Юсуф Жума озодлиги – миллат озодлигидир

Юсуф Расул

Ўзбек халқининг оловқалб шоири Юсуф Жума Қорақалпоғистондаги машъум “Жаслиқ” қамоқхонасида қийноқларга тутилар экан, инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи халқаро ташкилотлар шоирга нисбатан қийноқларни тўхтатиш ва уни зудлик билан озодликка чиқаришни сўраб бонг урмоқда. Кеча халқаро инсон ҳуқуқларини кузатиш “Human Rights Watch” ташкилоти тарқатган баёнотда айни фикрлар илгари сурилган.

Баёнотда айтишилишича Юсуф Жумага нисбатан мунтазам руҳий ва жисмоний қийноқлар қўлланилмоқда. Унинг соғлиғи жуда ёмонлашган. Шоир қамоқхона ошхонаси устида жойлашган иссиқ камерада сақланмоқда.

Инсон ҳуқуқларини кузатиш халқаро ташкилоти шоирни азобга солингани ҳақидаги маълумотларни дарҳол текширишга ва унинг ўзини зудлик билан озод этишга чақиради.

Шу пайтгача шоир Юсуф Жумани озод этишга чақирувчи кўплаб мурожаатлар қилинган ва норозилик акциялари ўтказилган. Афсуски бу чақириқлар шу пайтгача аниқ натижа бергани маълум эмас. Сабаби Юсуф Жума шахсан президент Ислом Каримовнинг душмани сифатида кўрилади.

Ўтган ҳафта шоирнинг турмуш ўртоғи ва фарзандлари “Бирдамлик” ҳаракати билан ҳамкорликда АҚШдаги бир қанча мамлакатлар, шу жумладан Ўзбекистон элчихонаси олдида норозилик пикетлари ўтказишди. Ўзбекистон элчихонаси вакили илк бор шоир яқинлари билан учрашиб уларнинг талабларини албатта ҳукуматга етказишга ваъда берди. Бу учрашув шоир билан боғлиқ вазият бир қадар юмшаётгандек таассурот уйғотганди.

Мамлакат фуқароларини оддий сўзлаш ҳуқуқидан маҳрум этган, фақат куч ва босим остида жамиятни қўрқувда ушлаб келаётган Каримов ҳукуматига қарши фақат сиёсий босимлардан фойдаланиш самара бериши мумкин.

Юсуф Жума оила аъзолари АҚШда узлуксиз пикетлар бошлади, бу акцияни Ғарб ва Европа мамлакатларидаги Ўзбекистон элчихоналари олдида ҳам уюштириш, шу йўл билан дунё жамоатчилиги эътиборини Юсуф Жумага қаратиш мумкин. Мамлакатдан ташқарида фаолият кўрсатаётган ўзбек мухолифати ва ҳуқуқ ҳимоячилари Юсуф Жума озодлиги учун бирлашсалар, бу миллат озодлиги йўлида ташланган бир қадам бўлиб қолар эди.

www.yangidunyo.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares