2009 йил-“Қишлоқ тараққиёти
ва фаровонлиги йили”
Жиззах вилояти, Зарбдор туманида жойлашган, бир вақтлар чўлқуварларнинг маъмарий маркази бўлган Бўстон шаҳарчаси ўзининг меморий қурилиши жиҳатидан вилоятдагина эмас, балки республикада ҳам гўзал масканлардан бири ҳисобланарди. Мустақилликка эришганимиздан кейин мол-мулкни хусусийлаштириш тадбирлари бошланди. Тўғриси, бундан “учар” тадбиркорлар унумли фойдаландилар.
Улар қатор объектларни хусусийлаштириб олганларидан сўнг, унда тадбиркорлик ишларини амалга ошириш ўрнига, бу объектларни бузиб, материалларини ташиб олиб кетдилар. Шаҳарчада бундай хораб қилиш ишлари салкам ўн йил давом этди. Шаҳарча фуқоралар йиғини ва ундаги 3 та маҳалла бу гўзал масканни ривожлантириш у ёқда турсин, ҳеч бўлмаса аввалги ҳолида сақлаб қолиш учун жон куйдирмадилар.
Шаҳарчани хораб қилаётган тирноқ ичидаги тадбиркорларнинг ноқонуний ишларига маҳалла раислари ва котибларининг тамошабин бўлиб турганликлари тушунарсиз эди. Шаҳарчага кирадиган учта йўлнинг Ўсарбой Хўжабеков номи билан аталган марказий кўча бошида “Чўл гули” номли гумбазсимон гўзал ошхона ўзининг ташқи меъморий кўриниши билан шаҳарчага кўрк бағишлаб турарди.
Уни хусусийлаштириб олган шаҳарчанинг ҳурматли оқсоқолларидан бири, ҳожи бобомиз, ошхонани ижарага олиб, одамларга беминнат хизмат қилиб келаётган кишиларнинг муносабатидан қониқмади шекилли, уларнинг жавобини бериб, аввал бинонинг гумбазини ағдарди, сўнгра қолган қисмини вайрон қилди. Муҳтарам ҳожи бобомиз у ердан нима қидирганлиги бизга ноъмалум.
Аммо у кишининг гўзал бинони вайрон қилиб, “Ҳожи бобонинг очиқ мозори” деган ёқимсиз номга эга бўлганлиги рост. Бундай кўргуликлар бундан олдин иқтидорли болалар ва ҳайдовчилар тайёрлаш мактаблари ҳам бошига тушганди. Ўнлаб хоналарга эга бўлган иккита бу ёғоч барак биносини хусусийлаштириб олганлар уни ер билан битта қилиб, ёғочларини ташиб кетдилар.
Агар бу бинолар ҳақиқий тадбиркорларнинг қўлига тушганида эди, халқ манфаати учун хизмат қилиши муқаррар эди. Шаҳарчада бузиш ишлари жадал давом этди. Собиқ “Жиззахчўлқурилиш” ҳудудий бошқармасининг улкан автомабил саройидан тадбиркорлар турли соҳаларда фойдаланишга уриниб кўрдилар. Биттаси шакар цехи очмоқчи бўлди.
Иккинчиси макарон ишлаб чиқарадиган цех қуришга бел боғлади. Натижа чиқмади. Фақат учинчи тадбиркоргина бу ишни қойилмақом қилиб уддалади. У корхона қуриб, маҳсулот ишлаб чиқараман деб бошини қотириб ўтирмади. Ҳайҳотдай иншоотни вайрон қилиб бузди-да, материалларини кўчириб олиб қаёққадир ташиб кетди. Бир вақтлар шаҳарчанинг
“Шодлик” маҳалласи ҳудудида салкам 4 минг хўжалик хонадонларини иссиқ сув билан таъминлайдиган қозонхона (Котельний)ни вақти келиб шаҳарчадаги Ш.Рашидов номидаги 1-умумтаълим мактаби балансига ўтказишди. Чунки Бўстон шаҳарча уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси тугатилган эди. Қозонхонани ишлатиб, синфхоналарга иссиқлик беришнинг уддасидан чиқишга кўзи етмаган мактаб раҳбарлари қозонхонани қаровсиз қолдирдилар.
Унинг баланд трубасини эса қирқиб олишиб, Ровот қишлоғидан Бўстонга кераётган тоза ичимлик сувининг яроқсиз ҳолга келиб қолган қувури ўрнига улаб юборишди. Шаҳарчанинг “Дўстлик” маҳалласидаги икки қаватли маҳобатли универмаг биносини кимдир хусусийлаштириб олиб озроқ ишлатди. Кейин универмаг бир неча йиллар ҳаракатсиз турди.
Сўнгра уни бошқа биров сотиб олиб, бузишни бошлаб юборди. Вақтида кунига юзлаб харидорларнинг эҳтиёжини қондирадиган универмаг биноси ер билан битта бўлди. Универмаг шунчалик мустаҳкам қурилган эканки, унинг фундаментини қўпоришга ҳаракат қилган булдозернинг бели синиб кетди. Ваҳоланки ушбу бинони ажойиб тўйхонага айлантирса бўларди.
Чунки шаҳарчада туй-ҳашамларни ўтказадиган биронта жой йўқлигидан тўй эгаси базмни ўтказиш учун Жиззахга чопади. Тўй эгасининг ҳурматини қилиб, камида 20-25 километр йўл босиб Жиззахга базмга бориб келиш кўпинча нақ ташвишнинг айланади. Шаҳарчадаги “Шодлик” маҳалласи ҳудудидаги савдо маркази бошига ҳам шундай қора кунлар тушди.
Бу ердаги замонавий лойиҳада қурилган саноат моллари ва озиқ-овқат дўконларини омборхонасига қўшиб вайрон қилишди. Биноларнинг том қисмидаги шиферларини ва материалларини кўчириб олишиб, аллақаёқларга ташиб кетишди. Пишиқ ғиштдан бўлган деворларини ҳам қулатишди. Шаҳарчанинг фахри бўлган ажабт овур савдо маркази чолдеворхонага айланди.
Тадбиркорларнинг бундай йўл тутганликларини аҳоли ҳанузгача тушуна олганликлари йўқ. Бўстон ишчилар таъминоти бўлимининг ҳайхотдай бир нечта биноларини бошқа бир ҳожи бобо сотиб олган эди. Ҳожиларни нима жин урди билмадик, у киши ҳам ҳозир биноларнинг томидаги шиферларини бирма-бир қўпоришга тушди. Шу ерда қишки сабзавот ва полиз маҳсулотларини сақлашга мулжалланган улкан ер ости омборхонаси мавжуд эди.
Омборхонанинг усти бир неча метр тупроқ қатлами билан ёпилиб, ичида бир меёрда муътадил ҳаво даражаси ҳосил қилинган эди. Аввалига одамлар тупроқнинг уруғига ўт тушгандек, омборхонанинг устидаги тупроқни ташиб кетиб ўз эҳтиёжлари учун ишлатдилар. Кейин уни кимдир хусусийлаштириб олдид-а, катта бетон блокларини қўпориб, қаёққадир ташиб кетди.
Бундай вайронагарчиликларга “до-д-д” дегинг келиб кетади. Бирон киши уларнинг мушугини “пишт” демади-я. Энди шаҳарчанинг бошқа томонига ҳам назар солсак. Ташвишли ҳолдатлардан яна биттаси шаҳарчага кўрк бағишлаб турган мингларча дов-дарахтларнинг “сув йўқлигидан қуриб қолди” баҳонасида аёвсиз кесилиб кетганлигидир.
Бу кесилган дарахтлар молхона, ошхона ва бошқа турли-туман қурилишларга материал бўлиб, шаҳарча кўркига путур етказа бошлади. Икки қаватли бинолар ёнида турли кўринишларда қурилган режасиз бинолар “дом”ларни чирмовуқдай ўраб олиб, ёқимсиз маназара кашф этганди. Энг ачинарлиси, маҳалла раислари бундай ўзбошимчаликларга чек қўйиш ўрнига, режасиз қурилишларни материал билан таъминлашга ўз ҳиссаларини қўшдилар.
Бундан анча йиллар илгари шаҳарчага Янги Бўстон қўрғонидан ўтадиган каналдан лоток ариқлар орқали оқар сув келтирилган эди. Сув шаҳарчага кираверишда ўрнатилган мотор ёрдамида темир қувурлар орқали шаҳарчанинг чекка- чеккасигача ети бориб дов-дарахтларга кўрк бағишлаб турарди. Кейин эса нархи миллион сўмдан ортиқ бўлган мотор бир кечада ғойиб бўлди.
Гумдон қилинган мотор тақдири билан шуғулланадиган шоввоз шаҳарчада топилмади. Кейин янги мотор ўрнатишди. Аммо мотор бир кун ҳам ишламасдан ғойиб бўлди. Кейин сув танқислиги юз бериб канал сувининг шаҳарчага келиши барҳам топди. Биз “эгасиз шаҳарча” иборасини кўп ишлатдик. Хўш, шаҳарча эгасизмиди? Қаёқда дейсиз?
Шаҳарчанинг эгасиман деб кўкрагига муштлаб юрганлар илгарилари ҳам бор эди, ҳозир ҳам бор, бундан кейин ҳам бўлади. Аммо улар “мен сенга тегмайман-сен менга тегма” қабилида иш тутишиб, ҳамма нарсада муроса йўлига ўтиб иш тутдилар. Натижада шаҳарча тобора харобаликка юз тута бошлади. Муҳтарам маҳалла раислари “ҳашарга борсам нетади,
ирғалсам куним ўтади”қабилида ишлаб, ҳар куни камида бир-икки марта бўладиган йиғилишларга канда қилмай бориб туришди. Лекин тўй-ҳашамларда, базмларда доимо ҳозир-у, нозир эдилар. Хуллас шаҳарчани капитансиз кемага қиёс қилса бўларди. Бошқарувчисиз қолган кема денгиз уммонида тўғри келган томонга кўз – кўрона сузиб бораётгандек эди гўё.
Бахтимизга муҳтарам президентимиз 2009- йилни “Қишлоқ тараққиёти ва фаравонлиги йили” деб эълон қилди-ю, шаҳарчамизда аҳвол юз фойиз ижобий томонга ўзгарди. Шаҳарчамиз силкиниб, ўзига зарпечакдай ёпишиб олган режасиз қурилишлардан халос бўла бошлади. Туман ҳокими ҳам ўзгарди. Янги раҳбар Эргаш Ғайбуллаев биринчи бўлиб озодалик ва ободонлаштиришга эътибор қаратди.
У кишининг ёрдами билан шаҳарчадаги “Шодлик” маҳалласига қарашли “Мустақиллик” даҳасида 7 йилдан бери тўпланиб қолган ахлат чиқиндилари ташиб чиқариб ташланди. Ҳашарга вилоятларо “Мирзачўл” бирлашмасининг сув тармоқлари бошқармаси ўз техникалари билан ёрдамга келди. Даҳа салкам 138 тележка ахлат чиқиндиларидан тозаланди.
Шаҳарчада ҳали юзлаб тонна ахлат чиқиндилари тўпланиб қолганки, уни чиқариб ташлаш учун ҳам ҳокимликнинг мадади керак бўлади. “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили” қишлоқларимизга янги ва гўзал қиёфа бахш этиши шубҳасиз. Қишлоқларимизга саноат, маиший хизматларнинг турли-туман турлари кириб келиб, ҳаётимизни янада фаровонлаштириши аниқ.
Одамлар бу йилни юқори кайфият билан кутиб олиб, зўр кўтаринкилик билан ўз масканларини обод қилмоқдалар. Аммо маҳаллий мулозимларнинг эътиборсизлиги туфайли тирноқ ичидаги тадбиркорларнинг шаҳарчада амалга оширган вайронагарчиликлари анча вақтгача ўчмас доғ бўлиб қолиши, юз миллионлаб маблағ сарф қилиб бундай бино ва иншоотларни қайтадан тиклаш ортиқча меҳнат талаб қилиши юракка хижиллик солиб туриши ёмон-да.
Абулфайз БАРОТОВ.



