш бўйича ихтисослашган эди. У “Эзгулик” ҳуқуқ ҳимоя ташкилотининг Тошкент вилояти бўлимининг фаол аъзоси.
fergana.ru

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares