Бу сафар ҳам биз Сирдарё вилояти Оқ олтин тумани ҳокими К.Сулаймонов тўғрисида, ғалла режасини ортиғи билан бажарган, аммо ўзига ҳеч вақо ололмаган фермерларнинг дил сўзларини ёритишга ахд қилдик. Дастлаб Оқ олтин тумани “Андижон” ҳудуди “Элмуродов Сайдалим” фермер хўжалиги бошлиғининг изтиробга тўла сўзларини келтириб ўтсак.
“Мен, 1946 -йилда туғилганман, ёшим 63 да бўлиб, пайғамбар ёшига етганман. Аммо шу ёшга етиб бировни алдаган инсон эмасман. 15та фарзандим бор, уларнинг тўққизи киз, олтиси эса ўғил. Бундан ташқари олтита неварам бор. Ўзим умр бўйи қишлоқ хўжалигида механизатор бўлиб ишлаб келдим. Фермерлигим 2005 -йилда ташкил қилинган ҳар йили ҳокимият томонидан белгилаб берилган
ғалла ва пахта режаларини ортиғи билан бажариб келаман. Жумладан 2008- йил ҳосили бўйича ғалла режасини 107,4%га, пахта режасини 113,1% га бажаришимга қарамай, Оқ олтин тумани ҳокимининг 2008 -йил 30 октябрдаги 1107-сонли қарорига биноан ер участкасини ижарага олиш шартномаси бекор қилиниб, ер майдонларимиз бошқа фермер хўжалигига қўшиб юборилди.
Фаолиятимиз жараёнида давлатдан дебитор-кредитор қарздорлигимиз мавжуд эмас, бундай ҳолат туман миқёсида камдан кам топилади. Чунки давлатдан 90-100 миллионлаб қарздорлиги мавжуд бўлган туманда менга ўхшаганлар эътибордан четда қолган. Мавжуд ер майдонимизнинг 10 гектарига 2009- йил ҳосили учун ғалла маҳсулоти экилган бўлиб, ер майдонларимиз олиб қўйилганида туман ҳокими
К.Сулаймонов биз каби ери олиб қўйилган фермерларни йиғиб, “экилган ғаллаларингизга ҳеч ким эгалик қилмайди, парваришни қилаверинглар, етиштирганларингдан кейин режани топширсаларинг, ошиқчасини уйларингга тўкиб беришда ўзим бош бўламан, ҳеч хавотир олманглар, буни сизларга мен айтяпман, чин ҳокимлик сўзим» деб катта ваъдалар берганига ишонибмиз…
Оила аъзоларимиз билан тинимсиз меҳнат қилиб, ғаллани минг машаққатлар билан етиштирдик, 2009- йил 25 июнь куни далага комбайн тушиб, ғалламизни ўриб чиқди. Давлат режасини 120%га бажардик, аммо 2 гектарча майдондаги ғалла режадан ортиғи бўлиб ўзимизга тегишлиги муқаррар бўлишига қарамай, комбайинга назоратчилик қилаётган
Оқ олтин туман ИИБ ходими милиция катта лейтенанти Раҳманов Олим, тожикча таллафуз билан “ғаллани охиригача ўромиз, сен бу ерда ҳеч ким эмассан, фақат маҳсулот етказиб берувчи ишчисан, шартнома-партномангни билмайман, ким билан тузган бўлсанг шунинг олдига бориб, кунжала еб тириш, менга ҳоким ҳаммасини ўросон, деб буйруқ берган”, дея дўқ-пўписа қилиб, ер майдонини ўришга ҳаракат қилди.
Комбайн олдига бола-чақаларимни тизиб кўяман десам, бола-чақангни ҳам босиб-янчиб, ғаллага қўшиб ўриб кетаман деди. Оқ олтин туман ҳокими К.Сулаймонов олдига борганимда, “ер майдонини қўшиб олган фермер режасини бажармаса қолган ғаллани ҳам ўриб оламиз”, деб жавоб берди. Шунда унинг берган ваъдаларини эслатдим, у эса қўлини елкамга қўйиб,
кулганча “эй содда инсон, шундай қилиб, катта ваъдалар бериб, сенларни ишлатмасам, ҳоким бўлиб нима қилдим, роса содда экансиз, йигит айтадиям, қайтадиям буни билмайсизми?” деб жавоб берди. Мен ахир бутун оила аъзоларим билан у ерда пешона тери тўкиб меҳнат қилдик, эртага оилам нима ейди, деган саволимга жавобан “бундайлар битта сиз эмассиз, қолганлар нима еса, сизлар ҳам шуни ейсизлар,
менга деса кессак ғажимайсизларми, сенлар билан нима ишим бор, фуқаролар манфаатидан кўра менга план афзал” деб жавоб қилгач тарвузим қўлтиғимдан тушиб қайтдим…”.Оқ олтин тумани ҳокими К.Сулаймоновнинг “йигит ҳам айтади, ҳам қайтади” деб рўй-рост айтгани, шунингдек фуқаролар “кессак ғажиса ҳам” иши булмай, фақат планни устун қўйиши юқоридаги раҳбарларга ҳам маъқул келса керак.
Шунинг учун ҳам оддий фуқароларнинг мурожаатлари кўрилмай жавобсиз қолиб кетишини туман ҳокимининг жавобидан кейин тўғри тушуниш мумкин. Яна ким билади, пайғамбар ёшига етган фермер Элмуродов Сайдазим ёлғон гапирмаса керак? Аслида-ку йигит гапидан қайтмайди, қайтдими демак йигитликка даъво бекор, хоҳ у энг теппада ўтирган бўлсин, хоҳ нисбатан пастроқда, ахир йигит дегани ҳамма жойда ҳам йигит бўладида, нима дедингиз?..
“Бирдамлик” ҳаракати Сирдарё бўлими матбуот маркази.



